27.01.2015

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ЯҚИН МУДДАТГА ВА УЗОҚ ИСТИҚБОЛГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ҲАРАКАТ ДАСТУРИ

2015 йилнинг 23 январида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастури тақдим этилди

Жорий йил 16 январда ўтказилган 2014 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан 2015 йилда ва кейинги йилларда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришнинг стратегик вазифалари белгилаб берилди. Янги таркибдаги Ҳукуматнинг асосий эътибори қаратилиши лозим бўлган вазифаларнинг мазмун-моҳия­ти ва уларни амалга ошириш механизмлари чуқур очиб берилди. Жумладан, қуйидаги энг муҳим ва долзарб вазифаларга алоҳида аҳамият қаратилди.

Биринчидан, таркибий ўзгартиришларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, саноатнинг етакчи тармоқларини модернизация ва фаол диверсификация қилиш ҳисобига иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш.

Иккинчидан, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада тараққий эттириш учун бу йўлдаги барча тўсиқлар ва чеклашларни бартараф этиш, ушбу соҳа ривожига тўлиқ эркинлик бериш.

Учинчидан, иқтисодиётда давлат иштироки даражасини танқидий баҳолаш, уни стратегик ва иқтисодий асосланган даражагача қисқартириш.

Тўртинчидан, корпоратив бошқарув тизимидаги тамойиллар ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш, шунингдек, ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ва инвестиция жараёнларининг корпоратив менежментига доир халқ­аро замонавий стандартларни жорий этиш.

Бешинчидан, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш.

Олтинчидан, ривожланган инфратузилмани, биринчи навбатда, ахборот-коммуникация тизимларини яратиш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилиши бўйича амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтариш.

Еттинчидан, аҳоли бандлигини таъминлаш, энг аввало, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш учун янада кенг шарт-шароитлар яратиш.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган ушбу стратегик вазифалар Ҳукуматнинг Ҳаракат дастурига асос ва пойдевор ҳисобланади. Қабул қилинган қонун ҳужжатларига таянган ҳолда, 2015 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик устувор йўналишларини ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш – Ҳукуматнинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади. 

Қайд этилган муҳим устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ҳукумат бир қатор дастурий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқишни ва уларни яқин муддатларда тасдиқлаш учун киритишни таъминлайди. Ушбу лойиҳаларнинг ҳар бирида иқтисодиёт тармоқлари ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича мақсадли дастурлар ҳамда уларни амалга ошириш  механизмлари белгилаб берилади.

Биринчи устувор вазифани амалга ошириш учун – иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришларни янада кенгайтириш, саноатнинг етакчи тармоқларини модернизация ва фаол диверсификация қилишни амалга ошириш доирасидасаноатни янада ривожлантириш ва унинг рақобатдошлигини оширишни таъминлайдиган дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

Хусусан, 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш доирасида жами қиймати 38 миллиард долларга тенг бўлган 870 та йирик инвестиция лойиҳаси рўйхати шакллантирилди. Ушбу лойиҳаларга биноан 415 та янги корхона барпо этиш ҳамда 455 та ишлаб турган корхонани модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш назарда тутилмоқда.

Дастурнинг принципиал тарзда ажралиб турадиган жиҳати шундаки, экспортга мўлжалланган, ички ва ташқи бозорларда рақобатдош бўлган маҳсулот турларини аниқлаш ва юқори технологияга асосланган ишлаб чиқариш корхоналарини жадал ривожлантиришга асосий эътибор қаратилган. Булар жумласига тайёр тўқимачилик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотлар, полимерлар ва углеводородларни чуқур қайта ишлаш орқали олинадиган бошқа маҳсулотлар, электр-маиший ва электрон товарлар, маиший кимё товарлари, замонавий қурилиш ва пардозлаш материаллари, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва фармацевтика саноати маҳсулотлари киради.

Бундай кенг кўламли дастурни амалга ошириш учун Ўзбекистонда етарлича тажриба, ресурс ва имкониятлар мавжуд. Мамлакатимиз Президентининг ташаббусига кўра, сўнгги йилларда республикамизда бир қатор ноёб, илғор технологияларга асосланган ва энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган саноат корхоналари барпо этилди. Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, «Женерал Моторс Пауэртрейн — Ўзбекистон» қўшма корхонаси, Устюрт газ-кимё комплекси, Самарқанд вилоятидаги оғир юк автомобиллари заводи, замонавий буғ-газ энергоблоклари ва иссиқлик электр станциялари, шунингдек, бошқа бир қатор лойиҳалар шулар жумласидандир.

