Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
27.01.2015

ЎЗБЕКИСТОНДА ПАРЛАМЕНТ ИСЛОҲОТЛАРИ

янги босқичга кўтарилади

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида мамлакатимизда парламент ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, депутатларнинг профессионал фаолиятини кучай­тириш бўйича муҳим масалалар кўрсатиб ўтилди. Давлат ­бош­қарувида парламентнинг ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш, ­де­мократияни қарор топ­тиришда унинг роли ва аҳамиятини тобора ошириш юзасидан таҳлилий-танқидий фикрлар илгари сурилди.

Ушбу маърузадаги асосий устувор йўналишлар парламентнинг ҳар икки палатаси томонидан қўллаб-қувватланди. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарори қабул қилиниб, маърузада парламент олдига қўйилган вазифаларни амалга оширишга қаратилган чораларни белгилаш назарда тутилди.

Президент Ислом Каримовнинг маърузасида мамлакатимизда икки палатали миллий парламентнинг барпо этилиши, унинг асослари мустаҳкамланиши, депутатлар, сенаторларнинг профессионаллик даражасини ошириш билан боғлиқ устувор масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Парламент фаолиятини тубдан яхшилаш, қонун ижодкорлиги ва қонунчилик фаолияти сифатини ошириш йўлидаги муҳим йўналишлар белгилаб берилди.

Парламент палаталарининг қўшма мажлисида билдирилган таҳлилий-танқидий фикр-мулоҳазалар, таклифлар барча даражадаги депутатлар, партиямиз ташкилотлари етакчилари, фаоллари томонидан чуқур ўрганилмоқда, тегишли хулосалар чиқариб олинмоқда.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Қўшма мажлисда Президентимиз томонидан билдирилган фикрларни тинглаб тушундимки, парламентдаги сиёсий партиялар фракциялари ўртасидаги ­соғлом кураш, кучли рақобат муваффақиятларимизга асос бўлади.

Мамлакатимизда кўппартиявийликнинг юзага келиши ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги энг муҳим воқеалардан бири ҳисобланади. Сиёсий партиянинг таъсир кучи эса улар ўртасидаги соғ­лом рақобатда, ҳар бир пар­тия­ Сайловолди платформаси, дастурида белгилаб олган вазифаларини амалга ошириш учун курашишида, одамларни, айниқса, ташаббускор, ҳаракатчан, изланувчан, замонавий билимларни чуқур эгаллаган кишиларни бирлаштириб, ўз ортидан эргаштира олишида кўринади. Партия бундай кишиларга ўз истеъдодларини намоён этиши учун зарур шароитларни яратиб бериши, ғайрат-шижоатларини қўл­лаб-қувватлаши керак. Бугун шунчаки қуруқ сўзлар, ваъдалар, умумий шиорлар билан мавқега эришиб бўлмайди. Ҳар бир тадбир реал ҳаётга, одамларнинг қувонч ва ташвишларига, моддий ва маънавий эҳтиёжларига мос бўлиши керак.

Фаолиятимиз асл моҳияти жиддий кураш, изланиш, кучли рақобатдан иборат. Бу жараён тўғри ташкил этилса, миллий тараққиётга эришишнинг турли йўл ва усуллари хусусида соғлом баҳс-мунозара олиб борилса, энг тўғри, самарали ва тежамли ечимларни топиш, халқ ман­фаатларига хизмат қиладиган қонунлар қабул қилиш имконияти янада кенгаяди. 

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида кўпчиликнинг дилидаги фикрлар билдирилди, ўз вақтида айтилган гаплар бўлди. Депутатлик мартаба, лавозим ёки яна қандайдир имтиёз эмас, балки халққа яқин кўмакдош бўлиш имконияти эканлигини, яна бир бор тушуниб етдик, танқидий фикрлардан тегишли хулосалар чиқардик.

Аммо очиқ тан олиш керак, Юртбошимиз тўғри эътироф этганидек, биз депутатлар ўтган чақириқда қонунни, ҳуқуқни қўллаш амалиётига етарлича эътибор бера олмадик. Ўтган беш йил мобайнида парламент томонидан қабул қилинган 140 дан зиёд қонуннинг атиги 19 таси Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан қабул қилингани, ана шу қонунларнинг бор-йўғи 3 таси янги қонунчилик ҳужжатлари, 16 таси амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқлиги фаолиятимизда камчиликлар етарли эканидан ва бундан тегишли хулоса чиқариш вақти келганидан далолат беради.

Қонунлар ижроси устидан самарали парламент назоратини йўлга қўя олмаганимиз фаолиятимиздаги асосий камчиликлардандир. Қонун лойиҳаларини давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти институтларининг турли бўғинларида кенг ва амалий муҳокама қилиш масаласида ҳам оқсоқлик мавжудлигини тан олишимиз зарур. Тўғри, сайловчилар билан учрашувларда у ёки бу қонун лойиҳасини улар муҳокамасига ташлаймиз. Аммо бугун бу масалалар билан юзаки шуғулланганимиз маълум бўлиб қоляпти.

