03.02.2015

ФАҚАТ ПРОФЕССИОНАЛ ДЕПУТАТЛАР ХАЛҚИМИЗНИНГ ТАЛАБИГА МУНОСИБ ЖАВОБ БЕРА ОЛАДИ

Жаҳон тажрибаси шуни тасдиқлай­дики, кучли парламентни шакллантирмасдан туриб, том маънодаги демократияга эришиб бўлмайди. Мамлака­тимизда кучли парламентни қарор топтириш учун эса бир қатор долзарб масалаларни ҳал қилиш талаб этилмоқда. Бу борадаги асосий масалалар Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида алоҳида таъкидлаб ўтилди. Парламент палаталари бу вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирларини белгилаш бўйича қўшма қарор қабул қилди.

ЎзХДП фракциясининг парламентдаги дастлабки йиғилиши бўлиб ўтди. Унда парламент палаталарининг қўшма мажлисида билдирилган танқидий-таҳлилий фикр-мулоҳазалар яна бир бор ўрганиб чиқилди. Фракция фаолияти устувор йўналишларининг асосларини белгилашга доир таклифлар, хулосалар билдирилди.

Йиғилишда, аввало, мамлакатимизда кўппартиявийликни ривожлантириш асосида парламент ислоҳотлари изчил амалга оширилаёт­гани, давлат бошқарувини ташкил этишда сиёсий партияларнинг ўрни, ваколатлари кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Дарҳақиқат, сўнгги 10 йил мобайнида мамлакатимизда икки палатали парламент шаклланди, палаталар ўртасидаги ваколатлар мутаносиб тақсимланди, шу билан бирга, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар ваколатлари ва мақоми янада кенгайди. Муҳими, бу қонун ижодкорлиги, қонунларни ҳаётга самарали татбиқ этиш ва жамиятда адолат тамойиллари устувор бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Гап шу ҳақда кетганда бир масалани алоҳида қайд этиш ўринли бўлади, назаримизда. 2008 йилнинг 1 январидан мамлакатимизда «Давлат бош­­­қарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғ­рисида»ги Конституциявий Қонун кучга кирди. Эътиборлиси, мазкур Қонуннинг қа­бул қилиниши билан сиё­сий пар­тиялар фракцияларига янада катта ҳуқуқ берилди, қонун ижодкорлиги жараёнида уларнинг ваколати кенгайди.

Бу борадаги ислоҳотлар шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Масалан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси илгари сурилди. Унда ифода этилган ғояларнинг рўёбга чиқиши давлат бошқарувини демократлаштиришда, сиёсий партияларнинг таъсир кучини оширишда ўзига хос янги, айтиш мумкинки, туб бурилиш даврини бошлаб берди. Бундан таш­қари, ўтган давр мобайнида Қонунчилик палатасининг Регламентига киритилган ўзгартишлар парламентдаги қонунчилик фаолияти сифатини оширишда сиёсий партиялар фракцияларига янада катта ваколатлар берди. Мухтасар қилиб айт­ганда, бугунги кунга келиб сиё­сий партиялар фракциялари профессионал асосда фаолият юритиши, ўз фикри, позициясини билдириши, ҳимоя қилиши учун етарли имкониятга эга бўлди.

Бироқ шунга қарамай, парламентда фракциялар, қолаверса, депутатларнинг берилган имконият ҳамда ваколатлардан фойдаланиш самарадорлиги кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўш­ма мажлисидаги маърузасида бу масалани ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, парламент олдида турган ўта муҳим вазифаларни кўрсатиб берди. Мамлакатимизда профессионал парламент ислоҳотларини кейинги босқичга кўтаришда бу вазифаларни ҳал этиш долзарб аҳамият касб этади.

Фракция аъзолари парламент палаталарининг қўшма мажлисида таъкидланган ҳар бир масалани чуқур таҳлил қилишга, керакли хулосалар чиқаришга алоҳида эътибор қаратди.

Йиғилишни фракция раҳбари Ҳотамжон Кетмонов олиб борди ва маъруза қилди:

— Қўшма мажлисда парламент фаолиятини замонавий талабларни инобатга олган ҳолда тубдан яхшилаш, қонун ижодкорлиги ва қонунчилик ­фаолияти сифатини ошириш борасида олдимизда турган энг муҳим вазифаларга эътибор қаратилди. Хусусан, Президентимиз депутатларнинг профессионал даражасини мунтазам ошириб бориш Олий Мажлиснинг келгуси беш йилдаги бутун фаолияти давомида энг муҳим йўналишга айланиши даркор, дея таъкидлаб ўтди. Ҳар биримиз бу масаланинг мазмун-моҳиятини чуқур тушуниб олишимиз зарур бўлади.

Чунки давр ўзгариб, олдимизга янгидан-янги талаблар қўйилмоқда. Кечаги кун билан бугунги шароитни таққослаб бўлмайди. Ҳозирги парламент депутати ўз ишига профессионаллик нуқтаи назаридан ёндашиши керак. Бунинг учун мавжуд тажрибаларни ўрганиш, уларни замон талабидан келиб чиқиб, янада кучайтириш лозим. Қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнида таклифларни илгари суриш билан чекланиб қолмаслик, амалдаги қонунларнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти, таъсирини мунтазам ўрганиб бориш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан изчил назорат ўрнатиш, парламент сўрови институтидан самарали фойдаланиш зарур.

