22.01.2015

ПАРТИЯМИЗ ОЛДИДАГИ АСОСИЙ ВАЗИФА

муҳим сиёсий жараёнда муносиб иштирок этишдир

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгашининг пленумида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Пленумда ЎзХДП вилоят кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, туман партия кенгашлари раислари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари иштирок этди.

Дастлаб вилоят партия ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари томонидан 2014 йилда амалга оширилган ишлар, ютуқ ва камчиликлар таҳлил этилди, партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

– Таъкидлаш керакки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов умумэътироф этилган демократик тамойиллар асосида ўтди, – деди вилоят партия ­кенгаши раиси Сирожиддин ­Аъзамов. – Унда сайловчилар, пар­тия­миздан депутатликка кўрсатилган номзодлар фаол иштирок этди. Ҳар бир депутатлик ўрни учун кураш сиёсий партиялар, номзодлар ўртасида қизғин кечди. Бу аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий онги, сайловчиларнинг масъулия­ти ошганини билдиради. Пар­тия­миздан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 3 нафар, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашига 16 нафар, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига 201 нафар депутат сайланди. Галдаги вазифамиз сайловчилар ишончини оқлаш, электорат вакиллари манфаатларини ҳимоя қилишдир.

Пленумда ўтган чақириқ даврида фаолият юритган халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларидаги айрим партия гуруҳлари фаолиятида камчиликлар кузатилгани таъкидланди. Электорат манфаати ҳимоясига оид муаммоларни таҳлилий ўрганиш, таклифлар тайёрлаш, сессияларга олиб чиқиш масалалари, қонуний тартиб-қоидалар ва имкониятлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. 2011-2014 йилларга мўлжалланган партия Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижроси танқидий кўриб чиқилиб, ЎзХДП Марказий Кенгашининг II пленумида қабул қилинган янги Ҳаракат дастури ижроси бўйича масъулиятни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Пленумда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси ­Президенти сайловига тайёргарлик кўриш тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Сайлов кампанияси даврида партиямизнинг туман ва шаҳар кенгашлари, бошланғич ташкилотлари партия­миз ғояларини аҳоли ўртасида кенг тар­ғиб қилиш ишларида фаол қатнашиши, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган тадбирларни изчил йўлга қўйиши кераклиги таъкидланди.

Пленумда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Акмал Умаралиев, Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Қизилгул Қосимова, Чиноз ­туман кенгаши раиси Фарҳод ­Ибрагимов, ­Бекобод шаҳар кенгаши ­раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати Улуғбек ­Абдуназаров кун тартибидаги масалалар бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.

Пленумда тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.




DB query error.
Please try later.