10.02.2015

«ХАБЕАС КОРПУС» ИНСТИТУТИ — ШАХС ДАХЛСИЗЛИГИНИНГ КАФОЛАТИ

Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида истиқлол йилларида  мамлакатимизда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида эришилган улкан ютуқлар қатори суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилган изчил ислоҳотларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Мазкур йиғилишда таъкидланганидек, «Дастлабки тергов ва суриштирув жараёнида фуқароларнинг процессуал ҳуқуқларига риоя этилиши устидан суд назоратини кучайтиришга доир комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Судда жиноий ишларни кўриб чиқишда қонунийлик, адолатни таъминлашнинг ушбу самарали механизмини изчил ривожлантирган ҳолда, «Хабеас корпус» институтини қўллаш доираси кенгайтирилди».

Мухбиримиз Тошкент давлат юридик университети жиноят-процессуал ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси, юридик фанлар номзоди Сурайё РАҲМОНОВА билан шу ҳақида суҳбатлашди.

— Суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янада чуқурлаштиришнинг туб мақсади фуқаролар шахсий эркинлиги кафолатлари ҳаққоний амалга оширилиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратишдир, — дейди суҳбатдошимиз. — Инсоннинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлигига бўлган муносабат, унинг ҳуқуқий ҳимоя­ланган­лигининг юқори даражаси — мамлакатда суд ҳокимияти шахс ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш функциясини самарали амалга ошираётганлигида кўринади.

Бунга қатор мисоллар бор. Масалан,  Президентимизнинг «Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ 2008 йил 1 январдан қа­моққа олишга санкция бериш ҳуқуқи суднинг ваколатига ўтказилиши тарихий воқеа бўлди.

Маълумки, қамоққа олиш шахснинг эркинлигини чегаралаш билан бевосита боғлиқ ва шу сабабдан мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг 19, 25 ва 44-моддаларига асосан айнан суд тартибида амалга оширилиши зарур. Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши жиноят содир этганликда айбланаётганларга судгача бўлган тергов босқичида мазкур эҳтиёт чорасини қўллашда суд ҳимоя­си ҳуқуқини таъминлайди.

«Хабеас корпус» институтининг жорий этилиши, яъни 2008 йилдан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокурордан судга ўтказилиши принципиал қадам бўлди. Ушбу қарорнинг ўз вақтида ва пухта ўйлаб қабул қилингани бугунги кунда ҳаётда ўз исботини топмоқда.

Суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш масалалари жиноят ишлари юритувининг судга қадар босқичларида суд назоратини кенгайтиришни, хусусан, лавозимдан четлаштириш ва тиббий муассасага жойлаштириш каби процессуал мажбурлов чораларини қўл­лашда татбиқ этилишини тақозо этди.

2012 йилнинг 18 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг айрим нормаларига, шу жумладан, 29 ва 31-бобларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, эндиликда лавозимдан четлаштириш ва тиббий муассасага жойлаштириш каби процессуал мажбурлов чоралари  фақат судьянинг санкцияси асосида қўллаш тартиби қонунан мустаҳкамланди.

Мазкур жиноят процессуал чоралари фуқаролар конс­титуциявий ҳуқуқ ва эркинликларини жиддий равишда чеклаши сабабли уларнинг қўлланилишининг қонунийлиги ва асослилигини таъминловчи ишончли процессуал ҳуқуқий кафолатлар талаб этилади. Процессуал мажбурлов чоралари қўлланилишида фуқаролар ҳуқуқларининг чекланиши нечоғлик ҳақиқий зарурат билан талаб этилиши муҳим аҳамият касб этадиган ҳолатлардан биридир. Зеро, жиноят ишлари юритувининг вазифалари шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ниҳоятда кам даражада чеклаш орқали амалга оширилиши зарур.

— Лавозимдан четлаштириш ва тиббий муассасага жойлаштириш процессуал мажбурлов чоралар қандай ҳолатларда ва қай шароитда қўлланилади?

— Жиноят-процессуал қонунчиликка биноан, башарти айбланувчи, судланувчи ўз иш жойида қолса, у жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга, жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплашга тўсқинлик қилади ёки жиноий фаолиятини давом эттиради, деб ҳисоблашга етарли асослар бўлса, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд уни лавозимидан четлаштиришга ҳақлидир.

Шу билан биргаликда, эътиборда тутиш лозимки, лавозимдан четлаштирилган шахс жиноят содир этишда гумон қилиниб, айбланмоқда, аммо ҳали айбдор шахс эмас. Зеро, айбсизлик презумпциясига биноан, шахс унинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан исботланмагунга қадар айб­сиз ҳисобланади.

Афсуски, дастлабки тергов хатоларга йўл қўйиш ва совуққонлик ҳолатларидан кафолатланмаган. Бунинг оқибатида эса шахсга нисбатан лавозимдан четлаштириш процессуал мажбурлов чорасининг нотўғри қўлланилиши эҳтимоли ошади. Натижада фуқаронинг меҳнат фаолиятини эркин амалга оширишга (ҳамда меҳнат учун ҳақ олишга) бўлган конституциявий ҳуқуқининг бевосита бузилиши юзага келади. 

Шунингдек, қонунга биноан, суриштирув ва дастлабки тергов даврида суд-тиббиёт ёхуд суд-психиатрия экспертизасини ўтказишда стационар кузатув зарурати бўлса, айбланувчи ёки судланувчига нисбатан, башарти улар озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятни содир этишда айбланаётган бўлсалар-да, тегишли тиббий муассасага жойлаштириш процессуал мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин. Хусусан, бунга розилигидан қатъи назар, шахс тиббий муассасага жойлаштирилиб, унинг шахсий дахл­сизлик ва эркин ҳаракатланиш ҳуқуқлари чекланади.

Ана шуларни инобатга олиб, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини суриштирув ва дастлабки тергов даврида чекловчи барча процессуал ҳаракатлар устидан назорат айнан суд томонидан амалга оширилиши зарур. Зеро, жиноят ишлари юритуви субъектлари ичида фақат судгина айбловдан манфаатдор эмас ва ҳеч қандай тергов механизмларига тобе эмас. Суднинг тергов қонунийлигига солган назари ўзининг табиатига кўра, холис ва адолатлидир.

Суднинг холислиги яна шу билан ҳам белгиланадики, судга қадар иш юритувида суд функцияси доимий характерга эга эмас, унинг таъсири судга суриштирувчи, терговчи ва прокурорнинг муайян процессуал ҳаракатлари устидан шикоят қилишда ёхуд у ёки бу процессуал ҳаракатни ўтказишга суд томонидан рухсат берилишида намоён бўлади.

Суд назорати эса судга қадар босқичларда тортишув принципининг реал таъминланишига, процесс иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишига ҳамда тергов хатоларини ўз вақтида аниқлаб бартараф этилишига хизмат қилади. Энг муҳими, мазкур инс­титутнинг татбиқ этилиши шахс эркинлигини ҳимоя қилиш борасида умумэътироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормаларини амалда таъминланишини кафолатлайди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Равшан ШОДИЕВ суҳбатлашди.




DB query error.
Please try later.