15.01.2015

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ

тизимида фаолият кўрсатаётган Жамоатчилик қабулхоналари электорат манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим механизми бўлиши лозим

Партиямиз Жамоатчилик қабулхоналарига 2014 йилда 7327 нафар электорат вакиллари мурожаат қилган. Бу 2013 йилга нисбатан 171 тага кўпдир.

Дунёнинг ривожланган демократик давлатларида мамлакатнинг тараққиёт стратегиясини белгилаш, жамиятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда сиёсий партиялар муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгариш ва янгиланишлар туфайли сиёсий партиялар нуфузи ошди, парламент депутатларининг ваколат дои­раси янада кенгайди.

Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида ...кимки ҳаётнинг тараққиёт суръатлари билан ҳамқадам бўлмаса, унга лоқайд ва беписанд қараса, эришган ютуқларга маҳлиё бўлиб, хотиржамлик ва ҳаволаниш кайфиятига берилса, ҳеч шубҳасиз, тез ўзгариб бораётган тарихнинг бир чеккасида, қолоқлик ва армонда қолиб кетади. Бу — ҳаётнинг бешафқат, аччиқ ҳақиқати ва биз буни асло унутмаслигимиз керак, деган фикрни ўртага ташлади.

Дарҳақиқат, жамиятнинг муҳим институти ҳисобланган сиёсий партиялар ҳар доим ўз фаолиятига танқидий ёндашиши, йўл қўйилган камчиликларни таҳлил қилиши ва уларни бартараф этиш бўйича тизимли иш олиб бориши талаб этилади.

Яқинда мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтган сайлов натижалари ҳар бир сиёсий партиянинг ўз фаолиятини яна бир бор таҳлилий-танқидий кўриб чиқиши, халқ ичига чуқурроқ кириб бориши кераклигини кўрсатди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимида ўзига хос тузилма ҳисобланган Жамоатчилик қабулхоналари бугунги кунда аҳоли ва электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ўрганиш, шу асосда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, Жамоатчилик қабулхоналари вакиллик ҳокимиятидаги депутатлик корпусининг электорат вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилишида асосий воситага айланмоқда.

Шу ўринда савол туғилади. Ўтган давр мобайнида маҳаллий партия ташкилотлари электорат манфаатларини ҳимоя қилишда Жамоатчилик қабулхоналари имкониятларидан қай даражада фойдалана олди? Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлар бу жараёнда қандай иштирок этмоқда?

Ўзбекистон Халқ демократик партияси маҳаллий кенгашлари қошида 207 Жамоатчилик қабулхонаси фаолият олиб бормоқда. Уларга келиб тушган мурожаатлар жойлардаги партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик бирлашмаси кўмаги билан ҳал этилмоқда. Бу эса жойларда мавжуд муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ҳамда бу борада зарур чора-тадбирлар белгилашда муҳим ўрин тутмоқда.

— Жамоатчилик қабулхонаси партиямиз электорати билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганишда асосий восита бўлмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Комила Каромова. — Хусусан, олис туманларда ташкил этилган кўчма Жамоатчилик қабулхоналари мазкур ҳудудлардаги аҳолини ўйлантираётган масалаларни ўрганиш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, асосийси, ўз ечимини кутаётган муаммоларни туман, вилоят миқёсида комплекс ҳал этишга хизмат қилмоқда.

Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатларнинг асосий қисми коммунал, соғлиқни сақлаш, халқ таълими соҳасида, шунингдек, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам олиш, ижтимоий масалалар ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида банкдан кредит олиш билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олади. 2014 йилда тушган мурожаатларнинг 72 фоизи ижобий ечим топган.

Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти, мурожаатларни ҳал этиш кўрсаткичларини вилоятлар бўйича таҳлил этадиган бўлсак, қайси ҳудудда мазкур йўналишда ишлар тўғри ташкил этилган бўлса, ўша жойда партиямиз тарафдорлари, хайрихоҳлари, ғояларини қўллаб-қувватловчилар кўпчиликни ташкил этаётганини кўрамиз.

Мисол учун, Қорақалпоғистон республика, Фарғона, Тошкент, Хоразм, Жиззах, Самарқанд ҳамда Қашқадарё вилоят кенгашларидаги Жамоатчилик қабулхоналарида электорат вакилларидан тушаётган мурожаатлар ўз вақтида ижобий ҳал этилмоқда. Буни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга бўлган сайлов натижалари ҳам кўрсатиб турибди. Демак, минтақавий партия ташкилотлари фаолиятига Жамоатчилик қабулхоналари эришаётган натижалардан келиб чиқиб баҳо беришимиз керак.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроқўми ҳайъати томонидан тасдиқланган «Жамоатчилик қабулхоналари тўғрисида»ги низомда белгилаб қўйилган вазифалар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётган, мурожаатларни вақтида ҳал қилишга жиддий эътибор қаратмаётган партия ташкилотлари ҳам бор. Жумладан, Тошкент шаҳар, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё вилоятларининг бир қатор туман кенгашларидаги Жамоатчилик қабулхоналарида мурожаатларнинг сони камлиги, электорат вакилларини ўйлантираётган масалалар ечими бўйича ташаббус етишмаётгани кўриниб турибди. Ваҳоланки, мазкур ҳудудларда аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жисмоний имконияти чекланган кишилар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш билан боғлиқ ҳал этилиши лозим бўлган масалалар оз эмас.

— Бугунги кунда вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари қошида 12 та Жамоатчилик қабулхоналари фаолият олиб бормоқда, — дейди ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Алишер Тошматов. — Мазкур қабулхоналарга ўтган йили 600 га яқин мурожаат бўлган. Бироқ, уларни ўз вақтида ҳал этиш, тегишли органларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш бўйича ишлар кўнгилдагидек олиб борилмади. Шу боис айрим ҳудудларда сайловчилар ишончи, уларнинг партиямиз ғояларини қўллаб-қувватлашига эриша олмадик. Ана шу хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, жойлардаги партия ташкилотлари ва уларнинг депутатлик тузилмалари томонидан Жамоатчилик қабулхоналарига бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш, ҳар бир мурожаатга жиддий эътибор қаратиш, энг асосийси, аҳолининг партияга бўлган ишончини оширишга ҳаракат қилишимиз зарур.

Қайси ҳудудда Жамоатчилик қабулхоналари имкониятидан тўғри  фойдаланилмаса, ўша жойда электорат муаммоларидан хабарсизлик ҳолати юзага келади. Муаммолар эса ҳал этилмасдан қолади. Бу жараёнда, энг аввало, депутатлар ташаббускор бўлиши, жойларда сайловчилар билан учрашувлар ва мулоқотларда уларни ўйлантираётган масалалар ечимига алоҳида эътибор қаратиши талаб этилади.

Сиёсий партия амалий ишлар билан майдонга чиқса, аҳоли манфаатлари, Ватан равнақи йўлида ҳаётий таклифлар берса, электорат муаммоларини бартараф этишга ҳаракат қилса, унинг жамиятдаги нуфузи, халқ ўртасидаги обрўси шунчалик ошади. Жамоатчилик қабулхоналари эса ана шу каби долзарб вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Халқ демократик партия­сининг муҳим механизми бўл­моғи лозим.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.