24.01.2015

ҲАЁТ ҲАҚИҚАТЛАРИ

юртдошларимизни юксак марралар сари чорлайди

Президентимизнинг Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида ўтган йилда эришилган натижалар сарҳисоб қилиниб, жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар белгилаб олинди. Маърузада, айниқса, соғлиқни сақлаш, таълим, аҳоли бандлигини таъминлаш, болалар спортини ривожлантириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу кунларда маърузанинг мазмун-моҳияти кенг жамоатчилик, хусусан, минтақавий партия ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари томонидан қизғин ўрганилмоқда.

Кимё ШОКИРОВА, Юнусобод туманидаги 52-оилавий поликлиника бош шифокори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Президентимиз маърузасини тинглар эканман, депутат, тиббиёт ходими сифатида зиммамда жуда катта вазифалар турганини чуқур ҳис қилдим. Ҳукумат мажлисида қайд этилганидек, 2014 йилда мамлакатимизда хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни вояга етказиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўлида кенг кўламли ишлар бажарилди. Шу ўринда маърузада келтирилган бир рақамга эътиборингизни қаратмоқчиман. Ўтган йили юртимизда 6 миллион 500 минг нафар мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб, коллеж ва лицей ўқувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган. Бу нимани англатади? Биринчидан, уларда юзага келиши мумкин бўлган турли касалликларнинг олди олинди, қолаверса, хасталиклар ўз вақтида аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди, деганидир. Бунинг замирида эса давлатнинг катта маблағи ҳамда тиббиёт ходимларининг машаққатли меҳнати ётибди.

Мен раҳбарлик қилаётган полик­линика ва унинг фаолиятига келадиган бўлсак, ўтган йилнинг январь ойидан сентябрь ойигача ҳудуддаги барча фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди. Айниқса, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳамда ногиронларга алоҳида эътибор қаратилиб, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилди. Бугунги кунда ҳисобимизда 3 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 92 нафар фронт ортида хизмат қилган отахон-онахонлар туради. Ҳозирда уларнинг сиҳат-саломатлиги тиббиёт ходимлари томонидан мунтазам назорат қилиб борилмоқда.

2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йилида зиммамизда янада масъулиятли вазифалар бор. Бугунги кунда уруш ва меҳнат фронти фахрийлари рўйхати қайта кўриб чиқилмоқда. Йил давомида уларнинг барчаси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Шунингдек, режа асосида тиббий ёрдам кўрсатилади.

Исматилло БЕКМУРОДОВ, Тошкент давлат шарқшунослик институти хитойшунослик факультети декани:

— Юртбошимиз маърузасини ўқиб, унда бизнинг институтимизда очилган хитойшунослик факультети ҳам алоҳида қайд этилганидан қалбим фахр-ифтихорга тўлди. Бундай эътибордан бутун жамоамизнинг боши осмонга етди.

Институтимизда хитойшунослик факультетининг ташкил этилиши — Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги мус­таҳкам алоқаларнинг меваси, десам, адашмаган бўламан. Айни пайт­да факультетда бакалавр йўналиши ва магистратура мутахассислиги бўйича 345 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 310 нафари бакалавр, яна 15 нафари магистрлар ҳисобланади. Факультетимизда хитой тили ва адабиёти, хитой иқтисодиёти, хитой сиёсати ва унинг халқаро муносабатлардаги ўрни кафедралари фаолият кўрсатиб келяпти.

Талабаларимизга 60 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи хитой адабиёти, маданияти, тарихи ва иқтисодиёти бўйича билим бермоқда. Уларнинг 4 нафари хитойлик мутахассислар бўлса, аксарият қисми Хитойда малакасини ошириб қайт­ган ўқитувчилар ҳисобланади.

Асом ЗОҲИДОВ, Зангиота туманидаги «Меҳнат гроуп» корхонаси раҳбари, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларни иш билан таъминлаш олдимизда турган асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Президентимиз маърузасида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борада «Меҳнат гроуп» корхонасида ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. 2014 йил давомида 60 та иш ўрни яратилди. Меҳнатга жалб қилинганларнинг асосий қисмини касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ташкил этди. Шунинг­дек, бу йил «Меҳнат-дон» корхонасини очишни режалаштирганмиз. 5 гектар ер майдонидаги иссиқхоналарда турли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилиши кўзда тутилган. Бу яна ўнлаб ёшлар иш билан таъминланишини англатади.

Умуман, бугунги кунда Тошкент вилоятида аҳоли фаровонлигини ошириш, уларни иш билан таъминлаш борасида бир қатор ибратли ташаббуслар илгари сурилмоқда. Меҳнат ярмаркалари ташкил этилмоқда, ўз фао­лиятини бошлаш истагида бўлган ёшлар учун кенг имкониятлар эшиги очилган.

Фахриддин АБДУРАСУЛОВ, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Сурхондарё вилоят филиали директори:

— Давлатимиз раҳбари ҳар бир маърузасида болалар спортига жиддий эътибор қаратади. Вазирлар Маҳкамаси мажлисида таъкидланганидек, 2014 йил мобайнида республикамизда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 18 та намунавий спорт объекти ва 73 та мактаб спорт зали бунёд этилди.

Сурхондарё вилоятида ўтган йил давомида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 11 та қурилиш иншооти фойдаланишга топширилди. Иккита болалар спорт зали ва 6 та мактаб қошидаги спорт заллари қайта таъмирланди. Яратилган шароит ва имкониятлар туфайли вилоятда спорт билан шуғулланаётган болалар сони тез суръатларда ошиб бормоқда. Таққослаш учун, 2003 йилда 16,8 фоиз бола спорт билан мунтазам шуғулланган бўлса, бугунги кунда бу рақам 55,8 фоизни ташкил қилади.

Шуни фахр билан айтиш керакки, мамлакатимиз спортчилари эришаётган ютуқ ва муваффақиятларда сурхондарёлик ёшларнинг ҳам ўз ўрни  бор. Ўтган йили вилоятимиздан жами 34 нафар спортчи халқаро мусобақаларда иштирок этди. Қувонарлиси, уларнинг 21 нафари совринли ўринларни эгаллади. Улар 6 та олтин, 4 та кумуш ва 11 та бронза медални қўлга киритишди.

2015 йилда вилоят ҳудудида жами 37 та қурилиш объектини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шунингдек, аёллар спортини янада оммалаштириш мақсадида қўшимча спорт секция­лари очилади. Бундан ташқари, ўрта ва олий таълим муассасаларини тугатган ёш мутахассисларни ишга жалб этиш доимий эътиборимизда бўлади...

Бу мулоҳазалар Президентимиз маърузасида айтилган айрим масалаларга муносабат, холос. Давлатимиз раҳбари мажлисда мамлакатимиз учун муҳим бўлган барча соҳаларга оид энг долзарб вазифаларни ўртага ташлади. Булар юртимизни янада тараққий эттириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, халқимизга муносиб турмуш шароитларини яратиш, бир сўз билан айт­ганда, инсон манфаатларига қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

 

Аҳмад ЮСУПОВ




DB query error.
Please try later.