05.02.2015

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИДА

партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш жараёнида бошланғич ташкилотлар, маҳаллий кенгашлар, барча даражадаги депутатлар фаоллик кўрсатмоғи лозим

ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика кенгашининг III пленумида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш борасидаги вазифалар муҳокама этилди. Шунингдек, Президентликка номзодни қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини белгиланган тартибда ўз вақтида йиғиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Унда минтақавий кенгашлар раислари, Жўқорғи Кенгесдаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, бошланғич ташкилотлар етакчилари ва партия фаоллари иштирок этди.

Пленумда ЎзХДП Қорақалпоғистон республика Кенгаши раиси Қуватбой Қурбанбоев сўнгги беш йил мобайнида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, иқтисодий ва демократик ислоҳотлар мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун янада кенг шарт-шароит яратганини таъкидлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтган сайловлар кўтаринки руҳда, кескин сиёсий курашлар асосида ўтгани бунинг яққол тасдиғи бўлгани қайд этилди. Сайлов якунига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси туман ва шаҳар Кенгашларининг қарийб барчасида партия гуруҳлари тузилди. Бу партиямиз электорати манфаатларини маҳаллий Кенгашларда ифода этиш, қатъий туриб ҳимоя қилиш имконига эга эканимизни англатади.

Пленумда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига фаол тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар белгилашга қаратилди. Айниқса, сайлов қонунчилигига оид тарғибот ишларини кучайтириш, тадбирларни юқори савия­да ўтказиш масалалари юзасидан фикрлар, таклифлар билдирилди.

Пленумда кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

***

ЎзХДП Наманган вилоят кенгашининг пленумида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш бўйича вилоят партия ташкилоти олиб бораётган ишлар таҳлил қилинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Дилором Абдураҳимова сўзга чиқиб, мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотларнинг самаралари, хал­қимиз турмуш даражасининг юксалаётгани, тинч­лик ва тараққиёт барқарорлиги таъминланаётгани ҳақида фикр юритди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизда демократик ислоҳотлар янада чуқурлашаётган, фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёни янги босқичга кўтарилаётган ша­роитда бўлиб ўтади, — деди у. — Мазкур сайлов  фуқароларнинг сиё­сий хоҳиш-иродасини ифода этиши учун катта имконият, айни чоғда сиёсий партиялар учун жиддий синовдир. Сайловчилар партиямиз дастурий мақсадларидан қанча кўп хабардор бўлса, шунчалик кўпроқ ишонч билдиради. Шунинг учун Президент сайлови билан боғлиқ тадбирларни кўпроқ маҳаллаларда,  бошланғич ташкилотларимизда ўтказишга эътибор қаратяпмиз. Сайловолди тадбирлари таъсирчан бўлиши учун очиқ мулоқотлар, самимий суҳбатлар ҳаётий мисолларга эътибор бериш керак.

Пленумда сўзга чиққан ЎзХДП Наманган шаҳар кенгаши раиси Маматвали Турғунов, Чуст туман кенгаши раиси Суннатулла Аҳмаджонов, Янгиқўрғон туман кенгаши ­раиси Соҳиба Жуманова ўз фикрларини билдирди. Сайловчиларнинг имзоларини тўплаш ишларини қонунчиликка қатъий риоя этган ҳолда олиб бориш кераклиги таъкидланди.

Пленумда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. ЎзХДПнинг IX қурултойига вилоят партия ташкилотидан делегатлар сайланди.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

 «Ўзбекистон овози» мухбири.




DB query error.
Please try later.