Республикада ушбу ўта мураккаб лойиҳаларни амалга оширишда тўпланган илмий-техник, муҳандислик-ишлаб чиқариш ва интеллектуал салоҳият энг илғор технологиялар жорий этиладиган янги, техник жиҳатдан янада мураккаб бўлган лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотларнинг узоқ йиллар мобайнида рақобатдош бўлиб қолишининг кафолати ҳисобланади.

Ана шу орттирилган тажрибани нафақат саноатнинг базавий тармоқларида, балки бошқа соҳаларда ҳам, энг аввало, қайта ишлаш саноатида кенг қўллаш лозим бўлади. Бунинг учун ташкил этиладиган ишлаб чиқариш объектларига профессионал ва стратегик хорижий инвесторлар ҳамда энг илғор технологияларга эга бўлган компания­лар жалб этилади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра дастурни амалга ошириш қу­йидаги натижаларга эришиш имконини беради:

— машинасозлик, кимё, нефть-газ-кимё, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати каби юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тармоқлар жадал ривожлантирилади. Бунинг натижасида саноат маҳсулотларининг 1000 тадан ортиқ янги турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади;

— саноат ишлаб чиқаришининг 5 йилда 1,5 баробарга ўсиши, саноатнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 24 фоиздан 2020 йилга бориб 27 фоизгача ортиши мўлжалланмоқда;

— юқори технологияли маҳсулотлар экспортини янада ошириш ва 52 мингтадан ортиқ янги иш ўрни яратиш назарда тутилмоқда.

Саноатни ривожлантириш борасидаги яна бир устувор вазифа бу ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш ҳисобланади.

Маҳаллий хомашё ва материалларни чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳисобидан импорт ҳажмини оптималлаштириш мақсадида 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларни маҳаллийлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш дастури тайёрланмоқда.

Дастур маҳаллий минерал хомашёни чуқур қайта ишлашни ва талаб юқори бўлган 1225 та маҳсулот турини ишлаб чиқаришни таъминлайдиган 600 та лойиҳани ўз ичига олади. Дастурнинг ижроси ҳар йили 3,5 миллиард доллар миқдоридаги импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва 13 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Республика Ҳукумати иқтисо­диётни изчил ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлиги ва турмуши сифатини оширишнинг энг муҳим асоси сифатида хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга доир устувор вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратади.

Ана шу мақсадда Хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилмоқда.

Дастур қуйидагиларни назарда тутади: бизнес юритиш шарт-шароитларини янада эркинлаштиришни жадаллаштириш; давлат органларининг хусусий бизнесга ноқонуний аралашуви ҳолатларига тўлиқ барҳам бериш; бу йўлдаги барча тўсиқларни ва асоссиз чеклашларни бартараф этиш; очиқ биржа ва ярмарка савдолари орқали кичик бизнеснинг моддий ва хомашё ресурсларидан, кредит ва молиявий механизмлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш.

Давлат бошқаруви ва назорат қилувчи органлар ва уларнинг мансабдор шахсларининг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашуви ва хусусий тадбиркорлик учун тўсиқлар яратиши, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқлари ва кафолатлари бузилиши юзасидан уларнинг масъулиятини кучайтириш бўйича қонунчиликни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Тадбиркорлар ман­фаатини судлар томонидан ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришга доир таклифлар тайёрланади.

Рўйхатдан ўтказиш ва рухсатномалар олиш механизмларини «ягона дарча» тамойили асосида янада соддалаштириш масалалари асосий диққат-эътибор марказида бўлади. Бунинг учун ҳар бир туманда Тадбиркорлар учун ягона марказ ташкил этиш таклиф этилмоқда. Унинг асосий вазифаси — мулкка бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш, бизнес субъектларига ер участкалари бериш, қурилиш ва объектларни инфратузилма тармоқларига улаш билан боғлиқ бўлган рухсатномалар ва тартиб-қоидаларни соддалаштириш ва арзонлаштиришдан иборат.

Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш бўйича устувор вазифаларни амалга ошириш учун 2015-2016 йилларда давлат мулкини хусусийлаштириш дастурини шакллантириш якунланмоқда. Ушбу Дастур қуйидагиларни назарда тутади:

— тўла қувват билан ишламаётган 660 тадан кўпроқ давлат корхонасини тугатиш ва очиқ савдо орқали янги хусусий мулкдорлар тасарруфига ўтказиш;

— стратегик аҳамиятга эга бўлмаган 360 та корхонадаги давлат улушини тўлиқ равишда сотиш;

— фойдаланилмаётган 400 тадан ортиқ давлат мулки объектини «ноль» қиймати бўйича сотиш. Бу, ўз навбатида, қисқа муддатларда стратегик хорижий инвесторлар ва замонавий технологияларни жалб этиш имконини беради;

— хусусий инвесторларга 450 миллиард сўмлик қўшимча акцияларни фонд бозорида сотиш орқали ишлаб турган 203 та корхонадаги давлат улушини 51 фоизгача қисқартириш.