Ваҳоланки, ўтган йиллар мобайнида Қонунчилик палатаси фаолиятида сиёсий партиялар фракцияларининг ўрни ва аҳа­мия­тини янада ошириш, кўппар­тия­вийлик тизимини изчил ривожлантириш, депутатлик мақомини кўтариш юзасидан кўплаб ҳу­қуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Биргина 2007 йилда қабул қилинган «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партия­ларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги конституциявий қонун бунга мисол бўла олади.

Партиямиз томонидан 2014 йилги фаолиятига назар ташласак, ушбу даврда, партиямиз гуруҳлари томонидан жойларда қонунлар ижроси, қонунчиликда белгиланган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, сайловчилар ва электорат билан ишлаш, уларнинг қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқ ва ваколатларини ҳимоя қилишда муайян камчиликлар мавжудлиги маълум бўлди. 

Шу боис партияларнинг таянч нуқталари ҳисобланган бошланғич ташкилотларидан тортиб парламентдаги фракцияси фао­лия­тигача бўлган тизимни янада мус­таҳкамлашга қаратилган хатти-ҳаракатларни ривожлантиришимиз зарур, деб ўйлайман. 

 Шу билан бирга, сиёсий майдонда мустаҳкам ўрин эгаллаш, парламентда фракциялараро рақобатни, сиёсий курашни кучайтириш, ҳудудий партия ташкилотлари ишини такомиллаштиришда фойдаланилмаётган қандай омиллар борлигини аниқлаб олишимиз талаб этилмоқда. Негаки, бизга ишониб овоз берган сайловчилар, партиямиз электорати вакиллари манфаатларини етарлича ҳимоя қила олишимиз шарт. Бу ўринда энг асосий масъулият бизнинг, парламент депутатларининг зиммасида туради, десак, тўғри бўлади.

Мухтасар қилиб айтганда, Президентимиз маърузасида келтирилган камчиликларнинг бартараф этилиши парламентнинг нуфузини янада юксалтиришга, қабул қилинган қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси сўзсиз таъминланишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаат­ларини ишончли ҳимоя қилинишига шароит яратади.

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Қонунлар ҳар қандай жамият­ни тартибга солиб турувчи, шу билан бирга, ривожлантирувчи кучдир. Уларнинг халқ манфаатларини тўлақонли ифодалай олиши, фуқароларнинг ҳаёт тарзига ижобий таъсир этиши долзарб масалалар ҳисобланади.

Президентимиз қўшма мажлисда шу хусусда тўхталиб, қонунларнинг қабул қилиниши ҳаётимизда нималарни ўзгартираётгани, улар тараққиётимизга, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг боришига қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида атрофлича сўз юритди.

Бу ўринда энг муҳим вазифаларимиздан бири қабул қили­наёт­ган қонунлар ёки қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар сабаби, уларнинг оддий одамлар ҳаётидаги аҳа­мия­ти ҳақида жамоатчилик ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш бўлиши керак, деб ўйлайман. Одатда, турли тадбирлар, давра суҳбатларида қонунларга шарҳ, тушунча берилаётганда ҳуқуқий атамалар, расмий жумлалар кўп ишлатилади. Бу қонунларнинг ҳаётимиздаги, мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти тўғрисида аниқ тасаввур ҳосил бўлишига, фуқароларнинг фаол муносабат билдиришига имкон бермайди. Шунинг учун биз, депутатлар ўз фаолиятимизда қонунларни сайловчиларга оддий тил ва ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб боришимиз зарур.        

Давлатимиз раҳбарининг маърузасида қонун ижросини таъминлашда йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида сўз борар экан, қонунчиликни эркинлаштириш изчил олиб борилмаётгани, парламентнинг қонун ижодкорлиги бўйича ахборот алмашиниш механизми деярли ишламаётгани қайд этилди.

Қўшма мажлисда бу масалада парламент олдида турган асосий вазифаларга эътибор қаратилди. Хусусан, Олий Мажлис палаталарининг қонунчилик фаолиятини тартибга соладиган ҳуқуқий ҳужжатларда қонунларни ижрочиларга етказиш, ҳуқуқни қўллаш ва амалга ошириш самарадорлигини албатта ўрганиш, шу асосда парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишлари дастурларига зудлик билан тузатишлар киритиш зарурлиги таъкидланди.

Мазкур масалаларнинг ўз вақтида ва самарали ҳал этилиши парламентнинг мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларга бевосита таъсир этиш механизмини кучайтиришга, жамия­тда аввало қонун устуворлигига ҳурмат ҳиссини оширишга хизмат қилади, деб ўйлайман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбирлари

Лазиза ШЕРОВА,

Бобур ЭЛМУРОДОВ

ёзиб олди.




DB query error.
Please try later.