29.01.2015

«МЕН ХДП АЪЗОСИ ЭКАНИМДАН ФАХРЛАНАМАН

Унинг истиқболига ишонаман»

Ўтган йилнинг ёзи. Қарши шаҳри. Қашқадарё дон экинлари уруғчилиги ва селекцияси илмий-тадқиқот инс­титутининг кенг ва шинам мажлисхонасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари ва партия ташкилотларининг вазифаларига бағишланган анжуман бўлаётган эди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия ташкилотлари етакчилари қатори ёшлар ҳам бирин-кетин ўз фикрларини билдираётгандилар.

Шунда бир қиз сўз сўради ва дадил гап бошлади. Мен нотиқларнинг фикрларини қайд этиб бораётган эдим. Бу сафар ёзишни унутиб қўйибман. Нега десангиз, ёш нотиқнинг нутқи янги фикрларга тўла эди. У ёшларнинг орзу-умидлари ҳақида жўшқинлик билан теран мулоҳазаларини айта бошлади. Кутилмаганда нутқини инглиз тилида давом эттирди. Мен инглиз тилини биладиган ёшларнинг биридан сўраганимда, «Мен ЎзХДП аъзоси эканлигимдан фахр­ланаман. Унинг истиқболига ишонаман», деган фикрларни таржима қилиб берди.

— Мен кўп йиғинларда сўзга чиққанман, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ­Комила Каромова. — Яширмайман, олдиндан анча тайёргарлик кўраман. Аммо мана шу қизимизнинг, адашмасам, БПТ етакчиси экан чоғи, сўзлари менга маъқул тушди. Жилоланмаган, аммо ички мантиқ кучли. Менимча, илмли, изланувчан. Шу ташкилотчи қизимиз ҳақида ёзсангиз, дегандим.

Депутатга ваъда бердим. Ўша куни партия­мизнинг ёш фаоли билан танишдим...

Нодира Умарова мактабда яхши ўқиди. 2004 йилда Тошкент ахборот технологиялари университетига ўқишга кириб, касб таълими бўйича бакалавр мутахассислигини эгаллади. 2009 йилда Тошкент давлат техника университети магистратурасида таълим олди. Ахборотларни йиғиш, қайта ишлаш ва уларни акс эттириш йўналишини чуқур ўрганди ва бир жаҳон орзу билан Муборакка қайтди.

Муборак шаҳри бугун нафақат газни қайта ишлаш заводи туфайли балки замонавий қурилиши, саҳро бағридаги кўркам бинолари билан ҳам мамлакатга донг таратди. Айниқса, газ ва нефть қазиб чиқаришга ихтисослашган ўқув юртлари тобора ­ривожланиб бормоқда. ­Нодира шаҳар марказидаги ижтимоий-иқтисодиёт коллежига ишга кирди. Айни пайтда коллежда 650 талаба компьютер графикаси, ахборотлаш технологияси, электрон ҳисоблаш машиналари каби 5 йўналишда таълим олмоқда. Нодира Умарова уларнинг энг севимли устозларидан бири.

Нодира ўз устида тинмай ишлайди. Айниқса, инг­лиз тилини яхши билиши хорижий адабиётлар билан танишиб бориш имконини бермоқда. Ўтган йили «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказилган Республика танловида ғолибликни қўлга киритди. Республика касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан ўтказилган «Энг фаол ўқитувчи» танловида ҳакамларни лол қолдириб, биринчи ўринни эгаллади ҳамда Италиянинг Турин шаҳрида ўтказиладиган хал­қаро танлов йўлланмасини қўлга киритди.

2009 йилда ЎзХДП сафига ўтди. Партиямиз Муборак туман кенгаши раиси Алима Парпиева унга муҳим ишларни топшира бошлади. Нодира эса ҳар бир вазифага юксак интизом ва масъулият билан ёндашди. Ҳисобот-сайлов йиғилишида Нодира Умарова ҳудудий бошланғич партия ташкилоти раислигига сайланди. У ерда партия аъзолари сони 20 нафарга етди. Яқинда ёш ўқитувчи Дилбар Аҳмедовани ЎзХДП сафига қабул қилишди. Рости, Нодиранинг ўзи партияга ўтаётгандек ҳаяжонланди.

Ўтган йилнинг охири эди. Коллеж директори ­Абдуғани Қурбонов Нодирани ҳузурига чақириб, анча суҳбатлашди. Режаларини сўради. Ёрдам беришини айтди. «Майли, ёшлар билан шуғулланавер, илмингдан уларни баҳраманд қил», деди.

— Аввало, шунча имкониятларни яратиб бераётгани учун ҳукуматимиздан миннатдормиз, – дейди Нодира. – Фақат фаол меҳнат қилиш, эл-юртга кўпроқ наф келтириш лозим. Президентимиз қайси масалада гапирмасин, ёшларга катта ишонч билдириб келади. У кишининг эътиборини доимо ҳис этиб турамиз. Мен бунга жавобан сиёсий билимимни оширишга, партиямиз ғояларини ҳаётга татбиқ этиш ишларида фаол қатнашишга қарор қилганман.

Унинг ташкилотчилиги туфайли ёшлар орасида партиямизнинг мақсад-ғояларини юракдан ўрганаётганлар кўпайиб бормоқда. Улар сафимизга келиб қўшилмоқда. Яна бир гап. Нодира ўтган йилнинг охирида ўтказилган «Парламент билимдонлари» онлайн танловида фахрли ўринни олди. Унинг орзу-режалари кўп. Энг муҳими, у пар­тиямиз аъзоси эканидан фахрланади, унинг истиқболига ишонади.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.




DB query error.
Please try later.