29.01.2015

АЙБЛОВ ВА ОҚЛОВ

Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати жиноят қилганликда айбланган Бўстонлиқ туманида яшовчи Беҳзод Усмонбоевни айбсиз, деб топди.

Бу воқеага 13 йил бўлди. Ўн уч йилдирки, Бўстонлиқ тумани Сойлиқ қишлоғида яшовчи Усмонбоевлар оиласида ҳаловат йўқ. Улар ноҳақликка учрадик, дея турли идораларга шикоят қилиб келди. Ниҳоят, яқинда ҳақиқат қарор топди.

Аслида нима бўлган эди ўзи?

— Ҳамма гап шундаки, гўёки мен 2002 йилнинг 12 март куни эрталаб отам билан биргаликда ҳамқишлоғим Жўра Авазовни уриб, унга тан жароҳати етказганмишман, — дейди Беҳзод. — Ваҳоланки, мен ўша куни Бўстонлиқдан ташқарида, яъни Тошкентда бўлганман. Ўқишга кириш мақсадида тиббий кўрикдан ўтиш учун Дилшод деган бола билан Республика руҳий касалликлар шифохонасидан кўрикдан ўтиб маълумотнома олганман. Ва ўша куни қишлоққа қайт­маганман. Дилшодларнинг уйида қолганман. Бироқ, терговчилар Жўра Авазовга тан жароҳатни етказгансан, дея айблаб «иш»ни судга ўтказишди. Айбсиз айбдор бўлиб қолдим?..

Шу ўринда «жабрланувчи» Жўра Авазов ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. Сабаби, баъзи ҳолатларга аниқлик киритишда унинг шахси маълум даражада аҳамиятга эга, деб ўйлаймиз. Жўра Авазов турли жиноятлари учун шу кунгача етти марта судланган (хавфли рецидивист). У ҳозирги кунда ҳам жиноят содир этганлиги учун жазо муддатини қаттиқ тартибли калонияда ўтамоқда.

Биз Беҳзод Усмонбоевнинг 2002 йил 12 мартда Бўстонлиқ туманида бўлган ёки бўлмаганлиги, Жўра Авазовни урган ёки урмаганлигига аниқлик киритиш мақсадида воқеа жойида бўлган гувоҳлар билан юзма-юз учрашиб, суҳбатлашдик.

Беҳзод Усмонбоевнинг 2002 йил 12 март­да воқеа жойида умуман бўлмаганлигини тасдиқловчи қатор далиллар мавжуд.

Қўлимизда Республика руҳий касалликлар шифохонасидан олинган маълумотнома бор. Унда айнан шундай сўзлар ёзилган: «Бўстонлиқ тумани Сойлиқ қишлоғида истиқомат қилувчи Беҳзод Усмонбоев 2002 йил 12 март куни мурожаат қилган — Республика руҳий касалликлар шифохонаси диспансер бўлимига ва у ерда №8 билан охирги 5 йилликда мурожаат қилмаган».

Яна бир эътиборга молик жиҳатга тўхталсак. Беҳзод Усмонбоев ҳарбий билим юртига ўқишга кириш учун 2002 йилнинг баҳорида Бўстонлиқ тумани ИИБ бошлиғининг рухсатномаси билан тиббий маълумотнома тўплай бошлаган. Ўша йилнинг ёзида имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, Тошкент олий ҳарбий техник билим юртига ўқишга киради. Орада бир неча бор уйига — Сойлиқ қишлоғига бориб келади. Бироқ негадир унга нисбатан «қидирув» эълон қилинади.

— 2002 йил 6 сентябрда билим юрти дарвозаси олдида мени кутишаётганини айтишди, — дейди Беҳзод Усмонбоев. — Улар ўзларини жиноят қидирув ходимлари, деб таништиришди. Бир йигитни урибсан деб, Бўстонлиққа олиб кетишди. Туман ички ишлар бўлими терговчиси Ёқуб Қаюмов ёзилган ва бўш (ҳеч нарса ёзилмаган демоқчи) қоғозларга алдаб қўл қўйдирди. Кейин эса суд бўлди. Шундан бери оворамиз-да...

Ана энди «жабрдийда» Жўра Авазовнинг ўз қўли билан ёзган тушунтириш хатига эътибор қаратайлик. «Тушунтириш хати шундан иборатки, 12 март куни Равшан ака билан можарода ўғли Усмонбоев Беҳзод умуман қатнашмаган. Мен Равшан акага жаҳл қилиб, ўғли Усмонбоев Беҳзодни мени  урди, деб аризамга қўшиб юборган эдим»...

Гувоҳлар Фахриддин Минагметов, Алимаҳамат Холметов, Фахриддин Исломов, Рустам Йўлдошев, Ўғилжон Дониёрова ва бошқалар 2002 йил 12 март куни эрталабки жанжал пайтида Беҳзод Усмонбоевни умуман кўришмаганлигини қайта-қайта таъкидлашди. Бироқ дастлабки тергов ва суд жараёнида гувоҳлар кўрсатмалари негадир эътиборга олинмади.

Гувоҳ — Республика руҳий касалликлар шифохонаси собиқ ҳамшираси Латофат Раҳматуллаева кўрсатмаси муҳим аҳамиятга эга. У шундай деди: «Мен ишлаган даврда — 2002 йил 12 мартда Беҳзод Усмонбоев бир оғайниси билан бизнинг шифохонага келган ва 7 ҳамда 8 рақам билан рўйхатдан ўтган. Мен бу ҳақда судда айтганман. Суддан олдин ҳатто Бўстонлиқ милициясидан келганлар қайд этиш дафтаридан ҳам ксеракопия олиб кетишганди-ку! Ҳайронман, нега бу болани шунча овора қилишди».

Беҳзод Усмонбоев «иши» турли суд босқичларида кўп бор кўрилди. Охирги марта яқинда, яъни 2014 йил 2 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Беҳзод Усмонбоевга нисбатан чиқарилган суд қарорларини бекор қилиб, унинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаганлиги сабабли, айбсиз деб топиб, реабилитация қилишни ҳамда жиноят ишини ЖПК 83-моддасининг 3-бандига асосан тугатишни лозим, деб топди. Олий суд ажримида шундай сўзлар ёзилган:

«Усмонбоев Беҳзод Равшанбековичга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2006 йил 18 декабрдаги ҳукми ҳамда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инс­танциясининг 2007 йил 23 январдаги ажрими бекор қилинсин.

Усмонбоев Беҳзод Равшанбековичнинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаганлиги сабабли, жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПК 83-моддасининг 3-бандига асосан тугатилсин».

Бу ўринда Олий суд инсон ҳуқуқи, тақдирига масъулият билан қараш кераклиги намунасини алоҳида кўрсатганини таъкидлаш лозим.

Қанча асаббузарлик, ҳаловатсиз кунлар, тунлар, йиллар ўтиб ниҳоят, ҳақиқат қарор топди!     

Аччиқ, аммо очиқ бир гап хаёлимиздан ўтаверади. Эндигина 18 ёшга тўлган, катта орзу-умидлар билан олий ҳарбий билим юртига ўқишга кирган бу йигит ўқишдан ҳайдаттирилди, судланган, деган ёрлиқ бўйнига осилди. Дастлабки суд жараёнларида бу хато тузатилганда бир оила 12 йил азоб тортмаган бўларди...

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.




DB query error.
Please try later.