22.01.2015

ҲАММА НАРСАНИ БИЛАМАН

деган одам янглишади

Инсон умрининг ҳар бир куни, ҳар лаҳзаси ўзига хос синов, сабоқ экани ҳаётий ҳақиқат. Аммо шундай ҳолатлар ҳам бўладики, хаёлимизда айланиб, дилимизни ўртаётган нима эканини айтолмаймиз, тушуна олмаймиз. Ўзимизни безовта қилаётган ёки қувонтираётган воқеа сабаблари ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрмаймиз. Эҳтимол, сабримиз етмайди. Ёки бош қотириш шарт эмас, деб ўйлаймиз. Кейин бу ҳақда кимдандир таҳлилий фикр, ҳикматли хулосаларни эшитсак, «кўнглимдаги гаплар бўлди-да», деймиз.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида кўпчилик дилидаги фикрлар билдирилди, ўз вақтида айтилган гаплар бўлди.

Бугун халқнинг ишончига сазовор бўлиб, кўксига депутатлик нишонини таққан ҳар бир инсоннинг қувончини тушунса бўлади. ­Президентимиз нутқида таъкидланганидек, «Бу катта бахт, шу билан бирга, катта масъулият демакдир». Дарҳақиқат, бугунги депутат катта имкониятга, ваколатга эга бўлиш баробарида унинг зиммасига улкан вазифалар юклатилган. Қайси даражадаги депутат бўлишидан қатъи назар, ундан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йў­лида фидойилик кўрсатиб курашадиган шахс бўлиш талаб этилади.

Депутатга яна бир катта имтиёз берилган. У халқнинг ишонган қонуний вакили сифатида ўз қобилиятини намоён этиш, нималарга қодирлигини кўрсатиш, Ватанимизни янада равнақ топтиришдек буюк ишларга муносиб ҳисса қўшиш имкониятига эга.

Президентимиз депутатлик масъулияти ва шарафи ҳақида гапираётиб, «Сизлар ўз зиммангизга олган вазифаларни адо этишда, албатта, кўп жиҳатдан ўрганишга, тажриба топишга тўғри келади. Шунинг учун ҳам ўрганишга, ўз устингизда ишлашга, профессионал даражангизни оширишга доим тайёр бўлишингиз керак», деган самимий фикрларни билдирди.

Бугун ўзини депутатман, деб фахрланиб турганларнинг ҳар бири бундан ўзига хулоса чиқариб олмоғи керак, албатта. Нутқда билдирилган яна иккита фикрга эътибор қаратайлик: «Ҳар биримиз ўқиш, ўрганишдан ҳеч қачон тортинмаслигимиз зарур. Ҳамма нарсани биламан, деган одам янглишади».

Биринчидан, «Тортинмаслигимиз зарур» деган сўз­лар замирида эринмаслигимиз, бўшашмаслигимиз керак, ғайратли, шижоатли бўлишимиз, иштиёқ билан ҳаракат қилишимиз керак, деган маънолар борлигини тушунишимиз зарур. Иккинчидан, ҳамма нарсани биламан, деган одам ростдан ҳам янглишади.

Бу биз тан олиб, олмай юрган ҳақиқат. Ўзига ортиқча баҳо бериб, бир пайтлар олган билими ёки эришган ютуғи билан мақтаниб юрган одам ҳаётдан ортда қолади. Бунга мисоллар оз эмас. «Ҳамма нарсани биламан», деб гердайиб юрганлар одамлар саволларига жавоб беролмай мулзам бўлиб қолганини кўпчилик кўрган.

Ҳаёт ўзгариб, ривожланиб борар экан,  депутатми, пар­тия етакчисими, катта-кичик раҳбарми, албатта, ўз билимини ошириб бориши талаб этилади. Айниқса, одамлар билан доимо юзма-юз мулоқотда бўладиган депутат, партия етакчисига саволлар кўп бўлади. Саволлар ҳар хил бўлади: бандлик масаласи, уй-жой, йўл қурилиши, ичимлик суви, электр ёки газ таъминоти...

Бу саволлар айримларга оғирроқ, қалтисроқ туюлиши мумкин. Аслида булар ҳаётий саволлар. Бу саволларга жавоб ҳам бор. Ҳудудий дастурлар ва давлат дастурларидан, Президентимиз маърузаларида билдирилган фикрлардан ях­ши хабардор одам бу саволларга бемалол жавоб беради. Яна бир масалани алоҳида айтиш керакки, ҳар қандай ҳолатда, ҳар қандай саволга самимий жавоб беришга ҳаракат қилинса, одамларнинг депутатга муносабати ҳам самимий бўлади.

Шуни унутмаслик керакки, парламентда мамлакат ҳаёти, халқимиз келажаги ва тақдирига дахлдор масалалар ҳал этилади, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси, соҳалар ва тармоқларнинг тараққиёти билан боғлиқ бўлган қонунлар яратилади, тарихда қоладиган қарорлар қабул қилинади. Демак, парламентдаги муҳокама ва мунозаралар жараёнида фаол қатнашиш, фикр билдириш, таклиф айтиш учун ҳам ҳаётни чуқур ўрганиш, мамлакат тарихини яхши билиш, бугунги ислоҳотларнинг истиқболи ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш, бир сўз билан айтганда, жамият миқ­ёсида фикрлаш тақозо этилади. 

«Депутат» деган сўзнинг нуфузи жуда баланд, маъноси кенг. Депутат халқнинг ишонган вакили, ҳақ-ҳуқуқи, манфаатининг ҳимоячиси. Депутат сиё­сий арбоб, жамият тақдирига масъул киши, Ватан манфаати йўлида курашадиган фидойи инсон... Бу каби бурч ва вазифаларни шараф билан уддалаш, ишонч­ни оқлаш учун депутат, албатта, ўз билими, тажрибасини ошириб бориши, ўқишдан-ўрганишдан тортинмаслиги, чарчамаслиги керак бўлади.

 

Сафар ОСТОНОВ

 



DB query error.
Please try later.