07.02.2015

ИНСОН МАНФААТИ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида «Жиноят процессида хусусий айблов институтининг ҳолати ва уни такомиллаштириш истиқболлари» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  депутатлари, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлигининг Тергов бош бошқармаси, Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бош бошқармаси, Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси, Экс­перт-криминалистика маркази, Ахборот маркази, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси, Тошкент давлат юридик универститети, шунингдек, республиканинг бошқа олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда хусусий айблов институтининг қўлланиш доирасини кенгайтиришга хизмат қилувчи бир қатор қонунларнинг қабул қилиниши жиноят процессида шахс ҳуқуқларининг кенгайиши ва жабрланувчининг ҳуқуқий мақоми янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Жиноят-процессуал кодекснинг 325-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Қонун қабул қилинди. Бу Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида белгиланган «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади»,  деган талабнинг жиноят-процессуал муносабатларда ўзининг кенг ифодасини топишига хизмат қилди. Натижада жиноят-процессуал муносабатларда хусусий айб­лов институтининг вужудга келиши жиноят ишини қўзғатиш ва жиноят содир этган шахсни жавобгарликка тортиш масаласини бевосита жабрланувчининг хоҳиши асосида ҳал этиш имконияти ҳуқуқий тартибга солинди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши Жиноят-процессуал кодексининг 325-моддасида назарда тутилган 15 та жиноят тури бўйича жиноят ишини қўзғатиш ва жиноят содир этган шахсни жавобгарликка тортиш масаласини бевосита жиноятдан жабр чеккан жабрланувчининг хоҳиши асосида ҳал этиш имкониятини ҳуқуқий тартибга солиш билан бирга, жиноят-процессуал муносабатларда шахс­нинг ҳуқуқлари кенгайиб, унинг ҳуқуқий мақоми янада мустаҳкамланди.

Анжуманда «Хусусий айблов инс­титутининг қонуний тартибга солиниши ва ривожланиши», «Ўзбекистонда хусусий айблов институтини ривожлантириш истиқболлари»,  «Хусусий айблов институтини қўллаш самарадорлигини ошириш йўллари»га оид қатор долзарб масалалар бўйича маърузалар тингланди ва муҳокама қилинди.

Конференция якунида суриштирув ва тергов идоралари томонидан амалдаги Жиноят-процессуал кодекси  325-моддасининг бир хилда ижро этилишини таъминлаш мақсадида «Қўшма кўрсатма лойиҳа»си  ҳамда хусусий айблов институтини қўллаш доирасини кенгайтириш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи амалдаги қонун ҳамда қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш, қўшимчалар киритиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.