Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
15.01.2015

ХАЛҚИМИЗ ДЕПУТАТЛАРДАН

фақат амалий ишлар, хайрли ташаббуслар кутади

Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган биринчи мажлисидаги нутқида билдирган чуқур таҳлилий фикр-мулоҳазалар барча даражадаги депутатлар, сиёсий партиялар фаоллари, умуман, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Мазкур нутқда мамлакатимиз мустақиллигини, халқимиз тинчлигини асраш, барча соҳалардаги ютуқларимизни янада мустаҳкамлаш масалаларида парламент депутатлари, давлатимиз ва жамиятимиз олдида турган муҳим масалаларга эътибор қаратилди. 

Давлатимиз раҳбари депутатларга эришилган ютуқларга маҳлиё бўлмаслик, хотиржамлик ва ҳаволаниш кайфиятига берилмаслик, тез ўзгариб бораётган тарихнинг бир чеккасида, қолоқлик ва армонда қолиб кетмаслик зарурлигини уқтирди.

Албатта, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, замон ривожлангани сари талаб ва эҳтиёжлар ҳам ўзгариб бораверади. Айниқса, тараққиёт даврида турли муаммолар бўлиши табиийдир. Шундай экан, ҳар қандай ўзгаришга тайёр туриб, қатъийлик кўрсатиш, тўпланган тажрибалардан фойдаланиб, ўрганиш, изланишни муттасил давом эттириш барчамизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади. Бу борада, айниқса, халқ ишонган вакиллар — парламент депутатлари намуна кўрсатиши жуда муҳимдир.

Шу маънода ҳар бир депутатдан ҳаётимизнинг устувор ва долзарб йўналишларини ўз ичига олган ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожини таҳлил қилиб бориш, ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш учун белни маҳкам боғлаб курашиш талаб этилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлашда, тараққиётимизни янада юксалтиришда бу катта аҳамият касб этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган депутатларнинг бу ҳақдаги хулосалари, келгуси режалари билан қизиқдик.

Баҳромжон ОБИДЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимиз нутқини тинглаб яна бир бор амин бўлдимки, ҳар бир депутат сайловчилар, бутун хал­қимиз олдида масъул ва ҳисобдордир. Чунки сайловчи бизни вакиллик ҳокимиятига катта ишонч билан сайлади. Биз буни бир дақиқа бўлса ҳам ёддан чиқармаслигимиз керак, бунга ҳаққимиз ҳам йўқ. Шунда зиммамизда турган масъулиятни ҳис қиламиз, одамлар орасига кириб борамиз, ҳисоб бериш пайти келганда юзимиз ёруғ бўлади. Бу борада бизга тўсиқ бўладиган ҳеч нарса йўқ. Аксинча, катта ҳуқуқ ва ваколатга эгамиз.

Мен 96-Олтиариқ сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат этиб сайландим. Айтишим керакки, Олтиариқ туманида томорқа ерларидан унумли фойдаланиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасида ўзига хос  тажриба тўпланган. Навбатдаги вазифа қишлоқ ҳудудларида етиштирилаётган мева-сабзавотларни шу ернинг ўзида қайта ишлаб, хорижга экспорт қилиш ишларини такомиллаштириш орқали янги иш ўринларини ташкил қилишдан иборат, деб ҳисоблайман. Партиямизнинг Сайловолди дастуридан мазкур масалалар ҳам ўрин олган. Сайловчилар дас­туримизни қўллаб-қувватлаган экан, уларни рўёбга чиқариш ҳақида ўйлашимиз зарур.

Яқинда ушбу йўналишлардаги таклифларим устида ишладим, уларни янада аниқлаштирдим. Маҳсулотларни хорижга олиб чиқиш учун, аввало, қайта ишлаш тармоқларини ривожлантириш, бу жараёнга янги ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш, соҳада меҳнат қилаётган кадрларни ўз иши бўйича етук мутахассис бўлиб етишиши учун шароит яратиш керак. Бунинг учун эса Президентимизнинг халқимизга йўллаган Янги йил табригида иқтисодиётни юксалтириш бўйича илгари сурилган вазифаларни чуқур ўрганиб, ҳаётга татбиқ этиш зарур бўлади.

Айниқса, соҳада илмий изланишлар олиб бораётган ёшларни янада қўллаб-қувватлаб, рағбатлантириб бориш керак. Бу қайта ишланаётган маҳсулотлар сифатини ошириш, уларни жаҳон стандартига мослаштириш имконини беради. Натижада қишлоққа юқори технологияли саноат кириб келади, кўплаб янги ва барқарор иш ўринлари яратилади. Айни кунларда ўзим сайланган ҳудуднинг бу борадаги талаб ва эҳтиёжини ўрганяпман. Депутатлик фаолиятимда бу борада таклиф ва ташаббуслар билан чиқмоқчиман. 

Президентимиз халқ вакиллари аввало курашчи бўлиши керак, деган даъватни илгари сурди. Очиғи, буни эшитибоқ, депутат сифатида қатъиятли бўлиш масъулиятини янада чуқурроқ англадим. Биз бир ҳақиқатни тан олишимиз керак. Бугунги сайловчи кечагидан бутунлай фарқ қилади. Бунга сайловолди учрашувларида яна бир бор амин бўлдик. Ҳозир одамлар парламент ислоҳотлари ва уларнинг маъно-мазмуни ҳамда аҳамиятини яхши тушунади, ўзлари сайлаган депутатдан фақат амалий ишлар кутади керак бўлса, талаб қилишни ҳам билади. Шунинг учун сайловчилар ҳузурида кўтарилган масала, саволлар эртага жавобсиз қолмаслиги учун астойдил интилишимиз керак.