Юқорида кўрсатиб ўтилган Дастурни амалга ошириш натижасида давлат мулки бўлган қарийб 1000 та объект очиқ савдоларда сотилади, устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар сони эса 534 тадан 147 тагача, яъни 3,6 баробарга камаяди.

Корпоратив бошқарув тизимидаги тамойил ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш бўйича энг муҳим устувор йўналишни амалга ошириш мақсадида мулк таркибида давлат улуши бўлган 1100 тадан ортиқ акциядорлик компанияси ва бошқа хўжалик бирлашмалари фаолиятининг самарадорлигини танқидий кўриб чиқиш ҳамда бу соҳада Япония, Жанубий Корея, Германия ва бошқа ривожланган мамлакатларда қўлланилаётган менежмент тизимлари асосида янги услуб ва ёндашувларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш мўлжалланмоқда.

Корпоратив бошқарув тизимида тамойиллар ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш доирасида давлат улушига эга бўлган акциядорлик компанияларининг янги намунавий ташкилий тузилмаси ва уларнинг ходимларига қўйиладиган талаблар тасдиқланади ҳамда вазифалари белгиланади.

Бундан асосий мақсад — бош­қарув ходимлари ва мутахассислар лавозимлари номи ва функционал вазифаларини ўзгартирибгина қолмай, балки уларнинг фаолият кўрсатиш тамойилларини тубдан ўзгартиришдан иборатдир. Бу эса, ўз навбатида, ривожланиш учун ўзаро ҳамкорлик ва ташаббускорликка янги туртки беради.

Навбатдаги муҳим вазифа — бугунги кунда аксарият ҳолларда эскича маъмурий-буйруқбозлик усулида корхонани бошқараётган самарасиз директорлик корпусидан батамом халос бўлиш. Бундан мақсад — корхоналарни бозор иқтисодиётини чуқур биладиган ва юксак профессионал малакали янги менежерлар бошқаришига эришишдир.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантиришни янги босқичга кўтариш Ҳукумат фао­лиятининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлади.

Ҳозирги вақтда бу борадаги таркибий қайта ўзгартиришларни давом эттиришга, илғор агротехнологияларни жорий этишга, соҳани комплекс механизациялаш ҳамда хомашё ресурсларини қайта ишлашни чуқурлаштиришга қаратилган ҳужжатлар лойиҳаси тайёрланмоқда.

Республикамиз фермерлари билан жойларда бўлиб ўтган учрашувларда ва Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга ошириш масалалари бўйича халқаро конференцияда давлатимиз Президенти томонидан белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ 2015-2019 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилмоқда. Дастур ҳосилдорлиги паст бўлган ғўза майдонларини қисқартириш, бўшайдиган ерларга мева-сабзавот, полиз, картошка ва бош­қа озиқ-овқат экинларини жойлаштириш, интенсив боғлар барпо этиш ҳисобига экин майдонларини босқичма-босқич оптималлаштиришни назарда тутади. Селекция ва уруғчиликни янада ривожлантиришга, шу жумладан, ғўза ва дон экинларининг янги, юқори самарали, шўрга ва қурғоқчиликка чидамли навларини яратишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади.

Деҳқон ва фермерларимизни ўзимизда ишлаб чиқарилган замонавий техникалар билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида «Ўзагросаноатмашхолдинг» компанияси корхоналарида «Клаас», «Лемкен» ва бошқа етакчи компаниялар билан ҳамкорликда замонавий, юқори самарали тракторларни, модернизация қилинган пахта териш машиналари, ғалла ўриш комбайнларини ва бошқа техникаларни ишлаб чиқариш ташкил этилади.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши самарадорлигини оширишнинг муҳим асоси ва кафолати сифатида суғориладиган ерларнинг ҳосилдорлигини оширишга Ҳукумат алоҳида эътибор қаратади. 2013-2017 йилларда Суғориладиган ерларни мелиоратив жиҳатдан яхшилаш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш изчил давом эттирилади. Дастур ирригация ин­шоотлари комплексини қуриш ва реконструкция қилишни ҳамда янада замонавий, энергияни тежайдиган асбоб-ускуналар ўрнатишни назарда тутади. Бундан мақсад — 5 йил давомида 1 миллион 400 минг гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишни таъминлашдан иборатдир.

