07.02.2015

ХАЛҚИМИЗНИНГ ИСЛОҲОТЛАРГА МУНОСАБАТИ

ва сиёсий партиялар фаолияти ҳақидаги хулосаси сайлов жараёнларида яққол намоён бўлади

29 март куни мам­ла­катимизда муҳим сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Маълумки, Марказий Сайлов Комиссиясининг Қарорига мувофиқ, Сайлов кампанияси 2014 йил 26 декабрдан бош­ланди. айни кунларда барча ҳудудларда сайловга тайёргарлик жараёнлари ҳал қилувчи паллага кириб бормоқда.

Гап шу ҳақда кетганда, дастлаб бир масалага тўхталиш ўринли, назаримизда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини қарор топтириш йўлидаги ислоҳотлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда, ҳаётимизда уларнинг самаралари яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, фуқароларнинг давлат бош­қарувини ташкил қилишда иштирок этиш ҳуқуқини кафолатловчи сайлов тизими янада такомиллаштирилди, қонунчилик асослари мустаҳкамланди. Умуман олганда, фуқароларга сайловда ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, мамлакатнинг олий органларига вакилларини сайлаш, номзодларга овоз беришда қулай имконият яратилди.

Бу борадаги ислоҳотларнинг самаралари шунда кўринмоқдаки, юртимиздаги ҳар бир одамнинг ўзига, келажакка, умуман, ҳаётга муносабати ўзгариб бормоқда. Бугун мамлакатимизда ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти бунёд этилаётгани ҳақида ҳар бир фуқаро мустақил фикрига, тасаввурига эга. Лекин шуниси борки, ислоҳотлар, тушунча ва тасаввурлар ҳам ҳеч қачон бир жойда қотиб қолмайди. Акс ҳолда, тараққиёт секинлашади. Ислоҳотларнинг бугунги босқичида фуқароларнинг фаоллиги, масъулияти янада ошиши тақозо этилмоқда.

Шу ўринда савол туғилади: фуқароларнинг фаоллиги, талабчанлиги, маданияти юксалгани нималарда кўринади? Бу фазилатлар, аввало, халқ тақдири, мамлакат ҳаёти ва яқин келажагидаги муҳим воқеа — Президент сайлови жараёнларида намоён бўлади, десак, асло хато бўлмайди. Чунки инсон мамлакат раҳбарлигига муносиб номзодни танлаш масаласи ҳақида фикр юритар экан, у, биринчи навбатда, халқимиз келажаги, юртимиз истиқболи ҳақида ўйлайди, жамият миқё­сида фикрлайди. Ўзининг ҳаётдаги ўрнини, танлови ва овозининг аҳамиятини тушуниб етади. Демак, Президент сайлови нафақат сиёсий жиҳатдан, шу билан бирга, ижтимоий-маънавий нуқтаи назардан ҳам муҳим воқеадир. 

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга. Фуқароларнинг ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволи, ирқий ёки миллий мансублигига, маълумоти, тили, динга муносабатига, машғулот тури ва хусусиятига қараб сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарз­да бевосита ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди. Бу қонунчилигимизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатланганини кўрсатиб турибди.

Демак, асосий масала сайловга оид жараёнлар қай даражада ташкил этилишига, тарғибот-тушунтириш ишларининг самарадорлиги қандай бўлишига боғлиқдир. Хўш, ана шу масалалар бў­йича депутатларнинг, партия ташкилотлари мутасаддиларининг фикр-мулоҳазалари қандай?

Шуҳрат Турсунбоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, фуқаролар мамлакат Президентини сайлаш бўйича сайловолди кампаниясида ва овоз беришда ихтиёрий равишда қатнашадилар. Овоз бериш яширин бўлиб, фуқаролар томонидан бевосита амалга оширилади ва уларнинг хоҳиш-ирода билдириши устидан назорат этиш тақиқланади.

Сайловда иштирок этиш ор­қали фуқаро қайсидир номзодни қўллаб-қувватлаш билан бирга, ўз фикри, нуқтаи назари асосида номзодларни кўрсатган сиёсий партиялар фаолияти ҳақида ҳам хулосасини билдиради.

Шу маънода, сайловни юксак савияда, уюшқоқлик билан ўтказиш учун барчамиз бирдек масъулмиз. Шунинг учун Президент сайлови билан боғлиқ тадбирларни ўтказишда партиянинг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлар фаол иштирок этиши талаб этилади.

