12.02.2015

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИ — 2015

СИРДАРЁ

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 8-Сирдарё округ сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда участка сайлов комиссияларининг шахсий таркиби тасдиқланди.

Сирдарё вилоятида Президент сайловини ўтказиш учун 260 та участка сайлов комиссияси ташкил этилган. Мазкур сайлов участкалари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар, маҳалла биноси, қишлоқ врачлик пункт­лари, турли корхона ва ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жойлашган.

— Президент сайловида вилоятимиздан 513 минг 100 нафар сайловчи иштирок этади, — дейди округ сайлов комиссия раиси ўринбосари Аҳмадали Шерназаров. — Айни пайтда мазкур сиёсий тадбирни юқори савияда ўтказиш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу кунларда участка сайлов комиссия­ларининг иш режаси ва навбатдаги муҳим вазифалар белгилаб олинмоқда.

ХОРАЗМ

Урганч шаҳрида бўлиб ўтган 12-Хоразм округ сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида маҳаллий кенгашлар томонидан участка сайлов комиссиялари аъзолигига кўрсатилган номзодларнинг сайлов қонунчилигидан хабардорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Президент сайловини миллий қонунчилигимиз талаблари асосида, ошкоралик, холислик ва адолатлилик тамойилларига риоя қилган ҳолда ўтказиш участка сайлов комиссиялари зиммасига катта масъулият юклайди. Шу боис участка сайлов комиссиялари раислари учун ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Мажлисдан сўнг оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ўтказилди. Унда 12-Хоразм округ сайлов комиссияси раиси Отабой Раҳимов амалга оширилган ишлар бўйича ахборот берди ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

БУХОРО

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 3-Бухоро округ сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида округ сайлов комиссияси аъзолари, Марказий сайлов комиссияси вакили ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда ҳудудда мавжуд 500 та сайлов участкаларида сайловчилар, асосан, биринчи марта Президент сайловида иштирок этаётган ёшлар ўртасида тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш масаласи кўриб чиқилди.

— Вилоятимизда 280 минг нафардан ортиқ илк бор Президент сайловида иштирок этадиган ёшлар бор, — дейди округ сайлов комиссияси матбуот маркази раҳбари Акбар Рустамов. — Ҳозирда жойларда сайлов участкаларининг моддий-техник таъминоти, сайловчиларнинг овоз бериши учун қулайликлар яратиш билан боғлиқ ташкилий ишлар амалга оширилмоқда. Сайловга тайёргарлик кўриш жараёнларидан жамоатчиликни хабардор қилиб бориш, аҳоли, айниқса, сайловда биринчи бор қатнашадиган ёшларнинг бу борадаги билимини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Мажлисда округ сайлов комиссияси аъзоларини шаҳар ва туманларга бириктириш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилиниб, комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Аҳмад ЮСУПОВ тайёрлади.

 

Сайловга тайёргарлик ишлари тўғрисида таҳририятимизга хабар қилсангиз, миннатдор бўламиз.

тел.: (0-371) 233-10-13, 233-65-45 info@uzbekistonovozi.uz




DB query error.
Please try later.