03.02.2015

ПАРЛАМЕНТ ИСЛОҲОТЛАРИ ЯНГИ БОСҚИЧИДА

ҳуқуқни қўллаш амалиётини жорий қилиш, янада такомиллаштириш талаб этилади

Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, қонун лойиҳаларини тайёрлаш, уни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, бу борадаги жаҳон тажрибасини ўрганиш, амалиёт билан мувофиқлигини таъминлаш масаласида муҳим фикрлар ўртага ташланди.

Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси, юридик фанлар номзоди ­Хушвақт ­ХАЙИТОВ билан суҳбатимиз мана шу ҳақда.

— Президентимиз қўш­ма мажлисдаги маърузасида Олий Мажлис томонидан қонунни, ҳуқуқни қўллаш амалиётига етарли даражада эътибор берилмаётганлигини таъкидлади...

— Мамлакатимиз раҳбари парламентимизнинг сўнгги йилларда эришган ютуқларини эътироф этиб, шу билан бирга йўл қуйилган айрим камчиликларга ҳам тўхталиб ўтди. Шунингдек, маърузада жиддий хатоликларга олиб келган сабаб ва шароитлар чуқур таҳлил этилди.

Парламентимиз ўтган беш йил мобайнида 140 дан ортиқ қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилди. Ана шу даврда қабул қилинган 30 га яқин қонун ҳужжатлари қонун устуворлигини таъминлаш, суд ҳокимияти мустақиллигини мус­таҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими самарадорлигини оширишга имкон яратади.

Олий Мажлис фаолияти таҳлил этилганда қонун ижодкорлиги фаолияти ва қонунлар ижроси устидан парламент назорати етарлича олиб борилмаганлиги танқид қи­линди. Бу борада, айниқса, парламент фаолиятида қонунлар, ҳуқуқни қўллаш амалиётига жиддий эътибор берилмагани алоҳида қайд этилди.

Шу ўринда ҳуқуқни қўллаш амалиёти тушунчасига таъриф берсак. Қонунни, ҳуқуқни қўллаш амалиёти деганда қабул қилинаётган қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши тушунилади. Қонун эса, аввало, ижроси билан кучли. Шу боис ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Парламентнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётига кам эътибор қаратганлиги нимада намоён бўлди? Энг аввало, бу қабул қилинаётган қонунлар одамлар ҳаётига, мамлакатимиз тараққиётига қандай таъсир кўрсатаётганини ифодалайдиган, парламентга ўз фаолиятини янада такомиллаштириш имконини берадиган ахборот алмашиш механизми деярли ишламаганлигида кўринади.

Президентимиз ҳар бир кўтарилган масала ечими бўйича ўз таклифларини билдирди. Хусусан, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш учун Олий Мажлис палаталарининг қонунчилик фаолиятини тартибга соладиган ҳуқуқий ҳужжатларда қонунларни ижрочиларга етказиш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш ва амалга ошириш самарадорлигини албатта, ўрганишни ва шу асосда парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишлари дастурларига зудлик билан тузатишлар киритишни кўзда тутадиган меъёрий-ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

Қонунлар ижросини таъминлашда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тарғиботи долзарб аҳамиятга эга. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда сайловчилар билан учрашувлар, электорат вакиллари билан бўладиган мулоқотларда қонунлар тарғиботига жиддий эътибор қаратиши лозим. Бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш яхши самара беради. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ошса, улар қабул қилинаётган қонунлардан хабардор бўлса, ўз-ўзидан қонунлар ижроси таъминланади.      

— Маърузада қабул қилинаётган қонунлар, уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар талаб даражасида ишламаётгани ҳам қайд этилди. Бунинг асосий сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

— Ҳақиқатан ҳам, Президентимиз парламент қонун ижодкорлигида кўзга ташланаётган асосий камчиликлардан бири — бу кўпинча қабул қилинаётган қонунлар, уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ишламаётгани эканини таъкидлади. Бунинг бош сабаби, биринчидан, ушбу қонунларда улардаги нормаларни амалга ошириш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилмагани билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, мазкур қонунларнинг самарали ишлашига ёрдам берадиган тегишли қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилмаётганлигидир. Ушбу механизмларсиз қонунларда белгиланган қоидалар ишламаслиги эса тажрибадан маълум.

Бундан ташқари, маърузада айрим ҳолларда қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчиларнинг профессионал даражаси етарли эмаслиги ҳам салбий аҳамият касб этиши таъкидланди.

Дарҳақиқат, қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида биринчи навбатда, унга реал ҳаётда қандай эҳтиёж борлигини аниқлаш лозим. Шунингдек, қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларида такрорлар ва зиддиятли ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш талаб этилади.

Шу билан бирга, тўғридан тўғри таъсир кўрсатадиган қонунлар, кодификация қилинган қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш, янги қонунларда белгиланган қоидаларни тўлиқ рўёбга чиқаришни таъминлайдиган қонуности ҳужжатларини ўз вақтида эълон қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнларни тартибга солиш эса аввало, қонун қабул қилувчи олий орган — парламент зиммасидаги асосий вазифа ҳисобланади.

— Мамлакатимизда қонун лойиҳаларини хорижий ҳуқуқий амалиёт билан ҳар томонлама чуқур қиёсий таҳлил қилиш асосида муҳокама этишнинг аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.