Сувни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш ишларини давом эттириш, жумладан, боғлар ва узумзорларни томчилатиб суғориш тизимларини кенгайтириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу эса ҳар йили 1 миллиард кубометргача сувни тежаш имконини беради.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш — навбатдаги муҳим вазифа ҳисобланади. Ушбу мақсадда озиқ-овқат саноатида 391 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, камида 1 миллион 300 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ҳажмига эга бўлган 2 мингдан ортиқ замонавий совутиш камераларини қуриш, сақлаш жойларининг умумий ҳажмини 2 миллион тоннагача етказиш назарда тутилмоқда. Айни вақтда ўзаро боғланган логистика тизими ривожлантирилади.

Аграр соҳада кўрсатиб ўтилган ва бошқа чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида 2015-2019 йилларда озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий турлари билан республиканинг ўзини-ўзи таъминлаши, шунингдек, ташқи бозорларда талаб юқори бўлган ушбу маҳсулотлар экспортини сезиларли ошириш таъминланади.

Мамлакатимизда ахборот-коммуникация тизимини, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилишини ривожлантириш бўйича устувор йўналишни амалга ошириш доирасида барча инфратузилма соҳаларини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш, шунинг ҳисобидан ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни жаҳон бозорларига чиқариш харажатларини камайтириш муҳим вазифа ҳисобланади.

Транспорт коммуникацияларнинг узоқлиги ва денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти мавжуд эмаслиги Ўзбекистон учун жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. Шу сабабли ҳозирги вақтда ташқи савдо камида 2-3 та давлат ҳудуди орқали транзит йўли билан амалга оширилмоқда. Натижада юкларни етказиб беришнинг қиймати ошмоқда, бу эса республикадаги корхоналар экспортининг рақобатдошлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан, 2015-2019 йилларда ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурида, энг аввало, автомобиль ва темир йўлларни, логистика марказлари ва коммуникацияларни янада ривожлантиришга доир аниқ чоралар кўриш назарда тутилган. Бу борада умумий қиймати 10 миллиард долларлик 150 тадан ортиқ лойиҳани амалга ошириш лозим бўлади.

Мамлакат темир йўл коммуникациясини ривожлантириш ва электр­лаштириш бўйича 13 та лойиҳа, жумладан, Ангрен — Поп, Мароқанд — Қарши, Қарши — Термиз, Мароқанд — Бухоро йўналишлари бўйича лойиҳаларни белгиланган муддатда бажариш алоҳида назоратга олинади.

Ўзбекистон миллий автомагистралининг 1 минг 800 километр узунликдаги участкаларини, Қар­ши, Қўқон, Тошкент, Бухоро, Гулистон шаҳарларини айланиб ўтувчи янги йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш, маҳаллий аҳамиятга молик йўлларни модернизация қилиш таъминланади.

Ҳукумат инфратузилмани ривожлантириш доирасида 2013-2020 йилларда миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантиришнинг комплекс дастури сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилиши устидан назоратни кучайтиради. Бу дастур барча ҳудудларнинг, шу жумладан, олис ва чекка ҳудудларнинг рақамли телевидение тизимига тўлиқ ўтишини тугаллаш, республика ҳудудларини мобиль алоқа билан қамраб олиш даражасини 80 фоиздан 95 фоизгача ошириш имконини беради. «Электрон ҳукумат» тизими ва Интернетнинг самарали ишлаши учун ишончли техник база таъминланади.

Юқорида кўрсатиб ўтилган дастурий чора-тадбирларни амалга оширишда Ҳукуматнинг асосий эътибори аҳоли бандлигини, энг аввало, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришни таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича устувор йўналишни амалга оширишга қаратилади.

Биринчи навбатда, бу иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича ҳар йилги дастурларни ишлаб чиқишни кўзда тутади. 2015 йилда 1 миллионга яқин, жумладан, қишлоқ жойларда 604 мингта янги иш ўрни ташкил этиш зарур. Асосий мақсад — корхоналарнинг аниқ буюртмалари асосида малакали мутахассисларни тайёрлаш дастурига мувофиқ касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларининг ҳар бир битирувчисини ўзи танлаган мутахассислигига кўра ишга жойлаштиришни таъминлашдан иборат.

Глобал товар бозорларидаги ноаниқлик ва беқарор вазиятни, кўплаб йирик мамлакатларда иқтисодий ўсиш суръатлари пасайгани ҳамда бошқа жиддий таҳдидларни эътиборга олиб, Ҳукумат ўз фаолиятини қандай мураккаб шароитларда амалга ошириши кераклигини яхши англайди. Шунинг учун 2015 йилдаги энг муҳим устувор вазифаларни амалга ошириш билан бир пайтда бир қатор мақсадли вазифаларнинг бажарилиши — республика Ҳукуматининг доимий диққат-эътиборида бўлади.

