10.02.2015

МАМЛАКАТ УСТУНИ

Ҳазрат Алишер Навоий ўз ҳаётини халқимиз илм-фан ва санъатни ривожлантиришга, мамлакат равнақи, халқимизнинг тинч-тотув яшаши ҳамда давлат қудратини мустаҳкамлашга бағишлади. Султон Ҳусайн Бойқаро ул зотни «мамлакат устуни» деб бежиз айтмаган.

Бу икки улуғ зот дўстлиги жаҳон давлатчилиги тарихидаги ноёб ҳодисалардан бири ҳисобланади. Навоийнинг шундай байти бор:

Ҳилму адаб гарчи эрур дилпазир,

Қаҳру сиёсат ҳам эрур ногузир.

Мазкур мисраларнинг мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, унда идеал ҳукмдор бағрикенг ва меҳрибонлик билан бирга принципиал ва қаттиққўл бўлиши шарт эканлиги ифода этилган.

Навоийдаги бағрикенглик ва ғамхўрлик фазилатлари Султонга давлатни адолатли бошқариш учун зарур бўлган. Султон Навоий сиймосида улуғ донишмандни  кўрган. Шунинг учун ҳам Султон Навоийни бениҳоя улуғлаган ва қадрлаган. Ҳамиша уни ёнида бўлишига ҳаракат қилган. Уларнинг ҳамкорлиги давлатни мустаҳкамлаш, адолатли бошқариш, халқнинг тили, маданияти, санъати, илм-фани билан бирга мамлакатнинг мудофаа қудрати, халқаро обрў-эътиборини оширишда катта аҳамият касб этган.

Ҳазрат Навоий гарчи ҳаётининг мазмунини ижод қилишда деб билса ҳам, давлат ва халқ манфаатини,осудалигини ўйлаб, Султон ёнида туриб, муҳим давлат ишларини бажарган. Ҳазрат Навоий давлат хизматини мансаб ва обрў эмас балки одамларга яхшилик қилиш, илм-фан намоёндаларини қўллаб-қувватлаш ватан ва юрт шаънини юксалтириш йўлидаги бир имконият восита деб билди.

Афсуски, мустабид тузум даврида ҳазрат Навоий ва Султон Ҳусайн Бойқаро ўртасидаги муносабатлар қасддан нотўғри талқин қилинди. Муросасиз баҳслар туфайли шоир бир неча марта саройдан узоқлаштирилган ва ҳатто Астрободга сургун қилинган дея уқтириб келинди.

Ушбу қарашлар ҳатто чет элларда ҳам тарғиб этилди. Совет тузуми даврида Навоийнинг таржимаи ҳолини сохталаштиришга бўлган ҳаракатлар остида сиёсий мақсадлар ётарди. Чунки, Навоий фақат шоир эмас эди. У икки асрлик мўғул истибдоди даврида маданияти, тили поймол этилган буюк халқимизнинг Амир Темур томонидан барпо этилган янги давлатини мустаҳкамлаш, миллий-диний қадриятларимизни тиклаш учун онгли равишда кураш олиб борган фидойи давлат арбоби эди.

Мустақиллик шарофати ва шахсан Президентимизнинг эътибори билан охирги йилларда жаҳондаги барча қўлёзмалар фонди олимларимиз томонидан кўриб чиқилиб, Навоий асарлари тўлиқ тўпланди. Шунингдек, Навоий ҳақида илгари ёзилган барча асарлар қайта танқидий ўрганиб чиқилди ва манбалар асосида улардаги сохта хулосалар рад этилиб, Навоийнинг ҳақиқий ҳаёт йўли тикланди, унинг давлатчилигимиз тарихидаги буюк хизматлари кўрсатиб берилди. Шоир асарларининг 10 жилдлик тўла тўпламини хорижий навоийшунослар учун ҳазратнинг буюк шоир ва мутафаккир эканлигини тасдиқловчи навбатдаги ҳужжат деб айтса бўлади.

Президентимиз «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида Навоийни «авлиёларнинг авлиёси», деб таърифлади. Дарҳақиқат, биз навоийшунослар узоқ йиллар ҳазратнинг асарларини ўрганиб, унинг дунёсига кириб бориб, Навоийнинг ҳақиқий валий эканлигига кўп исботлар топганмиз. Навоийда ҳақиқий авлиёларга хос покдоманлик, камсуқумлик ва тақводорлик, теран фалсафий мушоҳада ва каромат мавжуд бўлган ва энг асосийси, у ўзининг бу дунё­даги улкан илоҳий вазифаси — юксак инсоний қадриятларни куйлаш, эзгуликни тарғиб этиш ва халқларни тинчликка чақиришга бутун ҳаётини бағишлади.

Биз шундай улуғ бобокалонимиз борлиги билан ниҳоятда фахр­ланамиз. Шундай фарзанди номини, унинг асарларини асраб-авайлаб, давр ва замонлар синовларидан эсон-омон олиб ўтган ва қалбида сақлаган буюк халқимизга таъзим қиламиз.

 

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

 




DB query error.
Please try later.