Раъно ЖАНҚУВВАТОВА, Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати:

— Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишида Президентимиз мана шу муқаддас замин учун, Ўзбекистонимиз учун, халқимизнинг тинчлиги, фарзандларимизнинг бахтли келажаги учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ишлашимиз, курашишимиз зарурлигини алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам жойларда ечимини кутаётган, соҳалар ривожига тўсиқ бўлаётган масалаларни бартараф этиш, лўнда қилиб айтганда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш билан боғлиқ устувор масалалар ҳақида бош қотириш, жамиятимиз равнақи учун барчамиз ҳамжиҳатликда иш олиб боришимиз керак. 

Ғузор туманидаги «Зарбдор» қишлоқ фуқаролар йиғини раисиман. Вазифамдан келиб чиқиб, одамлар билан доим мулоқотдаман, улар билан ҳамнафас, ҳамфикр бўлишга ҳаракат қиламан. Очиғи, халқ депутатлари вилоят Кенгашига депутат бўлиб сайланганимда, менга юклатилган вазифа ўн ҳисса ортганини ҳис қилдим. Тўғри, қишлоқ фуқаролар йиғини раиси сифатида доим аҳоли орасида бўлганим учун ҳудудимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати, одамлар кайфияти ҳақида яхши тасаввурга эгаман. Лекин депутатлик вазифаси, масъулияти бу масалаларга  бошқача ёндашишни талаб қилмоқда. Нимага десангиз, бир кишининг муаммосини ҳал қилиб бериш бошқа-ю, катта бир ҳудуд аҳолисини ўйлантираётган муаммони ҳар томонлама чуқур ўрганиб, сессия муҳокамасига олиб чиқиб, унинг ечими бўйича қарор қабул қилинишига эришиш бутунлай бошқа масала. Вилоят даражасидаги муаммоларни яхши билишимиз, улар ечими бўйича таклифлар билдиришимиз керак. Бунинг учун депутат ҳаётни зийрак бўлиб кузатиб бориши, ўйлаши, изланиши, доимо ниманидир ўрганиш ҳисси билан яшаши лозим.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, сиёсий партиялар, депутатларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайди. Биз ана шу имкониятлардан келиб чиқиб, депутатлик сўрови, ижро ҳокимияти раҳбарлари ҳисоботини эшитиш механизмларидан кенг фойдаланишимиз зарур. Бу, табиийки, партиямиз Сайловолди дастурида белгилаб олганимиздек, ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Зулайҳо АКРАМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Давлатимиз раҳбари янги сайланган депутатлар, давлат ва жамият олдида турган масалаларга тўхталиб, бизга йўл-йўриқ берди, халқимизнинг хоҳиш-истаклари, талабини тушунтирди. Парламентнинг биринчи мажлисида билдирилган бу фикрларни депутатлик фаолиятимда ҳамиша ёдда тутаман.

Президентимиз нутқини тинглаб, сайлов ўтди, парламентга депутат этиб сайландик, маълум маънода ниятимиз, мақсадимизга етдик, деган қараш мутлақо ўринсиз эканини англадим. Янги сайланган депутатлар илгари турли ҳудудлар ва соҳаларда фаолият юритган. Ҳар кимнинг фикри, билим ва тажрибаси ҳар хил. Лекин энди биз соҳа ёки ҳудуд доирасида эмас, мамлакат миқёсидаги масалаларни ўйлашимиз, уларнинг ечими бўйича таклифлар беришимиз зарур. Бу биздан катта билим, масъулият, тинимсиз меҳнат ва изланиш, энг асосийси, виждонан ишлашни талаб этади.

Юртбошимиз янги ҳаёт, янги жамият қуриш йўлида биз илгари ҳеч қачон дуч келмаган, тажрибамизда учрамаган ўта оғир ва машаққатли йўлни босиб ўтишимизга тўғри келди, деб таъкидлаб ўтди. Ҳақиқатан ҳам, давр ўзгариб, вақтнинг ўзи янгидан-янги талабларни илгари сурмоқда. Бугун одамларнинг онгу тафаккури ҳам шунга яраша ўзгариб бормоқда. Уларнинг ишга, ҳаётга, меҳнатга муносабати ҳам кечагидек эмас. Бундай шароитда депутатларга талаб бошқача бўлади.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бугун юртимиз халқимизнинг фидокорона меҳнати, қадр-қиммати, ор-номусини баланд қўйиши, тараққиёт сари интилиши билан жаҳонда ҳурмат қозонди. Дунёнинг қатор ривожланган давлатларида жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатлари ҳали ҳамон бартараф этилмасдан, ишсизлар сони ортиб бораётган бугунги шароитда юртимизда ҳар йили кўплаб янги иш ўринлари очилмоқда. Одамларимиз яхши шароитларда меҳнат қилиб, турмушидан мамнун яшаяпти. Бу ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Бу узоқни кўзлаб амалга оширилаётган оқилона сиёсат, ислоҳотларнинг инсон манфаатларига қаратилганининг натижасидир. Ана шу эзгу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаб, кўламини янада оширишда ташаббускор бўлишимиз зарур. Ҳар бир депутат ўз сайлов округидаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни изчил таҳлил этиб борсагина, унда амалий таклиф бўлади, одамлар ишончига муносиб ишларни қила олади. 

...Дарҳақиқат шундай, депутат зиммасида сайловчилар ишончига муносиб бўлишдек юксак масъулият бор. Бу мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлигига дахлдор вазифадир.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.




DB query error.
Please try later.