Бу ўринда бир нарсани асло унутмаслигимиз керак. Биз ўтказаётган сайловолди тадбирлар самарасига, сайлов жараёнларида фуқаролар, сиёсий партияларнинг фаоллик кўрсатишига қараб, дунё жамоатчилиги мамлакатимиздаги демократик ислоҳотлар равнақи, халқимиз, миллатимизнинг ­сиёсий салоҳияти ва маданияти ҳақида муносабат билдиради.     

Ҳайдар Бобохонов, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси:

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган ­воқеадир. Сайловни тегишли қонунчилик талаблари асосида, умум­эътироф этилган халқаро меъёрларга мувофиқ ўтказиш, фуқароларнинг сиёсий фаоллигини  ошириш, уларнинг сайлов қонунчилиги бўйича билимларини юксалтириш масалалари жуда долзарб. Бу сиёсий партиялар, хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. 

Шунинг учун сайловга пухта тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлашимиз керак. Ҳозирги кунларда аъзоларнинг сайлов бўйича сиёсий билими ва кўникмаларини ошириш, партиямизнинг ҳаётий ғояларини кенг тушунтириш ишлари жадал олиб бориляпти. Бу жараёнда бошланғич партия ташкилотлари фаоллигини ошириш алоҳида аҳамият касб этади. Қуйи бўғин одамлар орасида фаолият юритгани учун партиямиз дастурий мақсадларини аҳолига етказиш, уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришда катта имкониятга эга. Демак, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиздан кўрсатиладиган номзодни қўллаб-қувватлашда, сайловолди тадбирларини таъсирчан, самарали ўтказишда партиямиз бошланғич ташкилотларга суянади.

Пойтахтимизда партиямизнинг 1091 та бошланғич ташкилоти бор. Аъзоларимиз сони 34 минг 800 нафарга яқин. Бу катта куч ва имконият. Биз сайлов кампанияси вақтида ЎзХДПнинг ҳаётий дас­турини тарғиб қилиш, одамларда фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш ишларида ана шу кучдан самарали фойдаланишга, бош­лан­ғич ташкилотлар орқали одамларни мамлакатимиздаги муҳим сиёсий жараёнга фаол жалб қилишга интиляпмиз. Сайловолди тадбирлари партия фаоллари, депутатлар ва аъзоларимиз ҳамжиҳатлиги асосида ўтказилмоқда. Тадбирларда одамларнинг кўнглига, юрагига етиб борадиган фикр­лар, мулоҳазалар билдиришга, айни пайтда жамоатчиликдан таклифлар олишга, уларнинг муносабатини билишга катта эътибор қаратиляпти.

Бошланғич ташкилотлардаги тадбирларда  «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунлар ва сайлов жараёнига тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни, аҳамияти ҳақида кенг тушунча берилмоқда.

Тадбирлар давомида яна бир бора гувоҳ бўлдикки, бугун одамларда ижтимоий-сиёсий жараёнларга қизиқиш юқори. Семинарларда сайлов ва унинг аҳамияти, партия ғоялари, амалий ташаббуслари ҳақида кўплаб фикр-мулоҳазалар билдириляпти, саволлар бериляпти, таклифлар айтиляпти. Бу фақат бир нарсани — мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг самараси, тақдири сиёсий партиялар фаолиятига, тадбирлар эса замон талабларига мувофиқ виждонан олиб борилишига боғлиқ эканини англатади. Ўз-ўзидан айёнки, муҳим синов олдидан тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз, сайловчилар партиямиз ғояларини чуқур тушуниб, қўллаб-қувватлашига эришишимиз керак бўлади.

Ҳеч кимга сир эмас, демократик ҳуқуқий давлатни, кучли фуқаролик жамияти келажагини демократик сайловларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Сайловда одамларнинг фикри, дунёқараши юзага чиқади, мақсад-муддаолари акс этади. Демак, сайлов фуқароларнинг ислоҳотларга муносабатини, бу борада халқимизнинг кўнглини билишда асосий омиллардан ҳисобланади. Шундай экан, сайлов жараёнларидаги иштирокимиз, фаоллигимизга қараб, ­халқимиз партиямиз фаолиятига холис ва ҳаққоний баҳо беришини доим ёдда тутишимиз зарур бўлади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.  



DB query error.
Please try later.