20.01.2015

ҚАТНАШЧИ ТАДБИРДА НАФАҚАТ ТИНГЛАШИ,

шу билан бирга, ўз фикри, муносабатини билдириши керак

Газетамизнинг шу йил 10 январь сонида «Таҳлил, таклиф, мулоҳаза» рукни остида «Номига ўтказилган тадбир ҳеч кимга фойда бермайди» сарлавҳали мақола чоп этилган, унда партиямиз ташкилотлари тизимида ўткази­лаётган тадбирлар таъсир­чанлигини ошириш билан боғлиқ мулоҳазалар билдирилган эди. Мазкур мавзу бўйича таҳририятимизга ёшлар, фаол газетхонлар  фикр-мулоҳазаларини йўллашмоқда, қўнғироқ қилиб ўз муносабатларини билдиришмоқда.

Тасаввур қилайлик, сиз сиёсий тадбирларнинг биридасиз. Зал иштирокчилар билан тўла. Йиғилиш бошланди. Маърузачи минбарга чиқиб, қўлидаги қоғозига қараб маъруза ўқий бошлади. Сиз ва атрофдагилар уни бироз эшитасиз. Аммо маълум вақтдан сўнг зерика бошлайсиз, ўзингиз учун фойдали ҳеч қандай фикр ёки гап эшитмайсиз... Шу тариқа тадбир ўз аҳамиятини йўқотади...

«Ўзбекистон овози» газетасида чоп этилган мақолани ўқиб, курсдошим Юлдуз Ҳайдарова билан шу бўйича суҳбатлашиб қолдим.

— Тўғри, тадбирларда ташкилотчилар юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини атрофлича тушунтиришга ҳаракат қилишади, — дейди у. — Лекин бу каби тадбирларнинг ҳаммаси ҳам биз учун фойдали ва қизиқарли, деб айтолмайман. Айниқса, сиёсий йўналишдаги давра суҳбатлари ва йиғилишларда оддий тилда тушунтирилмайди. Сўзга чиқувчилар қуруқ маърузани ўқиб беришади, холос. Маърузада баён этиладиган  факт ва рақамлар биз учун муҳим. Лекин бу ташкилотчи фақат қоғоздагини айт­син, мавзуга оид муносабат ёки хулоса ҳақида ҳеч нарса гапирмасин, дегани эмаску. Минбарга чиққан нотиқ ўз фикрини ўқувчига ҳаётий мисоллар орқали тушунтирса, муҳокама марказига қўйилган мавзуни қайсидир воқеа ёки жараён билан солиштириб изоҳласа, бу кўпчиликда қизиқиш уйғотади, тадбир қатнашчиларини ўйлашга, ундайди. Шунда тадбирга келган иштирокчилар суҳбат давомида ўз қараши, муносабатини эркин айта олади. Шу тариқа тадбир жонли, қизиқарли ўтади ва энг муҳими, унга келган қатнашчи ўзи учун фойдали нимагадир эга бўлади.

Ҳозирги кунда замонавий технологияларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиб бўлмайди. Бу биз фикр юритаётган мавзуга ҳам алоқадор масаладир. Чунки бугун ташкил этилаётган аксарият тадбир ва йиғилишлар қатнашчилар эътиборини тортиш учун мавзуга оид турли хил видео лав­ҳалар ёки презентациялар орқали намойиш этиляпти. Иштирокчиларнинг тассавур қилиш имкониятини янада кенгайтиришда, мавзуни тўлиқроқ очиб беришда бунинг аҳамияти катта, деб ўйлайман. Фикримча, тадбирларда ана шу усулни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш керак.  

