17.01.2015

МАМЛАКАТ ҲАЁТИДАГИ МУҲИМ СИЁСИЙ ЖАРАЁНДА

ЎзХДП муносиб иштирок этади

Аввал хабар қилинганидек, 15 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг II пленуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши аъзолари, масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, минтақавий партия кенгашлари раҳбарлари ҳамда фаоллар иштирок этди.

Пленумда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Халқ демократик партия­сининг иштирокини таъминлаш билан боғлиқ ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партия­си Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов маъруза қилди.

Унда, аввало, мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви халқимизнинг хоҳиш-иродаси, юксак демократик талаблар асосида такомиллашиб, ривожланиб бораётгани, бу жараёнда фуқароларнинг Конституциямизда белгилаб қўйилган устувор ҳуқуқлари тўла таъминланаётгани, халқимиз кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди.

— Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг тараққиёт асослари ва кафолатларини мустаҳкамлаш, халқимиз манфаатларини ҳимоялаш, турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида тарихий ютуқлар қўлга киритилди, — деди партия етакчиси. — Ўзбекистоннинг ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини ривожлантириш борасидаги муваффақиятлари бугун жаҳонда эътибор ва эътироф қозонди.  Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепция­си ғояларининг амалга оширилиши эса кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари тамойилини ҳаётимизга изчил татбиқ этишнинг, давлат ҳокимияти ва бошқарувини умумэътироф этилган меъёрлар асосида янада демократлаштиришнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган стратегиясини белгилаб бермоқда.

Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим  масалалари юзасидан сиёсий партияларнинг нуқтаи-назари, позицияларини билдириш, қатъий туриб ҳимоя қилиш кафолатлари мустаҳкамланмоқда, шунга мувофиқ тарзда уларнинг дастурлари ҳаётийлашиб, такомиллашмоқда. Сиёсий партиялар давлат ҳокимиятининг юқори вакиллик органларида кўпроқ ўринларни қўлга киритиш орқали ўз ғояларини амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг стратегик вазифаларини ҳал этишда сезиларли таъсир кучига эга бўлиб бормоқда.

Конституциямизнинг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимда таъкидланганидек, сиёсий партияларнинг етуклик даражаси, фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётгани конституциявий ислоҳотларни амалга оширишнинг асоси, ҳал қилувчи шарти ва гаровига айланаётганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Маълумки, Бош Қомусимизнинг 32-моддасида фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги, бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Шу маънода сайлов халқнинг хоҳиш-иродасини рўёбга чиқаришнинг, ўз вакилини сайлаш орқали давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этишининг амалий ифодаси, давлат ҳокимияти органларини демократик тарзда ташкил этишнинг асоси ҳисобланади.

Ҳаммамизга маълумки, шу кунларда мамлакатимизда муҳим сиё­сий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ҳозирлик кўрилмоқда. Мазкур сайлов мамлакатимиз сиёсий ҳаётида катта воқеа ҳисобланади.

Шунинг учун ушбу сиёсий жараёнда партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлаш, мам­лакатимизда амалга ош­и­рилаётган сиё­сатни изчиллик билан давом эттиришга, партиямиз дастурий мақсадларини рўёбга чиқаришга қодир муносиб номзодни кўр­сатиш, умуман, сайловга пухта тайёргарлик кўриш бўйича олдимизда турган муҳим вазифаларни белгилаб олишимиз зарур.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг бугунги ўта масъулиятли бос­қичида бўлиб ўтмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Прези­дент­лигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақатгина сиёсий партиялар эгадирлар. Шундай экан, партия­миз ўзининг стратегик мақсадларини амалга ошириш, ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимоя каби халқ демократияси тамойилларига таяниб, фаол ҳаракат қилиши лозим, деди партия раҳбари.