— Қонун лойиҳалари, айниқса, аҳолининг ҳаётий муҳим манфаатлари, ижтимоий ҳуқуқларига бевосита дахлдор бўлган қонунчилик ҳужжатлари муҳокамасига жамоатчиликни, фуқаролик институтлари вакилларини ҳам кенг жалб этиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, қонунларни қабул қилиш парламентимиз ваколатига тегишли бўлса-да, уларни тайёрлаш ва ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш кўплаб давлат ва нодавлат тузилмаларининг бевосита ваколатига тааллуқлидир. Бу, айниқса, ривожланган демократик давлатлар тажрибасида кенг қўлланилади. Мазкур жараёнда турли жамиятлар, ҳуқуқий тадқиқот муассасалари, юристлар ассоциацияси каби жамоат ташкилотлари қонун ижодкорлигида фаол иштирок этади.

Қонун лойиҳаларини хорижий ҳуқуқий амалиёт билан ҳар томонлама чуқур қиёсий таҳлил қилиш асосида уларни муҳокама этиш, тайёрлаш ишларини сифат жиҳатидан янада юқори босқичга кўтариш лозим. Бу эса ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини ҳаётимизга кенг жорий этиш имкониятини яратиб, мамлакатимиздаги ҳуқуқий тизим ва амалиётнинг жадал ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Маърузада қайд этилганидек, демократик давлатларнинг қонун ижодкорлиги тажрибасини ўрганишга, шунингдек, тайёрланаётган қонун лойиҳаларини ривожланган хорижий мамлакатларда қабул қилинган шундай қонунлар лойиҳалари билан қиёсий таҳлил қилишга бағишланган турли конференция ва семинарлар, давра суҳбатларини ўтказиш муайян қонун лойиҳасини ва умуман, қонунчилигимизни бойитиш учун янги материалга эга бўлиш имконини беради.

— Шу ўринда яна бир масала хусусида фикр  билдирсангиз. Олий Мажлис палаталари ва энг аввало, сиёсий партиялар фракцияларининг давлат бошқаруви органлари устидан парламент назоратини амалга ошириш борасидаги фаолиятини янада кучайтириш нималарга боғлиқ деб ҳисоблайсиз?

— Парламент нафақат фаол ҳуқуқ ижодкори балки, қонунлар ижросини назорат қила оладиган, таъсирчан тийиб туриш механизми сифатида ҳам кенг намоён бўлмоғи лозим. Маълумки, қонунларга риоя қилиш, уларни ижро этиш ва қонун билан тартибга солиш эҳтиёж туғилаётгани ижтимоий муносабатларни аниқлаш, амалдаги қонун ҳужжатларини ҳаёт талаблари билан мунтазам уйғунлаштиришда парламент назорати муҳим ўрин тутади. Шунингдек, парламент назорати мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш ва фуқаролар онгида қонунга бўлган ҳурматни шакллантиришда ҳам катта таъсир кучига эга ҳисобланади.

2014 йил 16 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги қонун ҳокимият ва бошқарув тизимини янада демократлаштириш, «кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» принципини босқичма-бос­қич амалга оширилишини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Мазкур қонун орқали Олий Мажлис палаталарининг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги роли, ички ва ташқи сиёсатнинг стратегик вазифаларини амалга оширишдаги ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро этувчи органлар фаолияти устидан қонун чиқарувчи олий органнинг, сиёсий партиялар фракцияларининг, ҳокимият вакиллик органларининг назорат функциялари кучайтирилди. Бу эса ҳукуматнинг ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги масъулияти янада ошишига хизмат қилмоқда.

Президентимиз маърузасида яна бир муҳим масала — парламент назоратини амалга ошириш шакл ва воситаларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, мамлакатимизда қабул қилиниши лозим бўлган «Парламент назорати тўғрисида»ги қонунда назарда тутилиши лозим бўлган муҳим масалалар тўғрисида фикр юритилди. Унга кўра, янги конституциявий шароитда парламент эшитувлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қонунчилик талаблари ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлари тўғрисидаги ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб бориш, депутатларнинг сўровларига атрофлича жавоб қайтаришни таъминлаш парламентнинг кундалик иши бўлиши лозимлиги таъкидланди. 

Шунингдек, депутатларнинг сайловчилар билан ишлашини тубдан яхшилаш, палаталар фаолиятига парламент назоратининг замонавий усулларини татбиқ қилиш, жумладан, давлат бюджетини шакллантириш ва мамлакатимизнинг ушбу муҳим иқтисодий ҳужжати ижросини назорат қилишнинг янги усулларини жорий этиш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди. 

Умуман олганда, ҳуқуқ ижодкорлигининг жамият ҳаётига бўлган таъсиридан келиб чиқиб айтиш керакки, бу соҳадаги фаолият доимо такомиллаштириб борилиши лозим. Чунки, барча ислоҳотлар қонунчилик базасини шунга мос равишда ўзгартиришни, вужудга келадиган муаммоларни тез ва сифатли ҳал қилиб боришни тақозо этади. Бу эса, ўз навбатида мамлакатимизда бозор иқтисодиётига асосланган, ижтимоий йўналтирилган демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар узвийлигини таъминлайди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.