07.02.2015

ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ: ЯКУН, ХУЛОСА ВА ТАКЛИФЛАР

Австралияда XVI Осиё чемпионати ниҳоясига етди. Финалда мезбонлар Жанубий Корея терма жамоаси устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, илк маротаба бош совринга сазовор бўлди. Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари ироқликларни енгиб, ўз тарихида биринчи бор бронза медали билан тақдирланди.

Осиё кубоги баҳсларида олтинчи марта иштирок этган Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса бу гал мусобақанинг чорак финал босқичигача етиб борди. Бундан тўрт йил муқаддам Қатарда ўтган қитъа чемпионатида ҳамюртларимиз кучли тўртликдан жой олган эди.

Бугун Осиё чемпионати якуни ҳақида эҳтиросларга берилмай  холис фикрлашиш, хулосалар чиқариш имконига эгамиз. Миллий терма жамоамиз совриндорлар қаторидан жой олишига нима етишмади? Қандай камчиликлар кўзга ташланди? Миллий терма жамоамизни янада кучайтириш учун нималар қилиш керак? Бу ҳақда мутахассислар, мураббийлар, мухлислар фикри қандай?...

Табиийки, мухлисларни энг аввало бош мураббий фикри қизиқтиради.

Миржалол ҚОСИМОВ, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи:

— Биз Осиё Кубоги баҳсларида ғалабага эришишни жуда истаган эдик. Ўзингиз гувоҳ бўлдингиз, имкон қадар ҳаракат қилдик. Фақат Хитой терма жамоасига қарши ўтган учрашувдан кўнглимиз тўлмади. Бироқ бошқа ўйинларда бор иштиёқни намойиш этдик. Жанубий Корея футболчилари билан кечган чорак финал баҳсида ҳам ғалаба учун курашдик. Афсуски, юзага келтирилган имкониятлардан фойдалана олмадик. Бунинг учун эса терма жамоа номидан мухлислардан узр сўрайман.

Аммо Жанубий Корея терма жамоаси билан бўлган олдинги ўйинларни охиргиси билан солиштирсак, катта фарқ борлигини кўрамиз. Бу сафар биз рақибни анча ноқулай аҳволга солиб қўйдик. Лекин гол уриш имкониятларидан фойдалана олмадик.

Осиё Кубоги биз учун катта тажриба мактаби бўлди. Бир қатор ёшларимиз — Сардор Рашидов, Жамшид Искандеров, Игорь Сергеев ва Шуҳрат Муҳаммадиевлар катта тажрибага эга бўлдилар. Бу яқин келажакда  ўз мевасини бериши турган гап.

Аксарият мухлислар Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўйинда Сервер Жепаров майдонга туширилмаганини тан­қид қилмоқда. Бу фикрга қўшила олмайман. Чунки Сервер кореялик футболчиларни яхши билгани билан, рақиб ҳам уни яхши билади. Саудия Арабистони терма жамоасига қарши ўтган учрашувда Воҳид Шодиев майдонга тушиб, гол урди. Агар у гол урмаганида, «бу ўйинчини бекорга туширди», деган гап бўларди. Аслида футболда мураббийнинг бирор қарорини олдиндан баҳолаш қийин, натижага қараб баҳо берилади.

Кейинги йилларда ўсмирлар ва ёшларимизнинг халқ­аро мусобақаларда ютуққа эришаётгани, аввало, мамлакатимиз Президенти томонидан футболга яратиб берилаётган шароит­лар туфайли деб биламан. Масалан, биз ёшлик вақт­ларимизда тайинли бир йиғин ҳам ташкил қилинмасдан, тайёргарликсиз мусобақаларга кетардик. Ҳозирги ёшлар учун эса хорижда тинимсиз йиғинлар ташкил этилмоқда. Натижада шаклланган жамоавий ўйин эвазига ютуқларга эришиляпти. Аммо токи миллий чемпионат савияси кўтарилмас экан, мақсадга эришиш жуда қийин. Олий лигага талабни кучайтириш керак. Масалан, легионерлар масаласи бизда анча ёмон. Бир вақтлар Ривалдо ўйнаган пайтда маҳаллий футболчилар ундан кўп нарса ўрганган эди. Аммо ҳозир бундай легионерлар ички чемпио­натимизда йўқ.