Сайлов кампанияси даврида партиямизнинг барча ташкилотларидан, Марказий Кенгашдан то бошланғич ташкилотларимизгача ишчанликни, талабчанликни юксак даражага кўтариш тақозо этилади. Бу борадаги биринчи қадам сайлов кампанияси даврида партия ташкилотлари ва сайланма органлари ишини мувофиқлаштириш бўйича штабни ташкил этиш бўлади. Яқин кунларда худди шундай штабларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича ташкил этилган сайлов округлари марказларида ҳам тезкорлик билан тузиш лозим. Улар зиммасига жиддий ва масъулиятли ташкилий-ҳуқуқий вазифалар юкланади.

Бунда асосий эътибор партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиладиган номзоднинг қонуний ҳуқуқларини амалга ошириш, тегишли сайловолди тадбирларини юқори савияда ўтказиш масалаларига қаратилади.

Штаблар қонунда белгиланган меъёрларга мувофиқ номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, давлат ва жамоат ташкилотлари, сайлов комиссиялари билан муносабатларда номзоднинг манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида 15 нафарга қадар ишонч­ли вакилини танлаб, Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади, номзодни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлаш учун асосий тарғибот ишларини олиб боради, шунингдек, номзодга тушган савол ва бошқа мурожаатларни тезкорлик билан умумлаштириб, унга етказиш ҳамда фуқароларга ўз вақтида малакали жавоб беришда кўмаклашади.

Сайлов кампанияси даврида партиямизнинг туман ва шаҳар кенгашлари, бошланғич ташкилотлар аҳоли, электорат вакилларининг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш, сиёсий-ҳуқуқий дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган тар­ғибот ишларини фаол олиб бориши лозим. Мазкур жараёнда, айниқса, Президент сайловида биринчи марта овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланадиган ёшлар, хотин-қизлар, қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари иштирокида турли тадбирлар, давра суҳбатлари, юзма-юз мулоқотлар ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Бу масала «Истиқбол» ёшлар ва «Фаол аёллар» қанотлари етакчиларининг диққат марказида туриши зарур.

Пленумда сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бошқа масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги масала муҳокамадан ўтказилди. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 241-моддасига мувофиқ Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмоновнинг маълумотларини тақдим этиш таклиф қилинди. Пленумда бу таклиф бир овоздан маъқулланди. 

Қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотлар бошқа тегишли ҳужжатлар билан бирга Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади.

Марказий сайлов комиссияси ушбу ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади ҳамда сиё­сий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномасини ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини беради. Кейин сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаш бўйича имзо тўплашга ҳақли бўлади. Қонунга кўра, сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақалари Ўзбекистон Республикаси жами сайловчиларининг умумий сонидан камида беш фоизининг, камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилма намояндаси бўлган сайловчиларнинг имзосини қамраб олган бўлиши керак. Маъмурий-ҳудудий тузилмалардан бирида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) сиёсий партия имзолар умумий миқдорининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш сиёсий партиянинг юқори органи томонидан амалга оширилади. Сиёсий партиянинг юқори органи унинг қурултойи ҳисобланади.

Шунинг учун пленумда Ўзбекис­тон Халқ демократик партиясининг  IX қурултойини чақириш ва унинг кун тартиби тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг навбатдаги қурултойини жорий йил февраль ойининг иккинчи ўн кунлигида Тошкент шаҳрида чақириш ҳақида қарор қабул қилинди. Қурултой кун тартибига Ўзбекистон Халқ демократик партия­си Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши муносабати билан маҳаллий партия ташкилотлари зиммасидаги вазифалар, партиядан Президентликка номзод кўрсатиш, Президентликка номзоднинг Сайловолди дастури ҳақидаги масалаларни киритиш таклифи маъқулланди.

Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки бўйича маҳаллий партия ташкилотларининг вазифалари ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Комила Каромова, Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари Мамиржон Икрамов, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловнинг аҳамияти тўғрисида Шўрчи маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи директори Райҳон Раҳимова, сайловларнинг мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги аҳамияти хусусида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил инс­титути Хоразм вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Ғуломжон Сапаев ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Пленумда партиянинг навбатдаги қурултойини чақиришнинг аниқ муддатини белгилаш ваколати ЎзХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасига берилди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Санжар ШОТЎЛАГАНОВ,

Фаррух АЛИЕВ олган суратлар.




DB query error.
Please try later.