Очиғи, курсдошим билан бўлган суҳбатдан сўнг мавзуга қизиқишим янада ортди. Турин политехника университети талабаси Баркамол Содиқовнинг ҳам бу борадаги фикрлари билан қизиқдим:

— Сиёсий соҳага қизиқишим кучли бўлгани учун имкон даражасида ижтимоий-сиёсий тадбирларда қатнашишга ҳаракат қиламан, — дейди у. —   Масалан, яқинда мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловолди тадбирлар ва учрашувларда иштирок этдим. Шуни айтишим керакки, сайловдан аввал ташкил этилган депутатликка номзодлар билан учрашувларнинг ҳаммасида ҳам биз номзод ҳақида тўлиқ маълумот ололмадик. Чунки баъзи номзодларимиз ўз фикрини етказиб беролмади, айрим ҳолларда сиёсий партия томонидан ўтказилган сайловолди тарғибот тадбири тушунарли ва жонли ўтмади.

Менимча, бу каби муҳим сиёсий тадбирларга ёшларда қизиқиш уйғотиш учун улар билан очиқ мулоқот қилиш, маърузани бошлашдан олдин ёшларнинг тушунчаси бор-йўқлигини билиши керак. Шунингдек, тадбир қизиқарли ўтиши учун унда иштирокчиларни ўйлантираётган масалаларни муҳокама марказига қўйиш, уларни ҳал этиш йўллари бўйича қатнашчилардан ҳам, албатта, фикр сўраш лозим, деб ўйлайман. Бу орқали одамларда тадбирда фаол иштирок этиш, ўзини ўйлантираётган айрим масалаларни очиқ айтиш ва уларнинг ечими бўйича мулоҳазаларни шакллантириш мумкин.

Ўйлашимча, иштирокчиларни кўпроқ фикр-мунозарага тортиш керак. Одатда, тадбирларда ким сўзга чиқиши, қандай мавзуда сўз юритилиши олдиндан маълум бўлади. Бу ҳозирги замонда ўта расмий усул бўлиб қолди. Тадбирда иштирокчи нафақат жим ўтириб тинглаши, шу билан бирга, мавзу юзасидан фикр ва муносабат билдириш имко­ниятига эга бўлиши керак. 

– Сиёсий партиялар томонидан ўтказилган тадбирларда қатнашиб тураман, – дейди Яшнобод тумани 10-сон давлат нотариал идораси нотариуси Садоқат Ахманова. – Тўғриси, ҳар доим ҳам тадбирдан ёки унда кўтарилган мавзу муҳокамасидан қониқиш ҳосил қилмайман. Кўпинча, тадбирларда бир хиллик кузатилади. Бугун сўзга чиққан депутат ёки партия фаолининг маърузасини эртага иккинчи тадбирда ҳам эшитиш мумкин. Ёки бўлмаса, шунчаки қоғозга қараб ўқиб бериш ҳолатлари кузатилади. Ваҳоланки, партия фаоли, депутат айнан аҳоли манфаатини ҳимоя қилиш учун одамлардан фикр сўраб, таклиф олса, бу ўзи учун фойдали бўлар эди.

Бир нарсани эсдан чиқармаслик керак. Тадбир ҳақида яхши таассурот иштирокчини кейинги тадбирларга ҳам етаклайди. Бунинг учун кун тартибига қўйилган мавзу кўпчиликнинг манфаатига дахлдор бўлиши, лўнда қилиб айтганда, одамларга фойдали мақсад кўзланиши керак. Бугун одамларнинг дунёқараши, ислоҳотларга, сиёсий пар­тия­ларга, депутатларга талаби, фикри, муносабати бутунлай ўзгарган. Бугун «Ҳар доим айтиладиган гаплар билан амалларман», «Режага киритилгани учун тадбир ўтказишимиз керак», қабилида иш тутиб бўлмайди. Бугун ҳар ким ҳар қандай масалада ўз фикрига, ўз қарашига эга. Демак, шунга яраша тадбирларни юқори савияда ташкил этиш, шу орқа­ли одамларга фойдали гап, фикр ёки таклиф айтиш, ўз навбатида уларнинг муносабатини билиш имкониятидан фойдаланиш лозим, деб ўйлайман.

 

Мукаррам РАСУЛЖОНОВА



DB query error.
Please try later.