12.02.2015

АҲОЛИ ОМОНОТЛАРИНИ ЖАЛБ ҚИЛИШ

бўйича энг фаол тижорат банклари тақдирланди

Республика Марказий банки томонидан Банклар ассоциациясида аҳолининг омонатларини жалб қилиш бўйича тижорат банклари ўртасида ўтказилган танловнинг 2014 йилдаги ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда 26 тижорат банкининг 846 филиали, 4200 мини-банки ҳамда уларнинг махсус кассалари иштирок этди.

Республика Марказий банки раиси Файзулла Муллажонов тадбирни очар экан, Президентимизнинг «Аҳолининг омонатларини жалб қилиш бўйича республика тижорат банклари ўртасида танлов ўтказиш тўғрисида»ги Қарори молия муассасаларини янада ривожлантириш, аҳолининг бўш пул маблағларини депозитларга жалб этишда банклар учун муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, буни аҳолининг омонатга қўйилган маблағлари барча турдаги солиқлардан озод қилингани, уларнинг манбалари декларация қилинмаслиги ҳамда омонатларнинг қайтарилиши давлат томонидан кафолатлангани билан боғлиқ имтиёзлар туфайли банклардаги депозитлар ҳажми ошиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.

Бугунги кунда мамлакатимиз тижорат банклари миллий ва чет эл валютасида чекланмаган миқдорда 250 дан ортиқ омонат турини аҳолига таклиф этмоқда. Қолаверса, 2014 йилда тижорат банкларидаги аҳоли омонатлари 2013 йилдагига нисбатан 30,8 фоизга ошган.

Бундан ташқари, Президентимизнинг «Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги омонатларини ҳимоялаш кафолатларини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, миқдоридан қатъи назар, фуқароларнинг тижорат банклари депозит ҳисобварақларидаги омонатлари тўла ҳажмда қоплаб берилиши кафолатланган.

Танловда тижорат банкларининг 2014 йилда аҳолининг бўш пул маблағларини омонатларга жалб қилиш борасидаги фаолияти турли номинациялар бўйича баҳоланди. Хусусан, «Асака» давлат акциядорлик тижорат банки аҳоли омонатларни жалб қилиш бўйича 2014 йилнинг энг яхши банки, деб топилди. Иккинчи ўринни Ўзбекис­тон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки эгаллаган бўлса, учинчи ўринга «Ипотека-банк» акциядорлик тижорат банки лойиқ топилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.




DB query error.
Please try later.