Австралияда ўтган Осиё чемпионати терма жамоа мураббийлари учун ҳам, футболчилар учун ҳам катта сабоқ бўлди. Унда йўл қўйган хато-камчиликларни энди такрорлашга ҳаққимиз йўқ. Чунки олдинда янада жиддий ва муҳим учрашувлар турибди.

Асқар ТОЛИБЖОНОВ, Ўзбекистон футбол федерацияси Терма жамоалар маркази раҳбари:

— Айни вақтда терма жамоа­ларимиз турли мусобақаларга тайёргарлик кўришни бошлаган. Миллий терма жамоа Австралиядан қайтиб келган бўлса, ёшларимиз Таиланд қироли Кубоги халқаро турнирида иштирок этмоқда. Ўзбекистон ёшлар (U-20) терма жамоаси  ҳам хорижда йиғин ўт­каз­моқда.

Осиё Кубоги баҳслари ҳақида гап кетганда, кўпчилик терма жамоамизнинг йирик мусобақалар олдидан кучли рақиблар билан ўртоқлик учрашувларида майдонга тушмаганлигини гапиряпти. Бугунги кунда Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарияти ҳар қандай ўртоқлик ўйини ёки йиғин ўтказиш учун шароит яратиб бера олади. Осиё чемпионати олдидан эса имкониятдан келиб чиқиб, рақиблар танлаган эдик. Европадаги жамоаларга қарайдиган бўлсак, аввало катта маблағ сўраяпти. Яна вақт ва жой масаласида ҳам келишиб бўлмаяпти.

Осиё Кубогида биз аввал гуруҳдан чиқиш, сўнгра эса ғолиблик учун курашишни вазифа сифатида белгилаб олган эдик. Афсуски, маррага бир қадам қолганда имкониятни бой бердик. Шунча қилинган меҳнатга қарамай вазифа бажарилмаса, алам қилади. Биз бу ҳолатни кўриб чиқамиз, таҳлил қиламиз. Июнь ойида 2018 йил Россияда бўладиган жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари бошланади. Март ойидан эса ёшлар (U-22) ўртасида Осиё чемпионати саралаш баҳс­ларига киришилади.

Ҳаёт эса давом этмоқда. Терма жамоалар маркази айни чоғда дунёнинг ўттиз етти мамлакати футбол федерацияларига ўртоқлик ўйинлари уюштириш бўйича таклифлар билан чиққан. Шу йилнинг ўзида миллий терма жамоамиз бир қатор ўртоқлик учрашувларида иштирок этади. Жумладан, 27 мартда Жанубий Корея, орадан тўрт кун ўтиб, Япония футболчилари билан халқаро ўртоқлик ўйинларида куч синашади. Ҳар икки учрашув ҳам сафарда ўтказилади.

Равшан ЮНУСОВ, футбол фахрийси, «Локомотив» БФК (Тошкент) жамоаси маслаҳатчи-мураббийи:

— Терма жамоамизнинг Осиё чемпионатидаги барча ўйинларини ойнаи жаҳон ор­қали кузатдим. Тўртта учрашув тўрт хил таассурот қолдирди. Футболчи майдонга тушаётганида аввало Ватани шаънини ҳимоя қилаётганини юракдан ҳис этиши, ўйинга руҳан тайёр бўлиши лозим.

