29.01.2015

ОДАМЛАР ИШОНЧИНИ ОҚЛАШ УЧУН ВИЖДОНАН ИШЛАШ КЕРАК

Мамлакат парламенти ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайлов­ларда Фарғона вилоятида ЎзХДП номзодларидан тўрт нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, 17 нафари халқ депутатлари вилоят Кенгашига ва 182 нафари шаҳар, туман Кенгашларига депутат этиб сайланди.

– Халқ депутатлари туман, шаҳар, вилоят Кенгашларидаги депутатларнинг 32 ­фоизини партиямиздан сайланганлар ташкил этади. Бу Сайлов­олди дастуримизни амалга оширишда, электорат манфаатларини ҳимоя қи­лишда, энг муҳими, сайловчилар ишончини оқлашда барча ҳудудларда партиямиз имкониятлари юқори эканини анг­латади. Халқ депутатлари туман, шаҳар, вилоят Кенгашлари сессияларига масала киритишда, қарорлар қабул қилинишида бу имкониятдан ўринли, самарали фойдаланишимиз керак, – дейди вилоят «Маҳалла» хайрия жамоат фонди раи­си, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати ­Акрамжон Йўлбарсов. – Сафимизда ҳуқуқшунос, иқ­тисодчилар кўпайди. Ҳар жиҳатдан ҳаётий тажрибага эга, эл ичида ҳурмат қозонган инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Биз уларнинг билим ва тажрибасига таяниб, одамларга фойдаси тегадиган ташаббуслар билан чиқишимиз, электорат манфаатига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилинишига эришишимиз зарур.

Маҳаллий Кенгашларга, масалан, Ёзёвон туманида 20 нафар, Риштон, Фарғона туманларида 15 нафар, Тошлоқ, Учкўприк туманлари ва Фарғона шаҳрида 13 нафардан ЎзХДП номзодлари депутат бўлиб сайланди. Демак, мазкур ҳудудларда бошқа пар­тия­ларга нисбатан бизнинг имкониятларимиз юқорироқ, сайловчилар кўпроқ бизнинг ғояларимиз, номзодларимизга ишонч билдиришган. Энди биз депутатлар шунга муносиб фаолият юритишимиз керак бўлади. Бунинг учун Сайловолди дастурида белгиланган масалалар асосида аниқ режа тузиб, иш юритишимиз талаб этилади.  

Пленумда парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайлов якунлари билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик даврида партия ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди.

– Бу борадаги биринчи қадам сайлов кампанияси вақтида партия ташкилотлари ва сайланма органлари ишини ўзаро мувофиқ ташкил этиш бўлади, – дейди ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Маҳмуджон Маҳкамов. – Бунинг учун Сайловолди дастурида белгиланган масалалар асосида аниқ режа тузиб, иш юритишимиз талаб этилади. Бунда бизнинг асосий вазифамиз партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиладиган номзодга қонуний ҳуқуқларини амалга ошириши ва сайловолди тадбирларини ўтказишига ёрдам бериш ҳисобланади.

Сайлов кампанияси даврида партия туман ва шаҳар кенгашлари бошланғич ташкилотларимиз аҳоли билан иш олиб борар эканлар, электоратимиз вакилларида фуқаролик позициясини мус­таҳкамлашга ҳаракат қи­лиш­лари лозим.

Айниқса, Президент сайловида биринчи марта овоз берадиган ёшларнинг фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.

Дарҳақиқат, бўлажак Пре­зидент сайлови партия­миз ғояларини тарғиб этиш, унга хайрихоҳлар сафини кенгайтириш учун ҳам катта имконият, масъулиятли имтиҳондир.

– Маҳаллий ташкилотларимиз биринчи навбатда, Ўзбекистон ХДП дастурий мақсадларини жамоатчилик орасида тарғиб қилишга эътиборни кучайтириши лозим, – дейди Учкўприк иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи директори, вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Гулчеҳра Ҳамидова. – Тегишли тар­ғибот материалларида – телевизион роликларда, сай­лов­олди плакатларида пар­тия­миз ғояларининг устун жиҳатларини тарғиб этиш, Ўзбекистон ХДП мақсадларининг ҳаётийлигини очиб беришга ёрдам берувчи шиорлар ва чақириқларни тайёрлаш керак.

Пленумда, шунингдек, Президент сайловида пар­тия­миздан кўрсатиладиган номзодни қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини йиғишни ташкил этиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Мазкур жараёнда партия ташкилотлари ҳамда гуруҳларининг ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятини ташкил этиш, бу борада қонунчилик талабларига тўлиқ риоя қилиш масалалари хусусида фикрлар билдирилди.

Кун тартибидаги барча масалалар бўйича пленумда тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.




DB query error.
Please try later.