08.01.2015

ГЕРМАНИЯЛИК ХАЛҚАРО КУЗАТУВЧИЛАР

Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари ҳақида

Мамлакатимизда 2014 йил 21 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда халқаро кузатувчи сифатида қатнашган германиялик журналист ва экспертлар ватанига қайтишганидан сўнг мазкур муҳим сиёсий тадбир якунлари юзасидан  ўз баҳолари ва фикр-мулоҳазаларини «Жаҳон» ахборот агентлигининг ­Берлиндаги мухбири билан ўртоқлашдилар.

Эдгар Клозе, профессор, Бранденбург технология ҳамда инновацияларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш институти бошқарувининг раиси:

— Мен Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилиги билан яхши танишман. Сўнгги йиллар мобайнида сайлов қонунчилигига киритилган қўшимча ва ўзгаришлар унинг демократик тамойиллар асосида янада такомиллашишига хизмат қилди. Шубҳа йўқки, буларнинг барчаси республикада парламент сайловлари шаффоф, адолатли ва демократик асосда ўтишига кўмаклашди.

Мен мамлакатингиз ҳаётининг турли жабҳаларида рўй бераётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнларини катта қизиқиш билан кузатиб келаман. Шуни қайд этишни истардимки, Ўзбекистонда иқтисодиёт, илм-фан, таълим ва технологиялар изчил ривожланиб бораётир. Бу эса «ўзбек модели»нинг барқарорлигидан далолат беради.  

Ўзбекистонда тинч ва осойишта ҳаёт ҳукм сураётгани ҳам улкан муваффақият ҳисобланади. Чунки фақат тинч ва барқарор мамлакатдагина демократик жараёнлар давом этиши, жамият ҳар томонлама ривож топиши мумкин. Парламент сайловларидаги иштирокимиз чоғида биз уларнинг натижаларини ўз кўзимиз билан кўришга муваффақ бўлдик.

Петер Франке, «Wostok» журналининг бош муҳаррири: 

— Ўзбекистондаги парламент сайловларида мен халқаро кузатувчи сифатида Урганчдаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатдим. Шуни таъкидлаш жоизки, сайловчилар эркин ҳаракат қилишди, кузатувчиларга эса сайловларнинг боришини тўлақонли мониторинг қилишлари учун барча шароит яратиб берилди. Шу ўринда фуқаролар юқори даражада фаоллик кўрсатишганини, улар республикада кечаётган воқеа ва ўзгаришларга бефарқ эмасликларини намоён этишганини ҳам қайд этишни истар эдим.

Ушбу фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқини сайловларнинг муваффақиятли ўтгани билан табриклашим баробарида, мамлакатингизга бундан-да зиёд фаровонлик ва тараққиёт тилайман.   

Геральд Уйбершер, «Reise Travel» электрон нашрининг бош муҳаррири:

— Мен мамлакатингизда якунланган йилнинг 21 декабрида бўлиб ўтган сайловларда Германиядан халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш шарафига муяссар бўлганим учун Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясидан миннатдорман. 

Республикангизнинг Бухоро ва Тошкент шаҳарларидаги 7 та сайлов участкасида бўлдим. Таъкидлашим керакки, парламент сайловлари жуда яхши ташкил этилди, ҳеч қандай қонунбузарлик ёки номувофиқликлар кузатилмади.

Мен Ўзбекистондан мамлакатингизда рўй бераётган ўзгаришлар жараёнлари ҳақидаги кенг қамровли маълумотлар, катта таассуротлар билан ўз юртимга қайтдим. Сафарим якунлари бўйича Ўзбекистонга бағишланган қатор мақолаларни эълон қилишни мўлжаллаганман.

Экхард Приллер, Берлин ижтимоий тадқиқотлар илмий маркази ишчи гуруҳининг раҳбари, Германия фуқаролар фаоллиги федерал тармоғининг аъзоси:

— Мен Ўзбекистондаги парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида илк маротаба иштирок этдим.

Ўз миссиямни адо этишга тайёргарлик кўриш жараёнида мамлакатингиз сайлов қонунчилигини, демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш борасида олиб борилган ислоҳотларни диққат билан ўрганиб чиқдим. Шуниси диққатга сазоворки, ана шундай ислоҳотларнинг натижасида парламентнинг, сиёсий партияларнинг ваколатлари кенгайгани фаолликнинг ортишига, партиялараро рақобатнинг кучайишига хизмат қилмоқда.

Мамлакатингиз парламентида Экологик ҳаракатнинг фаолият кўрсатиши атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишида кенг жамоатчилик иштироки фаоллигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, шунингдек, экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш имконини беради.

 

«Жаҳон» АА,

 Берлин



DB query error.
Please try later.