29.01.2015

ЎЗБЕК ЦИРК САНЪАТИ

хорижда ҳам машҳур

Тошкент давлат цирки директори Садриддин Қурбонов билан суҳбат

— Цирк томошалари болаларнинг дунёқарашини бойитиш ҳамда зукко ва соғ­лом вояга етишида муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда намойиш қилинаётган дастурларда қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиляпти?

— Айни вақтда жамоамизда 60 нафардан зиёд цирк санъати усталари  бор. Дастурларимизни мунтазам тўлдириб, янгилаб бориш мақсадида алоҳида режа тузганмиз. Бунда асосан ўзбек цирк санъатининг ўзига хос томонларига эътибор қаратдик. Дорбозлар ва  чавондозларнинг чиқишлари, ҳайвонлар билан ўйинларга эса кенг ўрин ажратдик. Томошаларимиз орқали болаларнинг дунёқарашини бойи­тиш, улар орасида  соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида эртак қаҳрамонларининг акробатлар, гимнастикачилар чиқишлари билан янада бойитдик. Ўтган йил  декабрь ойида «Циркда янги йил томошалари» дастуримизга турли вилоятлардан 200 минг нафарга яқин томошабин ташриф буюрди. Бундан ташқари, Москва давлат цирки жамоасини ҳам таклиф қилган эдик. Хориждаги ҳамкасб­ларимиз «Шерлар орасида» номли дастури билан пойтахтимизда 8 ноябрдан 14 декабр­гача қизиқарли томошалар намойиш этишди.  

— Ўзбек цирк санъати узоқ тарихга эга. Бу борада кўп йиллик орттирилган тажриба, авлоддан авлодга ўтиб келаётган анъаналар бор...

— Ҳар бир мамлакат ва халқ­нинг ўз цирки, ўз услуби, ўзига хос тарзда томошабин кўнглига йўл топиш усуллари мавжуд. Бизнинг цирк санъатимиз эса дарбоз ўйинлари, чавондозлик ва акробатика жанридаги мураккаб элементларни бажариши билан алоҳида ажралиб туради. Шуни қувонч билан таъкидлаш керакки, мазкур мураккаб машқ­ларни пухта ўзлаштирган моҳир цирк усталаримиз кўплаб топилади.

Шу ўринда ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бизнинг цирк санъатимизни Европа, Осиё, Африка мамлакатларидаги цирк ихлосмандлари юқори баҳолашади. Шу боис тез-тез турли давлатлардан таклифлар олиб турамиз. Кўп йиллардан буён чавандоз, дорбозларимиз турли халқаро фестивалларда фахрли ўринларга сазовор бўлишмоқда. Масалан, Хитойда бўлиб ўтган халқаро цирк фестивалини олайлик. Унда Ҳаким Зарипов раҳбарлик қилаётган уч нафар чавандозимиз  чопаётган от устида бажариш қийин бўлган мураккаб трюкларни моҳирлик билан амалга ошириб, томошабинларни лол қолдирган эди. Бундай ижро ҳали ҳеч ким томонидан амалга оширилмагани боис ўзбек чавандозларининг исм-фамилияси «Хитой рекордлар китоби»га киритилди. Яқинда ушбу мамлакатдан таклиф олдик. Уларни ҳайратга солган машҳур трюкимизни яна кўришни исташаётганлигини алоҳида таъкидлашган.

2011 йили Рига шаҳрида бўлиб ўтган халқаро фестивалда ҳам циркнинг ёш вакиллари Рустам ва Комила Хаметовалар ижросидаги «Шарқона дуэт» ижроси мухлисларнинг катта қизиқиш ва ҳайратига сабаб бўлган эди. Ўшанда ўз маҳоратини намойиш қилган ёшларимиз фахрли 1-ўринга лойиқ кўрилган эди.

Шу ойнинг 22-27 январь кунлари Латвия давлатида «Олтин Карл — 2015» халқаро цирк фестивали бўлиб ўтди. Унда ҳам Рустам ва Камила Хаметовалар «Ҳаво чамбараги» номидаги ижроси билан фахрли учинчи ўринга муносиб кўрилганди.            

— Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинади. Бу борада цирк жамоа­си қандай ишларни амалга оширмоқда?

—Тегишли идора ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликда мурувват акцияларини мунтазам ўтказиб боришни йўлга қўйганмиз. Масалан, «Циркда янги йил томошалари» дастурига Тошкент вилояти ва пойтахтимиз маҳаллаларида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 4500 нафардан зиёд фарзанди, Меҳрибонлик уйларининг 10 000 нафар тарбияланувчиси таклиф этилди. Бундан ташқари, Москва давлат цирки жамоаси томошаларининг бир кунини хайрия акциясига бағишладик. Келгусида мана шундай мурувват акцияларини республикамиз бўйлаб ўтказиб бориш режасини ишлаб чиқаяпмиз. 

— Суҳбатимиз сўнгида келгусидаги режаларингиз билан ўртоқлашсангиз?

— Ўтган йилдан бошлаб пойтахтимиздаги Республика эстрада ва цирк коллежи билан ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтардик. Унга кўра, битирувчи талабалар циркимиз аренасида диплом ишига доир чиқишларини намойиш қилади. Биринчи ва иккинчи курс талабаларининг келиб амалиёт маш­ғулотларини ўтказишига етарлича вақт ажратиб, моҳир артистларимизни ҳам жалб қилдик. Уларнинг орасидан энг иқтидорлиларини иш билан таъминлашга эътибор қаратдик. Ўтган йилда ана шундай ёшларимиздан 20 нафарга яқинини ишга қабул қилдик. Айни вақтда катта иштиёқ билан меҳнат қилаётган ёшларимиз сафи ортиб бормоқда. Бундан ташқари, шу кунларда халқаро алоқаларимиз доирасини кенгайтириб бориш режасини ишлаб чиқаяпмиз. Хориж мамлакатларидан олган таклифларимизга кўра, гас­троль сафарларимиздаги дас­турларни янгилаш устида изланишлар олиб бораяпмиз.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Абдусалим МАҲМУДОВ

суҳбатлашди.




DB query error.
Please try later.