08.01.2015

Ишонч ёрлиқлари топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 7 январь куни Оқсаройда Миср Араб Республикаси, Вьетнам Социалистик Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, Индонезия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Ғада ал-Ғаннам, Фам Ван Фао, Викрам Дораисвами, Алит Сантикадан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. 

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиздаги дипломатик ваколатхоналарнинг янги тайинланган раҳбарларини самимий қутлар экан, уларнинг шарафли ва масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади. Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон халқаро ва минтақавий долзарб масалаларда тобора муҳим ўрин тутаётган Миср, Вьетнам, Ҳиндистон ва Индонезия билан алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият бераётганини таъкидлади. 

Миср элчиси билан суҳбатда ҳар икки мамлакат сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан бирдай манфаатдор экани қайд этилди. 

Элчи Ғада ал-Ғаннам дунёда нафақат бой маданий ва тарихий мероси билан машҳур бўлган, айни пайтда замонавий шароитда ишончли ҳамкор сифатида танилган Ўзбекистонда Миср вакили сифатида фаолият юритишини ўзи учун юксак шараф, деб билишини таъкидлади. 

Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасидаги кўп йиллик алоқалар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган муносабатлар изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Кейинги йилларда турли даражадаги мулоқотларнинг фаоллашуви иқтисодиётнинг реал секторидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини биргаликда белгилаш ва муттасил ривожлантириш имконини бермоқда. 

Элчи Фам Ван Фао мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш, давлатлараро битим ва келишувларни амалга оширишда ўзининг куч ва имкониятларини ҳамда дипломатик тажрибасини ишга солишини таъкидлади. 

Ўзбек ва ҳинд халқларининг кўп асрлик савдо ва маданий алоқалари, дўстлиги ва маънавий яқинлиги турли соҳаларда икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантиришнинг мустаҳкам асосини ташкил этади. Ҳиндистон элчиси билан мулоқот чоғида олий даражадаги ташрифлар мунтазамлик касб этгани, шунингдек, икки мамлакат ҳукумат тузилмалари, ишбилармон доиралар вакиллари, маданият арбоблари ўртасидаги алоқалар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш борасида улкан салоҳият мавжудлигига ёрқин мисоллар экани таъкидланди. 

Элчи Викрам Дораисвами Ўзбекистондаги фаолиятини мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришга ҳисса қўшиш учун катта имконият, деб билишини қайд этди. 

Ўзбекистон Индонезияга Жануби-шарқий Осиёдаги муҳим ва истиқболли шериклардан бири сифатида қарайди. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўзаро манфаатли савдони ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа соҳалардаги алоқаларни чуқурлаштириш борасида улкан имкониятларга эга. 

Элчи Алит Сантика Индонезия Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади. 

Мулоқотлар чоғида томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар бўйича ҳам атрофлича фикр алмашилди. 

ЎзА


DB query error.
Please try later.