05.02.2015

ҚОНУНЛАРНИНГ ОДАМЛАР ҲАЁТИГА,

сиёсий ва иқтисодий тараққиётга таъсирини кучайтириш — долзарб вазифа

Олий Мажлис палаталарининг 23 январь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида парламентнинг ўтган даврдаги фаолиятига холис баҳо берилди.

Президентимиз маърузасида қайд этилган камчилик ва хатолардан тегишли хулоса чиқариб олиш, уларни бартараф этиш учун зарур чора-тадбирлар кўриш сиёсий партиялар, депутатлар ва сенаторлардан катта масъулият билан меҳнат қилишни талаб этади.

Ўзбекистон ХДП ташкилотлари, фракцияси ва пар­тия гуруҳлари қўшма мажлисда билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, ўз фаолиятини тубдан кучайтириш бўйича чора-тадбирларни белгилаб олмоқда. Куни кеча партия Марказий Кенгаши томонидан ўтказилган семинарда бу борадаги устувор вазифалар ҳақида фикр юритилди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят партия кенгашлари ходимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари иштирок этди. Семинарда Oлий Мaжлис палаталари қўшмa мaжлисидa белгиланган вазифалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама этилди.

Сўзга чиққанлар, аввало, парламентдаги фракциямиз олдида турган вазифалар, қонун ло­йиҳаларини тайёрлаш ишларини сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтариш, халқаро ҳуқуқий амалиёт билан қиёсий таҳлил қилиш асосида депутатлар фаоллигини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдиришди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева парламент палаталари қўшма мажлисида таҳлил қилинган масалалар нафақат депутатлар, фракциялар, айни пайт­да сиёсий партиялар фаолиятини тубдан такомиллаштиришда ҳам муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Партия фракция­си фаолияти кучайиши кўп жиҳатдан партия ташкилотларига боғлиқ эканига, шундан келиб чиқиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаш талаб этилаётганига эътибор қаратди.

Улуғбек Вафоев, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Қўшмa мaжлисдa билдирилган танқидий фикрлар, илгари сурилган ғоялардан келиб чиққан ҳолда, биринчи навбатда фракция ва партия гуруҳлари ишини кучайтириш ҳақида ўйлашимиз керак. Ҳозир 2015-2019 йилларга мўлжалланган партиямиз Ҳаракат дастурини маърузага мувофиқ равишда янада такомиллаштириш устида иш олиб борилмоқда.

Маърузада парламентнинг энг катта камчиликларидан  бири  сифатида сиёсий партия­лар фракциялари, депутатларнинг қонун ижодкорлиги ишлари суст­лиги танқид қилинди. Тан олиш керак, Қонунчилик палатаси фаолияти таҳлил этилганда, энг кам қонун ижодкорлиги ташаббуси билан чиққан субъект Қонунчилик палатаси экани маълум бўлади. Шунинг учун Ҳаракат дастурида қонун ижодкорлиги ҳамда уларни  кўриб чиқиш ва қабул қилиш жараёнларини такомиллаштириш, депутатларга ва партия ташкилотларига аниқ вазифалар белгилашга эътибор қаратилмоқда.

Парламент назоратини кучайтириш борасида ҳам олдимизда муҳим ишлар турибди. Бугунги кунда қонунлар ва меъё­рий ҳужжатларни кўриб чиқиш ва қабул қилишнинг барча босқичларида депутатлар, сиёсий партиялар фракцияларига катта имкониятлар берилган. Фрак­ция­миз, депутатлар улардан самарали фойдаланиш йўллари устида чуқур ўйлаши зарур.

Абдуғаффор Қирғизбоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Одамларнинг турмуш фаровонлиги, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти қонун устуворлиги билан белгиланади. Биз бугун юртимизда демократик давлат, фуқаролик жамияти қураётган эканмиз, албатта, қонунларимиз сифатини оширишга жиддий киришишимиз керак. Бунинг учун қонунлар мазмун-моҳияти бўйича аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар уюштириш, одамларнинг бу борадаги фикрларини ўрганиш, шу асосда фракциялараро баҳс-мунозараларни чуқурлаштириш зарур, деб ҳисоблайман.

Қонунлар лойиҳалари, айниқса, аҳолининг муҳим ҳаётий манфаатлари, ижтимоий ҳуқуқ­ларига бевосита дахлдор бўл­ган қонунчилик ҳужжатлари муҳокамасига жамоатчилик, фуқаролик институтлари вакилларини ҳам кенг жалб этиш зарур бўлади.

Маърузада, шунингдек,  Олий Мажлис томонидан қонунлар ижросини таъминлаш, ҳу­қуқни қўллаш амалиётига етарлича эътибор берилмаётгани, қабул қилинаётган қонунлар одамлар ҳаётига, сиёсий, иқтисодий тараққиётга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида жойлардан келиб турадиган, парламентга ўз фаолиятини янада такомиллаштириш имконини берадиган ахборот алмашиш механизми деяр­ли ишламаётгани ҳақида фикр билдирилди.

Демак, келгусида қонунлар ижросини, ҳуқуқни қўллаш ва амалга ошириш самарадорлигини таъминлаш, назорат-таҳлил ишлари механизмини мустаҳкамлаш тақозо этилади.

Мақсуда Ворисова, халқ депутатлари Тошкент  вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Олдимизда энг муҳим масала — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта тайёргарлик кўриш вазифаси турибди. Партиямиз ушбу сиёсий жараёнда муносиб иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Унутмаслигимиз керак, партиямиз ғояларини тушунтиришда, мазмун-моҳиятини одам­ларга етказишда, халқимизнинг фаолиятимизга муносабатини билишда сайлов энг жиддий синов, асосий имтиҳон ҳисобланади. Шунинг учун сайлов кампанияси вақтида партия ташкилотлари ва сайланма органлари ишини ўзаро мувофиқ ташкил этиш, Сайловолди дастурида белгиланган масалалар асосида аниқ режа тузиб, иш юритишимиз зарур. Бизнинг асосий вазифамиз партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиладиган номзодни қўллаб-қувватлаш, сайлов­олди тадбирларини ўтказишига фаол кўмаклашишимиз зарур.

Бу борада партиямизнинг инсонпарвар ғоялари, ҳаётий дастурларини кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Сайлов кампанияси даврида партия туман ва шаҳар кенгашлари, бошланғич ташкилотларимиз электоратимиз вакиллари фуқаролик позициясини, сайлов ҳуқуқидан онгли ва масъулиятли фойдаланиш кўникмасини кучайтиришга ҳаракат қилиши лозим.

Семинарда, шунингдек, пар­тия гуруҳлари ишини жонлантириш, ижтимоий масалаларни ўрганиш, таҳлил қилиш бўйича таклифлар билдирилди. Халқимиз ишончини оқлаш йўлида аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусларни кўпайтириш лозимлиги таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов кампанияси даврида тар­ғибот ишларини самарали, таъсирчан олиб бориш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 



DB query error.
Please try later.