22.01.2015

УРУШСИЗ БИР КУН

Билмадим, бир қарашда ўзи уруш кимга керак? Биронта халққа керак эмас. Лекин, минг афсуски, мана шундай хавотирлик, тинчликка мана шундай таҳдидлар ҳар қадамда пайдо бўлаяпти. Бугунги кунда дунёнинг турли ҳудуд ва минтақаларида, олис ва яқин атрофимизда қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кучайиб бораётганини кўрмоқдамиз. Айрим жойларда қон тўкилаётгани, низо ва адоватлар авж олаётгани, фашизм деган бало яна бош кўтараётгани, миллатчилик, шовинизм каби офатлар майдонга чиқаётгани, бир сўз билан айтганда, вазият тобора кескинлашиб, хавф-хатарлар ортиб бораётгани барчамизни ташвишга солмасдан қўймайди.

 

Ислом КАРИМОВ

 

2014 йил 16 декабрь. Покистоннинг Пешовар шаҳридаги мактабга жангарилар бостириб кирди. 150 киши ҳалок бўлди. Қурбонларнинг 134 нафари мурғак, масъум болалар эди. Йил сўнгида содир бўлган бу ваҳшийлик, хунрезлик бутун дунёни ларзага солди. Жаҳон халқлари ўтган йилни жароҳат ва йўқотишлар ила кузатди...

2015 йил 7 январь. Яман пойтахти санадаги полиция коллежи олдида портлаш юз берди. 15 киши ҳалок бўлди. 40 киши оғир жароҳатланди. Бу янги йил бошлангандан буён мазкур мамлакатда юз берган иккинчи терактдир. Инсоният янги йилнинг дастлабки кунларини мана шундай оғир мусибат ва йўқотишлар билан кутиб олди.

Инсон руҳига ташқи таъсирлар, тазйиқлар, тажовузлар орт­гандан ортиб бормоқда. Интернетга кириш, телевизор кўриш азобга айланди. Нотинч дунё хабарлари дилни оғритади, кўнгилни яралайди, қалбни зўриқтиради. Ўйлар, ташвишлар, хавотирлар исканжасида қоласан.

Биздан неча минг километр узоқлардаги уруш бизга шунчалик яқин. Унинг қўрқуви, изтироби тинч мамлакатларда яшаётган миллионлаб одамларнинг руҳига кириб олган.

Уруш орқасидан ҳудудини кенгайтириб олаётганлар, ёвлашган томонларга очиқдан-очиқ қурол етказиб бераётганлар, бирни иккига уриб бой бўлаётганлар, нохолис тарафкашлик қилаётганлар, урушлар, келишмовчиликлар саҳнасини тайёрлаб томоша кўраётганлар...

Сизнинг кўксингизда ҳам юрак борми? Қондан сесканасизми? Бегуноҳ болалар, ҳимоя­сиз кексалар, аёллар қонини тўкишдан қўрқмайсизми? Ватанини, уйини ташлаб кетаётганлар, пароканда бўлган оилалар, гўдаклар оҳ-фарёди, етим-есирлар уволи наҳотки сизни тутмаса...

Оҳ, қани энди ер юзида ҳеч бўлмаса бир кун тинчлик ҳукм сурса. Ўқ отилмаса, одамлар қийноққа солинмаса. Дунё мамлакатлари ва халқлари бир-бири билан дўстлашса. Асрий низолар, ихтилофлар, зиддиятлар, тарихий хатолар унутилса. Уруш пайтида асирга олинганлар озод этилса. Беморларга дори-дармон, очларга нон, сувсизларга сув, жаҳон болаларига тинч дунё берилса. Бир кун бўлса ҳам дардли дунё жароҳатларига малҳам қўйилса. Эллар бир-бирига эл бўлса, йўллар йўлларга туташса, қўллар қўллардан тутса, ер юзида яшаётган инсонлар тинчлик, тотувлик, бирдамлик сари қадам ташласа.

Мантиқсиз урушлар, мақсадсиз урушлар, қонли қўллар, ёпиқ йўллар, бир-бири билан ёвлашишлар, зиён-заҳмат етказишлар, минг йиллар давомида оқаётган дарёларни бўғишлар, гегемонлик васвасаси, қўшни мамлакатларга заҳар сочишлар қачон барҳам топади? Қачон тўхтайди? Қачон тугайди?

Боласининг жасади устида фарёд чекаётган оналарни кўриб, юрак зирқирайди. Қанчалар даҳшат... Инсоният бугун ўзининг ёвуз, вайронкор интилишлари гирдобига норасида гўдакларни ҳам тортмоқда.

Дунёга ялинаман, дунёга ёлвораман: ҳеч бўлмаса бир кун урушсиз, қурбонсиз бир кун ўтишини истайман.

Уруш ҳақида тарқатилаётган ахборотлар инсоният онгу тафаккурини эгаллаб олди. Умум­қўрқув, умумхавотир одамзод қалбини бутунлай забт этди.

Урушлардан сабоқ чиқарилмаяпти. Аксинча урушлар инсоният ҳаётига бутунлай кириб келди. Чуқур жой олди, мустаҳкам ўрнашди.

Болалар боғчалари, мактаблар, шифохоналар, турар-жойлар замбарак ўқлари зарбидан ер билан яксон бўлмоқда. Одамлар ойлаб ертўлаларда яшамоқда. Кексалар, болалар, хотин-қизлар ўз уйларини, ўз ватанларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда. Қочоқлар лагерлари, шаҳарчалари ташкил этилмоқда.

