29.01.2015

ХАЛҚИМИЗНИНГ ХОҲИШ-ИРОДАСИНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШДА

парламентнинг ўрни, нуфузи ошиб бормоқда

Шундай ғоя, шундай дастурлар бўладики, улар маъно-мазмуни, моҳият-эътиборига кўра, халқ, мамлакат тарихида янги даврни бошлаб беради. Президент Ислом Каримов илгари сурган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси шу маънода юртимиз ижтимоий-сиёсий тараққиёти, ҳеч шуб­ҳасиз, янги босқичга ўтишига асос бўлди, ҳаётимизни эркинлаштириш ва демократлаштиришнинг Стратегик дастурига айланди.

Мазкур Концепция ғоялари асосида мамлакатимиз парламентига бу галги сайлов янада демократик тартиб-қоидалар жорий этилаётган, хал­қимизнинг демократик тафаккури тобора ўсиб бораётган шароитда ўтди. Олий Мажлис Қо­нунчилик палатаси ва Сенатининг 23 январь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида Президент Ислом Каримов мазкур сайловга, унинг халқимиз ҳаётини демократлаштиришдаги аҳамиятига юқори баҳо берди.

Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг маърузасида бу галги сайловлар авваламбор жамоатчилигимиз, халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, сиёсий партиялар, фуқаролик институтларининг обрў-эътибори ва нуфузи, етуклик даражаси сезиларли ошганини кўрсатгани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, ўтказилган сайловлар мамлакатимизда демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришга қаратилган, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳаётимизга жорий қилинаётган демократик ўзгариш ва ислоҳотларнинг амалий натижаларини намойиш этганига эътибор қаратилди.

Шу ўринда яна бир масалага тўхталиб ўтиш ўринли бўлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги таркиби эндиликда янгича тартиб-таомиллар, жаҳонда умумэътироф этилган мезон ва қоидалар асосида фаолият юритади. Мазкур қоида ва мезонлар аввало Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ғояларининг ҳаётимизга бевосита татбиқ этилиши билан боғлиқдир.

Айтиш жоизки, парламент палаталарининг янги чақириқдаги дастлабки қўшма мажлиси Концепция ғоялари асосидаги тартиб-қоидаларга мувофиқ тарзда ўтди. Хусусан, унда парламент олдидаги энг муҳим вазифалар билан бирга, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим масала – Бош вазир, яъни ҳукумат раҳбарини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Бу тартиб Олий Мажлис палаталарининг ролини янада кенгайтириш, хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро органлари фаолияти устидан назоратини кучайтириш, ички ва таш­қи сиёсатни амалга оширишда, энг муҳим стратегик масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда ҳуқуқ ва ваколатларини ошириш йўлидаги жуда муҳим қадам бўлди.

Вазирлар Маҳкамаси ва жойлардаги ижро ҳокимиятларининг масъулияти кучайишида, Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларда уларнинг ҳисоботини мунтазам равишда эшитиш, шу асосда тегишли хулосалар чиқариш тартибларининг амалга ошишида бу сиёсий воқеа катта аҳа­мият касб этади.

Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия томонидан таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдим этилган Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиб, уни Олий Мажлис палаталари кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун таклиф этди. Бош вазир лавозимига номзод Олий Мажлисда унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ва тасдиқланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастурини тақдим қилди.

Ушбу Ҳаракат дастурига ­Президент Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамаси мажлисида белгилаб берилган 2015 йилда ва кейинги йилларда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришнинг стратегик вазифалари асос қилиб олинди. Жумладан, унда юртимиз иқтисодиётини замонавий мезон ва талаблар асосида ривожлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиётимизнинг жаҳонда рақобатбардошлилигини кучайтириш билан боғлиқ еттита йўналишдаги энг муҳим вазифалар қамраб олинди. Ҳар бир йўналишда амалга ошириладиган ишлар, ишлаб чиқиладиган дастурлар, уларнинг иқтисодий асослари ва кутилаётган натижалари ҳақида батафсил ахборот берилди.

Шундан сўнг Бош вазир номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг кўпчилик овози билан тасдиқланди.

Мамлакат ҳукуматини шакл­лантиришнинг ушбу тартибда амалга оширилиши ривожланган демократик давлатлар тажрибасига, умумэътироф этилган меъёр ва қоидаларга тўла мос келади. Бу тартиб давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришда, ҳокимиятлар ўртасида манфаатлар мувозанати ҳамда ўзаро тийиб туриш тамойили таъминланишида, парламентнинг мамлакат ҳаётида обрўси ҳамда таъсир кучи ошишида муҳим аҳамият касб этади.

Парламентдаги халқ вакиллари – депутатлар, сенаторларнинг мамлакат Бош вазирини тасдиқлаши бу борада халқимиз хоҳиш-иродаси амал­­га ошганини, улар ўз вакиллари орқали давлат ҳокимиятини ташкил қилишда, бош­қаришда иштирок этаётганини англатади. Эндиликда парламент Конституциямизга мувофиқ ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширади. Бу халқ назорати рўёбга чиқишига, фуқароларнинг устувор ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишига хизмат қилади.

Ҳукуматнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастури эълон қилинаётганда сиёсий партиялар фракциялари мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг айрим стратегик масалалари юзасидан ўз фикри, муносабати ва позициясини билдириш, тегишли саволларига жавоб олиш, айрим масалаларга янада ойдинлик киритиш имконига эга бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.

Натижада бундан буён парламентдаги муҳокамалар янада изчил тус олади. Сиёсий партиялар фракциялари, ­му­айян депутатлар ўртасидаги рақобат, ўзаро тортишувлар янада самарали бўлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси регламентига кўра, депутатлар фаоллиги, позициясини кўрсатиш, бирон масала муҳокамаси юзасидан нуқтаи назарини ҳимоя қилиш имкониятига эга.

Бир сўз билан айтганда, депутатлар, парламентдаги халқимиз вакиллари жонкуярлиги, фақат юртимиз тараққиёти ва юксалиши ҳақида ўйлаши, қайғуриши билан бутун жамиятга ўрнак бўлиши учун сабаб ва омиллар етарли. Мамлакатимизда демократия қарор топиши, унинг илдизлари мустаҳкамланиши, халқимизнинг онгу тафаккури, қалбидан чуқур жой олиши, ҳаёт тарзига айланиши кўп жиҳатдан депутатларнинг талабчанлигига, фидойилик кўрсатишига боғлиқ, десак, асло хато бўлмайди.

Сайловчилар бу галги парламент ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловда катта фаоллик кўрсатиб, юртимизда демократик давлат, фуқаролик жамияти бунёд этиш йўлидаги эзгу ислоҳотларни астойдил қўллаб-қувватлаётганини намойиш этди. Ўз навбатида бу яна бир нарсани – халқимиз парламентга сайлаган вакилларидан кўп нарса кутаётгани, ҳаётимизни янада фаровонлаштириш, тараққиётимизни жадаллаштириш йўлида уларга катта умид боғлаётганини англатади.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ

 




DB query error.
Please try later.