Бир пайтлар юртимизда спорт, жумладан, футбол оммавийлигини ошириш учун курашиларди. Бугун бу соҳани профессионал даражада ривожлантиришга эътибор берилмоқда. Эсимда, ёшлигимизда Тошкентдаги мавжуд стадионларни санасак, қўлимиздаги бармоқлар кўплик қиларди. Эндиликда манзара буткул бошқача. Биргина пойтахтимизда бир-биридан кўркам ўнлаб стадионлар қад ростлади. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан нафақат шаҳар ва вилоят марказларида, балки чекка-чекка туман қишлоқларида ҳам қанчадан-қанча спорт иншоотлари барпо этилди. Ҳар бир футбол клуби қошида болалар футбол мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Истеъдодли ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги эвазига бугун фарзандларимиз ўсмирлар, ёшлар ўртасидаги Осиё, жаҳон чемпионатларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишяпти. Спортчиларимизнинг қўлга киритаётган ғалабалари Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан муносиб рағбатлантириб келиняпти. Бугун халқаро майдонда юрт шарафини юксакка кўтарган спортчи ўз халқининг ардоғида...

Терма жамоанинг ўйинлари ҳақида батафсил тўхталмоқчи эмасман. Бош мураббий Миржалол Қосимов мусобақага муносиб таркибни шакллантира олганидан хурсанд бўлдим. Футболчиларимизнинг ўйин савияси ҳам аввалгиларидан кўра анча ортган. Аммо натижадан кўнглим тўлмади. Терма жамоа­миз камида қитьа чемпионатининг кучли тўртлигидан жой олишга муносиб эди. Ўтказилган тўрт учрашувда футболчиларнинг бир хилда ўйин намо­йиш эта олишмагани эса кўпроқ мураббийлар тактикаси билан боғлиқ, деб ўйлайман. Менимча, рақиблар терма жамоамиз ўйин услубини чуқур ўрганишган, мураббийларимиз тактикаларини ёдлаб олгандек туюлди. Мусобақа давомида Миржалол Қосимовга ёрдам берган мураббийлар Александр Волков, Бахтиёр Ашурматов, Шуҳрат Мақсудовлар ўз вақтида ажойиб футболчи бўлишганини барчамиз биламиз. Аммо уларнинг мураббийлик салоҳия­тини замонавий футбол талаби даражасида ошириб бориш лозим.

Мураббийларимиз футболи анча ривожланган Германия, Голландия, Испания, Италия каби давлатларга малака ошириш учун юборилса, чакки бўлмасди.

Яна шуни таъкидлашни истардимки, охирги йилларда ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиз қитъа ва жаҳон чемпионатларида яхши натижаларга эришмоқда. Аммо улар кейинги пайтларда «йўқолиб» қолаётганлиги ачинарлидир. Аҳмад Убайдуллаев, Аҳмаджон Мусаев каби мураббийлар бошчилигида халқаро майдонларда муносиб иштирок этган футболчиларимиздан кимлар ҳозир миллий терма жамоа таркибида тўп сурмоқда?! Менимча, мамлакатимиз бош жамоаси ва футбол клубларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш лозим. Ички чемпионатда айрим жамоалар бугунги натижани ўйлаб, ёшларни майдонга туширишга иккинчи даражали масала сифатида қараётганлиги ҳам бор гап. Бу борада Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси махсус лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқса, айни муддао бўларди, деб ўйлайман.

Улуғбек МИРЗАЕВ, «Андижон» футбол клуби спорт директори:

— Биласизми, миллий терма жамоа Осиё кубоги ўйинларига Тошкентдан учиб кетишидан бир кун олдин «Ўзбекис­тон» меҳмонхонасида йиғилганди. Мен ўша маҳал футболчилар билан бирга эдим. Мураббийларимиздан бири Бахтиёр Ашурматов билан жамоамизнинг Австралияда қандай натижага эришиши мумкинлиги, Миржалол Қосимов қайси ўйинчиларга кўпроқ ишонч билдириши, рақиблар ва бош­қа масалаларда суҳбатлашдик. Шунда мен ўзимнинг башоратимни Ашурматовга билдирдим: — Агар футболчиларимиз чорак финалга чиқиб, кейин ортга қайтишса ҳам — бу, менимча, нормал натижа бўлади...

