10.01.2015

НОМИГА ЎТКАЗИЛГАН ТАДБИР ҲЕЧ КИМГА ФОЙДА БЕРМАЙДИ

Ҳар бир тадбир қатнашчиларда қизиқиш уйғотиши, уларнинг билимини ошириши, дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилмоғи лозим

Дунёнинг турли ҳудудларида рўй бераётган ижтимоий-сиёсий беқарорликлар, геосиёсий манфаатлар тўқнашуви авж олаётган бугунги шароитда фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш, ҳар бир кишида мустақил фикрни шакллантириш долзарб вазифа бўлиб турибди.

Президентимизнинг халқимизга Янги йил табригида бу муҳим масалага яна бир бор эътибор қаратилди. Ҳозирги таҳликали аҳвол барчамиздан ҳушёрлик, сезгирлик талаб этиши таъкидланди. Табрикдаги қуйидаги фикрлар кишини чуқур ўйлашга даъват этади:

 «Ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Айниқса, биз XXI асрда, глобаллашув, интеллектуал тараққиёт ва интернет замонида яшаётганимизни инобатга оладиган бўлсак, эришган марра ва ютуқлар билан чегараланмасдан, ҳаволаниш кайфиятига берилмасдан, аксинча, доим янгиликка интилишимиз, эртанги кунимизни, олдимизда турган муаммо ва қийинчиликларни ўзимизга яққол тасаввур қилиб яшашимиз лозим. Фақат шундай жамият, қолаверса, давлатгина жадал суръатлар билан ўзгариб бораётган замон билан ҳамқадам бўлиб яшаши мумкин».

Демак, масала инсоннинг дунё­қараши, билими, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси, бош­қача айтганда, ҳар биримиз фуқаролик бурчимизни қай даражада англашимизга боғлиқ.

Яқинда мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтган сайлов хал­қимизнинг сиёсий маданияти, фуқаролик позицияси юксалиб бораётганини кўрсатди. Айниқса, ёшлар сайлов билан боғлиқ жараёнларга катта қизиқиш билдирди, депутатликка номзодлар билан учрашувларда фаол иштирок этди. Ана шунинг ўзиёқ ёшларда демократик ислоҳотларга, мустақил фикрлашга чанқоқлик юқори эканини кўрсатди.

Мутахассислар фикрича, аҳоли, айниқса, ёшларнинг дунё воқеаларидан хабардорлигини таъминлаш, бўлаётган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқариб олиши учун сиёсий-ҳу­қуқий, маънавий-маърифий тадбирлар таъсирчанлигини кучайтириш керак.

— Ўтган 2014 йилда ўтказган барча тадбирларимизнинг асосий мақсади мамлакатимизда сайлов тизимининг шаклланиши, унинг аҳамияти, сайловчининг бурчи, овоз бериш тартиблари тўғрисида кенг жамоатчиликка, партия электорати вакилларига маълумот ва фикрлар етказиш бўлди, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими Гулчеҳра Зоҳидова. — Сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқув машғулотлар 4 бос­қичда — партия Марказий Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, ЎзХДП туман ва шаҳар кенгашлари, бошлан­ғич партия ташкилотлари тизимида ташкил этилди. Таҳлил ва хулосалар сиёсий ҳамда фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларни ўтказишда янгича ёндашув зарурлигини кўрсатмоқда. Айниқса, сайлов кампанияси жараёнида бу яна бир бор ўз исботини топди. Сайловчилар ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнларга оид саволларига биздан аниқ жавоб кутишди. Шунинг учун ўқувлар мавзуларини белгилашда умумийликдан қочишимиз, ҳаётий масалаларга эътибор қаратишимиз зарур.

— Биз ҳар бир тадбир кун тартибини белгилашда бугуннинг талаби, партиямиз электорати қизиқишидан келиб чиқиб, қарор қабул қиляпмиз, — дейди ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раис ўринбосари Ҳусан Абдуниязов. — Сиёсий семинарлар самарадорлигини ошириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда ЎзХДПдан маҳаллий вакиллик органларига сайланган депутатларнинг фаол иштироки таъминланмоқда. Бироқ тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ўқувларга қандай мутахассисни, қайси даражадаги депутатни таклиф этмайлик, улар самимий гапирмаса, тингловчиларга қалбан яқинлашмаса, эркин фикр алмашиш муҳитини ярата олмаса, бундай тадбирни самарали бўлди, деб айта олмаймиз. Имкон қадар баҳс-мунозара уюштирилса, одамлар фикри чархланади, ўйлашга, хулоса чиқаришга ўрганади.