Биз бир нарсани ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз керак.  Бизнинг зиммамизда маълум бир ҳудуд доирасида эмас, балки мамлакат миқёсидаги масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш, қонунлар сифатини оширишдек улкан масъулият турибди. Демак, шунга яраша фракциямизнинг ҳар бир аъзосидан чуқур билим, тинимсиз меҳнат ва фаоллик, энг асосийси, ишга халқ вакили, деган ишончга муносиб бўлиб ёндашиш талаб этилади.

Феруза Эшматова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонунлар пухта ва пишиқ, мукаммал бўлса, ижроси изчил таъминланса, бундан давлат ва жамият фақат манфаат кўради. Бунда асосий масъулият, албатта, парламент депутати зиммасига тушади. Чунки Қонунчилик палатаси депутати қонунларнинг ҳаётимиздаги таъсирчанлигини ошириш, жамиятдаги муаммоларни аниқлаб, уларнинг ҳуқуқий ечимларини топишда масъул бўлиши керак.

Қўшма мажлисда бу борада нималарга эътибор беришимиз кераклиги, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда парламент депутатининг вазифалари аниқ айтиб ўтилди. Хусусан, алоҳида қайд этилдики, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва уларни қабул қилиш жараё­нида биз, аввало, мазкур қонунга реал ҳаётда қай даражада эҳтиёж борлиги ва у қанчалик самарали ишлашини ўрганиб чиқишимиз керак.

Ҳақиқатан ҳам, қабул қилинаётган қонунларнинг фуқароларимиз ҳаёт тарзига нечоғлик ижобий таъсир этаётгани, яна қандай ҳуқуқий масалаларга талаб борлигини доимий равишда ўрганиб боришимиз керак. Фракция ёки қўмита йиғилишида муҳокама этилаётган қонун лойиҳасига таклиф киритиш билан вазифамни адо этдим, деган қараш мутлақо нотўғри, деб ўйлайман. Биз сайловчиларнинг, халқимизнинг талабига муносиб жавоб бериш учун Қонунчилик палатасида ўтказилаётган йиғилишларда ўз фикр-мулоҳазаларимизни баён қи­лиш билан чекланмаслигимиз керак, аксинча қонунлар ижроси, уларнинг халқ манфаатига уйғунлигини таҳлил этиб боришимиз, парламент назоратини изчил йўлга қўйишимиз зарур. Шунда қонун лойиҳасини муҳокама қилиш пайтида айтилаётган таклифлар юзаки ва бир томонлама бўлиб қолмайди.

Одамларнинг турмуш фаровонлиги, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, аввало, қонун устуворлиги билан белгиланади. Биз бугун юртимизда демократик давлат, фуқаролик жамияти қураётган эканмиз, албатта, қонунларимиз сифатини оширишга жиддий киришишимиз керак. Бунинг учун қонунлар мазмун-моҳияти бўйича аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар уюштириш, одамларнинг бу борадаги фикрларини ўрганиш, шу асосда фракциялараро баҳс-мунозараларни чуқурлаштириш зарур, деб ҳисоблайман.

Собитхон Турғунов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Албатта, юқорида таъкидланганидек, олдимизда турган муҳим вазифалардан бири — парламент назоратини кучайтириш ҳисобланади. Қўшма мажлисда ҳам депутатларнинг сайловчилар билан ишлашини тубдан яхшилаш, палаталар фаолиятига парламент назоратининг замонавий усулларини татбиқ қилиш кераклигига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Парламент назорати самарадорлигини таъминлашда асосий масъулият сиёсий партиялар фракциялари зиммасига юкланади. Аҳамиятли жиҳати, парламент назоратини амалга ошириш қонунларни ҳаётга тўла-тўкис жорий этиш, ижтимоий-иқтисодий дас­турларнинг вақтида, самарали бажарилишини таъминлашга хизмат қилади. Қолаверса, жойларда ечимини кутаётган муаммоларни ўрганиш, давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг ­фаолиятини кузатиб бориш, қонунчилик ташаббуслари сифатини ошириш имконини беради. Шундай экан, бугун ҳар бир депутат зиммасидаги масъулиятни чуқур англаши, фракция ишини мутлақо янгича асосда, замонавий усулларда ташкил этиши зарур.

Парламент назоратини самарали олиб бориш учун партия бошланғич ташкилотлари, маҳаллий кенгашлар ва партия гуруҳлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатишимиз керак. Шу орқали қонун ҳужжатларининг жойларда қандай бажарилаётганини ўрганиш, одамлар қандай ­муаммоларга дуч келаётгани, қандай қонунларга эҳтиёж борлиги ҳақида таклиф ва тавсиялар олиш имкони бўлади.

Шунингдек, электорат манфаати ифода этилган қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш пайтида партия фаоллари, тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари иштирокини янада кенгайтириш зарур, деб ҳисоблайман. Бу жараёнда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фикр-мулоҳазаларини ҳам чуқур ўрганиш лозим. Бу  қабул қилинаётган қонунларда аҳоли манфаати тўлақонли акс этишига хизмат қилади.

Йиғилишда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосидаги фракция таклифлари парламент Қонунчилик палатасида тузилган ишчи гуруҳига тақдим этиладиган бўлди. 

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.