Энди нега бундай башорат қилганимни тушунтириб берсам. Биринчидан, гуруҳимизда менга Хитой яққол кучлидек туюларди. Бироқ биз гуруҳимиздан чорак финалга нечанчи ўрин билан чиқишимиздан қатъи назар, ё Австралия, ё Жанубий Кореяга дуч келардик. Тан олиб айтиш керак, бу икки терма жамоа ҳозирча биздан кучли. Терма жамоамиз хитойликлардан мағлубиятга учрагач, кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлди. Лекин Саудия Арабистони футболчиларини енгиб, чорак финалга чиқдик.  Ҳар ҳолда Австралияга эмас, балки сўнгги йилларда биздан чўчиб қолган Жанубий Корея терма жамоасига дуч келдик. Ютишимиз учун имкониятимиз етарли эди. Аммо Жанубий Кореянинг прагматик футболи Ўзбекистондан устун келди. Германиялик мутахассис Уле Штилеке прагматик тарзда шогирдларини бир маромда, таркибдаги ва ўйиндаги катта тебранишларсиз финалгача олиб келди.

Ўзбекистон терма жамоасига эса айнан шу жиҳат етишмади, менинг назаримда. Хитой футболчилари билан ўйиндан сўнг таркибда бирданига амалга оширилган бир неч­талаб ўзгаришлар, кейинчалик эса нимагадир бу муваффақиятли ўзгаришларга охиригача амал қилмаслик... Менимча, Жанубий Корея терма жамоаси билан баҳсда қанотларда Жасур Ҳасанов билан Сардор Рашидовни қўявериш керак эди. Бундан ташқари, енгилиб турган пайтимизда майдонда, албатта, бўйдор Воҳид Шодиевнинг пайдо бўлгани зўр бўларди. Ахир, сўнгги дақиқаларда рақиб жарима майдончасига ҳаволатиб оширилган тўп узатишлар ҳеч қандай наф бермади.

Мирзаҳаким ТЎХТАМИРЗАЕВ, Ўзбекистон телерадио компанияси Sport теле­канали шарҳ­ловчиси:

— Терма жамоамизнинг ўйинлари бири-бирига ўхшамади. КХДР футболчилари билан учрашувнинг ўзида жамоа­миз ўйинига баҳо бериш бироз мушкул бўлди. Ўша куни омад бизга кулиб боқди. Тўғри, Миржалол Қосимов шогирдлари кўплаб ҳужумлар уюштирди. Лекин ўйин якунланиб бораётганда Нестеров дарвозамизни голдан сақлай олмаганида, Ўзбекистон терма жамоаси уч очко ўрнига бир очко билан кифояланишга мажбур бўларди. Иккинчи учрашув натижаси жамо­а­­мизда авлодлар алмашинуви вақти келганини яққол кўрсатди. Хитойликлардан мағлуб бўлгач, таркиб ўзгарди. Гуруҳда охирги ҳал қилувчи учрашувда Саудия Арабистони терма жамоаси билан баҳсда ишимиз юришди. Деярли ҳар бир чизиқда иқтидорли ёшларимиз борлиги кўринди. Рашидовнинг тезкор голи арабларнинг режаларини бузиб юборди...

Кимга қандай билмадим, бироқ термамизнинг мусобақадаги охирги икки ўйини менда илиқ таассурот қолдирди. Футболчиларимиз чинакамига футбол ўйнади. Жанубий Кореяга қарши учрашувда ҳам бизникилар рақибдан яхшироқ ҳаракат қилди, назаримда. Буни ўйиндан сўнг рақиб жамоа бош мураббийи ҳам тан олди.

Бугунги натижани аввалги қитъа чемпионати билан таққослаш ноўрин. Ҳар сафар муайян шарт-шароитдан келиб чиқиб баҳо берган мақсадга мувофиқ.

Умуман олганда, жамоамизнинг иштирокини қониқарли деб баҳоласак бўлади. Асосийси, ёшларга қўрқмасдан ишонч билдиришимиз зарурлиги яна бир бор исботини топди.