— Бир нарсани асло унутмаслигимиз керак, одамлар ҳар қандай тадбирга ўзи учун фойдали бир гап, кўнгилга яқин фикр ёки таклиф эшитаман, деб келади, — дейди Янгийўл туман партия кенгаши раиси ўринбосари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Нўмонжон ­Арипов. — Агар биз уларни ўқувга, деб чақириб, фойдали гап айтмасак, бу ҳолат одамларда нафақат тадбирга нисбатан, балки, умуман, партиямиз ҳақида ҳам салбий таассурот қолдиради. Бундай тадбирларнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ. Одамлар тадбирдан безиб қолади. «Борсам, яна ўша гаплар бўлади-да», деб ўйлайди. Биз тадбирларимиз мавзусига янада катта масъулият билан ёндашиб, ўйлаб кўрайлик: шу мавзу бугун қанчалик долзарб, партиямиз Сайловолди дастури билан боғлиқми, электорат манфаатига хизмат қила оладими?..

Бугун одамларнинг тасаввури, дунёга, қолаверса, сиёсий пар­тия­ларга муносабати ўзгариб, юксалиб бораётганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Шуни ҳисобга олиб, тадбирларимиз, сиёсий-фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувлар ҳақида холис хулоса чиқаришимиз, бу борадаги фаолиятимизга танқидий баҳо беришимиз тақозо этилмоқда. Партиямизнинг халқимиз орасида ҳурмати, таъсир кучи ошиши ҳар биримиз ўз вазифамизни қай даражада бажаришимизга боғлиқ.

Тадбирга келган одам ўзи учун фойдали гап эшитса, уни албатта, бошқаларга етказишга интилади. Навбатдаги тадбирга қизиқиш билан келади. Бугун ҳаёт шуни талаб этмоқдаки, номига ўтказиладиган тадбирлардан бутунлай воз кечиш керак. Тадбир учун танланган мавзу долзарб бўлса, одамларни қизиқтира олади. Иккинчи масала шуки, қизиқиш билан келганлар мавзу бўйича янги маълумот ва фикрларни эшитиши керак. Бунинг учун тадбирга жиддий тайёргарлик кўриш, тажрибали мутахассисларни жалб этиш лозим бўлади. Ана шундагина бу тадбирдан одамлар ҳам, партия ҳам, қолаверса, жамият ҳам фойда кўради.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА

 

ТАҲРИРИЯТДАН:

Президентимиз илгари сурган Концепция ғоялари асосида давлат ҳокимияти органлари ваколатлари ўртасида манфаатлар мувозанати таъминланди, вакиллик ҳокимиятига, шунингдек, сиёсий партияларга мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш бўйича катта ҳуқуқ ва имкониятлар берилди. Демак, юртимизда кучли фуқаролик жамиятини бунёд этиш йўлидаги ислоҳотлар, демократик жараёнлар ўзининг муҳим палласига кирди.

Бундай шароитда сиёсий партиялар, уларнинг аъзолари, электорат вакиллари, хайрихоҳлари ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиши, фуқаролик позицияси мустаҳкамланиши долзарб аҳамиятга эга. Турли мавзулардаги сиёсий ўқувлар ва давра суҳбатлари, семинарларда баҳс-мунозара юритилса, таҳлилий-танқидий фикр­лар кўпроқ билдирилса, янги-янги таклиф, ғоялар юзага чиқади.

Хўш, тадбирлар таъсирчанлиги, самарадорлигини ошириш учун нималарга эътиборни кучайтириш керак, ишга солинмаган қандай имкониятларимиз бор?..

Партиямиз фаоллари, депутатларимиз, айниқса, бошланғич ташкилотлари етакчиларидан фикр-мулоҳазалар кутамиз. Газетамиз саҳифаларида уюштириладиган баҳс-мунозаралар ҳам камчиликларимизни тузатишга, тажрибамиз ошишига, электорат манфаатига, партиямиз фаолияти янада кучайишига хизмат қилади, деб ўйлаймиз.




DB query error.
Please try later.