Глобал молиявий-иқтисодий инқироз энг авж олган пайтда — 2008 йилда мамлакат Президенти томонидан ишлаб чиқилган ва ўз вақтида қабул қилиниб, муваффақиятли амалга оширилаётган Инқирозга қарши чоралар дастури ўзининг нақадар тўғри ва самарадорлигини ҳар томонлама исботламоқда. Шунинг учун макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича ўзини оқлаган чора-тадбирлар ва механизмлардан фойдаланиш масалалари устувор вазифа сифатида сақланиб қолади.

Кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг муҳим вазифаси ҳисобланади.

Умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини замонавий компьютер ва ўқув-лаборатория ускуналари билан тўлиқ жиҳозлашни янада жадаллаштириш, талаб юқори бўлган, бугунги ёшларимиз учун зарур билимлар ва фанларни, жумладан, ахборот технологияларини, чет тилларини, тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш амалиёти янада кенгайтирилади.

Шу билан бирга, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Васийлик Кенгашининг умумтаълим мактабларида 1 минг 700 та замонавий спорт зали қуриш ва жиҳозлаш ҳамда 153 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабини ва ихтисослашган олимпия захираси мактабларини асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминлаш борасидаги қарорлари ижросини амалга ошириш лозим бўлади.

Шунингдек, Она ва бола соғлиғини муҳофаза қилишнинг миллий моделини амалда татбиқ этиш, асосан профилактик тадбирларга ўтиш ва соғлом турмуш тарзи тамойилларини жорий қилиш дастурини амалга ошириш давом эттирилади. Қишлоқ врачлик пунктлари иши самарадорлигини оширишга, тиббиёт муассасаларини замонавий даволаш ва диагностика ускуналари билан жиҳозлашни жадаллаштиришга ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида аҳамият берилади.

Аҳолининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, жумладан, сифатли ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, замонавий санитария-тозалаш тизими билан таъминлаш ҳамда коммунал хизматлар сифатини янада яхшилаш, шунингдек, шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасидаги муҳим масалалар ҳам Ҳукуматнинг доимий диққат-эътиборида бўлади. Республика аҳолиси турмуш маданиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш тугалланади ва тақдим этилади.

Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича ўзини амалда тўлиқ оқлаган, зарур ижтимоий ва бозор инфратузилмаси шакллантирилган, ҳар томонлама қулайликка эга бўлган якка тартибдаги уй-жой қурилиши дастурини амалга ошириш давом эттирилади ва унинг кўламлари янада кенгайтирилади.

2015-2016 йиллар мобайнида 25 мингта намунавий уй-жойни ва барча замонавий инфратузилмага эга шинам қишлоқ массивларини ўз вақтида ва сифатли қуришни таъминлаш ишларини амалга ошириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Ишлаб чиқилаётган «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида чора-тадбирларнинг катта комплексини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Барқарорлик, хавфсизлик, қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва ижтимоий адолат принципларига амал қилишни таъминлаш борасида Президентимиз томонидан белгилаб берилган энг муҳим вазифалар, шак-шубҳасиз, Ҳукуматнинг эътибор марказида бўлади.

Иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар борасидаги устувор вазифаларнинг самарадорлиги Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, барча даражадаги ҳокимликлар фаолиятининг самарадорлиги билан белгиланади. Шу сабабли маъмурий-буйруқбозлик тизимининг қолдиқларини ва эскирган бошқарув усулларини қатъий бартараф этиш, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштирилишини таъминлаш муҳим вазифа сифатида қўйилади.

Шу муносабат билан Ҳукумат маъмурий тартиб-қоидалар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга доир тегишли таклифларни тайёрлайди ва Парламентга киритади. Ушбу таклифлар ижро этувчи ҳокимият органлари ишида замонавий усулларни жорий этишни, ички идоравий назорат механизмини кучайтиришни, қабул қилинаётган қарорлар натижадорлиги учун мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширишни назарда тутади.

Юқорида билдирилган энг муҳим вазифаларни ва Ҳаракат дастурини амалга ошириш — республика Ҳукуматининг ҳар бир аъзосидан ҳамда барча даражадаги раҳбарлар фаолиятида янги самарали ва замонавий ёндашувларни талаб этади. Шу билан бирга, пировард натижаларга эришиш учун уларнинг шахсий масъулияти янада ортади.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг изчил ва барқарор ривожланиши ва равнақ топиши юзасидан мамлакат Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан белгилаб берилган стратегик вазифаларни мувафаққиятли амалга ошириш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.




DB query error.
Please try later.