Азизхон АКБАРОВ, www.uff.uz веб-сайти раҳбари:

— Мен ўйинларни бевосита Австралия стадионларида кузатишга муяссар бўлдим. Терма жамоамиз бир тану-бир жон бўлиб ҳаракат қилгани мени қувонтирди. Тўғри, Ўзбекистон «плей-офф» босқичининг илк ўйинидаёқ мағлубиятга учради. Аммо, ўша ўйинда футболчиларимиз Осиёнинг энг номдор жамоасига қарши тўп сурди ва охиригача кураш олиб борди. Бироқ, омад Жанубий Корея терма жамоасига кулиб боқди.

Футболимизда ўсиш бор. Уни кўряпмиз, ҳис қиляпмиз. Мураббийларимиз терма жамоани шакллантиришга эришган. Ҳали қилинадиган ишлар кўп бўлса-да, биз тўғри йўлдан кетаётганимизга гувоҳ бўл­дим.

Мирзабурхон ДЎСТМУРОДОВ, «Металлург» (Бекобод) футбол клуби шифокори:

— Терма жамоамизнинг Осиё чемпионатидаги ўйинларини кузатар эканман, тиббиёт — спортнинг ажралмас бўлаги эканлигига яна бир карра амин бўлдим. Чорак финалда Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўйинда жароҳатланган Одил Аҳмедовнинг бошланғич таркибга киритилгани якунда бош мураббий Миржалол Қосимов учун етарли бош «оғриқ» бўлганлигини барчамиз кўрдик. Етакчи футболчимизнинг руҳан тайёргарлигидан кўра, унинг саломатлиги қай ҳолатда эканлигини терма жамоа шифокори мураббийларга ўз вақтида билдирганида таркиб ва тактика мутлақо бошқача кўриниш олиши мумкин эди.

Бундан 10-15 йил муқаддам кўпчилик мамлакатимизда махсус спорт соғломлаштириш-тиббий маркази бўлишини орзу қиларди. Бугун бу борада бирорта муаммо йўқ. Пойтахтимизда «Футбол-Мед» тиббиёт маркази спорт клубларимизга хизмат қилмоқда.

Афсуски, футболчилар саломатлигини назорат қилиш, мус­таҳкамлаш ишлари барча жамоаларда ҳам тўғри йўлга қўйилган, деб бўлмайди. Юртимизнинг етакчи уч-тўрт жамоасини ҳисобга олмаганда, футбол шифокорлари иши қониқарли эмас. Мисол учун, футболчилар бир йилда икки маротаба тиббий кўрикдан ўтиши шарт  қилиб қўйилган. Аммо маълумотларга қараганда, айрим жамоаларда бундай кўриклар номига ўтказилмоқда. Баъзи жамоаларда футболчиларни қувватлантирувчи витаминлар тўғрисида ҳатто ўйлаб ҳам кўрилмайди.

Миллий терма жамоамиздан кўнгилдагидек натижа кутишимиз учун, аввало маҳаллий клубларимизда тиббий соҳа фаолиятини тўғри йўлга қўйишимиз лозим, деб биламан.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

ТАҲРИРИЯТДАН: Ўйин якунланиб, натижа аниқ бўлгач, маслаҳат бериш, бошқача айтганда, ақл ўргатиш осон. Ҳар ким ўз тажрибаси, салоҳиятидан келиб чиқиб фикр билдиради. Агар улар айтганидек, йўл тутилса, эҳтимол натижа янада кўнгилсиз  бўлиши мумкин.

Фалон футболчи ўрнига бошқасини тушириш керак эди, фалончини бекор алмаштирди... Мутахассислар ҳам, мухлислар ҳам ўз таклифларини тўғри, деб ҳисоблашади. Аммо айнан ўйин куни қайси футболчи қандай ҳолатда экани, жамоанинг ички ҳолатини бошқалардан кўра кўпроқ бош мураббий яхши билади. Ҳар бир ўйинчининг характери, жисмоний имконияти ҳам унга маълум.

Бироқ бош мураббий ҳам адашиши, хато қарор қилиши мумкинлиги кўп кузатилган. Демак, ўзаро фикрлашиш, баҳс юритиш хатоларни аниқлашга хизмат қилади. Мақсадимиз ягона — футболимизни янада ривожлантириш, терма жамоамизни кучайтириш. Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш!..




DB query error.
Please try later.