Уруш қилаётган томонлар ўзларини ҳақ деб билишади. Биз кўраётган, даҳшатга тушаётган қўрқинчли воқеалар уларга таъсир ҳам қилмайди. Юрак тош қотган, кўзлар қонга тўлган, қўллар, айтилаётган сўзлар қон.

Энг даҳшатлиси, энг оғири урушларга бошқаларни ҳам аралаштиришга зўр берилади. Керак бўлса, уруш майдонини кенгайтириш, қурбонлар сонини ошириш устида изланишлар олиб борилади.

Битта ҳақиқат борки, уруш кўрган болаларнинг кўзида даҳшат қотиб қолади. Юраги музлайди. Уларнинг мурғак вужуди, қалби бир умр битмас жароҳат олади. Урушда яқинларини йўқотганлар кўксида мангу исён, нафрат, қасос яшайди.

Телеканалларда уруш кинолар тинимсиз намойиш қилинади. Хабар тарқатувчи дастурларда ҳам бош мавзу — уруш. Қайсидир жой портлаган, тинч аҳоли ўққа тутилган. Жиноятчи тўдалар шаҳарларни, аҳоли пунктларини вайрон қилган...

Дунё мамлакатларида фашизм бош кўтара бошлади. Ёвузона ғоялар тарқатилмоқда. XXI асрга келиб, жаҳон бўйлаб фашизм шарпасининг кезиб юриши, унинг йўлбошчилари улуғланиши, давомчиларининг пайдо бўлиши қанчалар даҳшат.

Наҳотки, инсоният тарихдаги хатоларини яна такрорласа, хулоса чиқармаса. Иккинчи жаҳон уруши азоб-уқубатларини шунчалар тез унутса. Уруш қатнашчиларининг кўзлари тирик. Уларнинг қалбида фашизмга, урушга бўлган нафрат яшайди. Вужудида эса ўқ парчалари бор... Бу жоҳилона ҳаракатлар уруш қурбонлари хотирасига хиёнат, ҳаёт бўлганларига ҳурматсизлик эмасми?

Фашизмни улуғлаш учун инсоннинг қалби сўқир бўлиши керак. Энг аламлиси, мана шу ҳодисалар ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда юз бермоқда.

Кейинги пайтларда дунё мамлакатларида ёшлар ўртасида жиноятчилик кўпая бошлади. Ёш бола қўлидаги қурол билан ўз дўстини, муаллимини, керак бўлса, яқинларини, ота-онасини отиб ташлаётгани ҳақида ўқияпмиз, эшитяпмиз. Беғубор, шаффоф қалбга бу ёвузлик, бу ваҳшийлик вируси қачон тушди экан. Нимага буни атрофдагилар билишмади? Сезишмади, огоҳ бўлишмади?

Руҳшуносларнинг таъкидлашича, кейинги вақтда урушга, урушишга мойил одамлар, айниқса, ёшлар сони ортиб бормоқда. Бу инсоният томонидан йўл қўйилган қайси хатонинг жавоби экан?

Бобонинг қўлида қурол, отанинг қўлида қурол, боланинг қўлида қурол. Ҳа, қурол тутиш ҳам қондан қонга, авлоддан авлодга ўтади. Оддий ишга айланиб қолади.

Одамзод борган сари ёвузлашиб бормоқда. Ҳаётдан мақсад уруш, яшашдан мақсад уруш, туғилишдан мақсад уруш бўлган вайронкорлик унинг жисми-жонини эгаллаб олмоқда. Азобдан роҳатланиш, ёмонликдан ҳузурланиш, қайғудан кулиш туйғуси пайдо бўла бошлади.

Урушдан, уруш хуружларидан қандай ҳимояланса бўлади? Бутун инсониятни уруш офатидан, уруш изтиробларидан қутқазса бўладими? Қачон ер юзида тинчлик бўлади? Уруш деган сўз қачон архаик сўзга айланади? Қачон одамзод урушсиз бир кун, урушсиз бир йил, урушсиз бир аср яшайди?

Урушлар такомиллашмоқда. Уруш яшаяпти, уруш кенгайяпти, урушлар давом этаяпти. Бу урушлар бизга тинчлик қадрини тобора чуқурроқ англатмоқда, билдирмоқда...

Уруш олови ёнаётган мамлакатлардаги мураккаб вазият таҳлил қилинганида бу давлатларда миллий бирдамлик, ҳамжиҳатлик тамойиллари ўртадан кўтарилганлигига гувоҳ бўламиз. Бу ҳолат кимларгадир қўл келиб, урушларнинг бошланиб кетишига сабаб бўлган.

Қайсики халқ бирлашмаса, Ватан ва Миллат шаъни учун курашмаса, таҳдид ва хавф-хатарларни олдиндан кўра олмаса, урушлар, парчаланишлар гирдобида қолиб кетади.

Ўзбекистон Президенти айт­ганидек, «Бизга нима керак? Тинчлик керак! Яна бир бор тинчлик керак». Бу халқимизнинг хоҳиш-истаги, орзу умиди, интилишидир. Бугунги таҳликали дунёда ўзбек халқининг «Бизга тинчлик керак» деган даъвати жаҳон бўйлаб акс-садо бермоқда...

 

Фаррух ҲАМРОЕВ




DB query error.
Please try later.