24.01.2015

АЁЛ БАХТЛИ БЎЛСА

бутун халқ, жамият бахтли бўлади

Давлатимиз раҳбари ҳар бир маърузасида, нутқида давлат ва жамият олдида турган энг муҳим ва долзарб вазифалардан бири айнан аёлларга эътиборни кучайтириш, уларнинг оғирини енгил қилиш, оилада ва жамиятда мавқеини мустаҳкамлашдан иборат эканини уқтиради. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки аёл бахтли бўлса, бутун халқ, жамият бахтли бўлади.

Шунинг учун мамлакатимизда аёлларга ҳурмат кўрсатиш, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, уй-рўзғор юмушларини енгиллаштириш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор кўрсатилмоқда. Бу вазифалар юртимиздаги сиёсий партияларнинг мақсадлари, дастур ва лойиҳалари билан бевосита боғлиқ. Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси аёлларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини кучайтириш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу борадаги лойиҳаларни амалга оширишда «Фаол аёллар» қаноти фаолияти муҳим ўрин тутмоқда.

— Бугун партиямиз сафида 179 минг 493 нафар хотин-қиз бор,  — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиё­сий фаоллигини ошириш сектори мудири Гулшан Асатова. — Яқинда бўлиб ўтган парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловда партиямиздан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 5 нафар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига эса 433 нафар аёл депутат бўлиб сайланди. Бу кўрсаткич хотин-қизларнинг жамиятда мавқеи, ҳурмати, уларга бўлган ишонч ошиб бораётганини билдиради. Демак, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аёлларни ўйлантираётган масалаларни таҳлилий ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, позициямизни билдириш имконига эгамиз.

Ўтган йили хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлашга кўмак бериш, аёлларнинг тиббий маданиятини ошириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида «Мустаҳкам оила — жамият таянчи», «Аёллар бандлиги — обод турмуш гарови», «Соғлом бола — соғ­лом оилада камол топади» каби лойиҳалар доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тадбирлар ташкил этилди.

Бироқ бугун замон олдимизга қўяётган талаб ва мезонлардан келиб чиқиб фикр­лайдиган бўлсак, фаолиятимиздан қониқиб бўлмайди. Тадбирларда гувоҳи бўламизки, бугун одамларнинг, аёлларнинг дунёқараши ошган, ҳаётга муносабати тубдан ўзгарган. Энди улар биздан фақат амалий ишларни, ҳаётий лойиҳаларни кутмоқда. Жойларда аёллар билан юзма-юз эркин суҳбатлар уюштириш, уларнинг манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган ташаббусларни кучайтиришимиз керак.

Биз бугун ўзимизга ўзимиз савол берайлик: Аёлларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топилаяптими? Тадбирларимизда улар кутган гаплар, фойдали фикрлар билдирилаяптими?.. Ана шу саволлар ҳақида чуқур ўйлаб, тегишли хулосалар чиқариб олишимиз керак бўлади.

Одатда тадбирга келган партия фаоли ёки депутат минбарга чиқиб, маъруза ўқийди, сўнгра икки ёки уч нафар сўзга чиқувчидан сўнг тадбир тугатилади. Аёллардан «Сизда қандай фикр-мулоҳаза бор?» деб сўралмайди.

Саодат Одилова, ўқитувчи, Бухоро вилояти:  

Сиёсий партиялар томонидан аёллар манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида ўтказилган лойиҳаларда иштирок этганман. Тўғриси, айрим ижтимоий лойиҳалар доирасида ташкил этилган тадбирлар «амалий тадбир ёки амалий семинар» деб аталса-да, ундан бизни ўйлантираётган ижтимоий масалаларни ҳал этишга кўмак берадиган фикр ёки аниқ тавсия ололмадим. Ваҳоланки, қатнашчи нафақат сиёсий-ҳуқуқий билимимни оширсам, дейди, балки ўзини қизиқтирган саволга жавоб топиш умидида тадбирга келади.

Сарвиноз Отажонова, уй бекаси, Андижон вилояти:

Яқинда бир тадбирда иштирок этдим. Унда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлодни вояга етказиш масаласи муҳокама этилди. Бу борада олиб борилаётган ишлар мисоллар билан таҳлил этилди. Очиғи, тадбирда нимадир етишмади, нимадандир қониқмадим. Бунинг сабабини кейин тушундим. Она ва бола саломатлигига бағишланган ўша тадбирда «Cизни ҳеч қандай касаллик безовта қилмаяптими, айтинг, тиббий ва ҳуқуқий маслаҳат берамиз, йўл-йўриқ кўрсатамиз, шифохоналардаги шароитдан мамнунмисиз?» каби саволлар берилади, деб ўйлагандим. Лекин ундай бўлмади. Биз оилада соғлом турмуш тарзини қарор топтириш учун нималарга аҳамият беришимиз ҳақида ҳам деярли ҳеч қандай гап бўлмади. Менимча, тадбирларда айнан ана шу жиҳатларга эътибор бериш керак. Мавзуни танлашда ҳам одамларни ўйлантираётган масалалар биринчи ўринда туриши лозим. Ижтимоий лойиҳаларни ҳамкор ташкилотлар билан ўтказиш, кўпни кўрган одамлар, тажрибали мутахассисларни таклиф этиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Шунингдек, қуруқ гаплардан ёки қилинган ишлар ҳисоботидан воз кечиб, кўпроқ иштирокчиларга сўз бериш, саволлар бериш зарур. Шунда тадбирнинг аҳа­мияти, фойдали жиҳати ортади, менимча.

Дарҳақиқат, бугун одамлар сиёсий партиялардан, депутатлардан фақат амалий ишларни, очиқ суҳбатларни кутмоқда. Ҳар биримиз ўз фаолиятимизда уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини албатта инобатга олсак, ишимизнинг самараси ошади, тадбирларимиздан одамларга фойда тегади.    

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.




DB query error.
Please try later.