06.01.2015

ПАРЛАМЕНТ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИГА САЙЛОВ ЯКУНЛАНДИ

Кеча Марказий сайлов комиссияси мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов якунларига бағишлаб брифинг ўтказди. Унда Марказий сайлов комиссияси раиси ­Мирзо-Улуғбек Абдусаломов ­атрофлича маълумот берди.

Аввало, мамлакатимизда сайлов амалдаги сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, очиқлик, ошкоралик ва муқобиллик ҳамда демократик тамойилларга мувофиқ ҳолда ўтказилгани таъкидланди.

5 январь куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтгани ҳақида маълумот берилди. Мазкур мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 11 ва 48-моддаларига мувофиқ, 2015 йил 4 январда 22 та сайлов округида бўлиб ўтган такрорий овоз бериш натижалари инобатга олинган ҳолда парламент Қонунчилик палатасига сайлов якунлари кўриб чиқилган.

Округ сайлов комиссияларининг такрорий овоз бериш натижалари ҳақидаги баённомалари асосида Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 22 нафар депутатини рўйхатга олган. Шундай қилиб, 135 та сайлов округининг барчасида парламент  Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов якунланди.

 Брифингда сайлов жараёнлари, уларнинг қонуний тартибда ва юқори савияда ташкил қилингани, сайловда фуқаролар фаол қатнашгани ҳақида батафсил ахборот берилди.

Марказий сайлов комис­сия­си раиси маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурида кўзда тутилган ташкилий-ҳуқуқий масалалар изчил амалга оширилган. Қонун ҳужжатларида белгиланган қоида ва талаблар барча учун бир хил ва мажбурийлигига сайлов кампанияси даврида тўлиқ амал қилинган.

Хусусан, сайлов тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, сиё­сий партияларга ва депутатликка номзодларга сайлов­олди ташвиқотини амалга оширишда, сайловчилар билан учрашувлар ўтказишда, сайловолди дастурлари мазмун-моҳиятини сайловчиларга етказиш учун оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов бўйича тузилган сайлов округларидан 127 тасида битта депутатлик мандати учун 4 нафардан номзод, 8 тасида 3 нафардан номзод кураш олиб борди. Умуман, мамлакатимиз бўйича сайловчилар рўйхатига 20 миллион 789 минг 572 нафар сайловчининг фамилияси киритилиб, сайловда 18 миллион 490 минг 245 нафар ёки рўйхатга киритилган сайловчиларнинг 88,94 фоизи қатнашди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ 21 декабрь куни Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Конференциясида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 15 нафар депутат сайланди.

 Сиёсий партиялар, номзодлар ўртасидаги кескин рақобат натижасида Қонунчилик палатасига сайлов бўйича 22 сайлов округида номзодларнинг бирортаси ҳам сайланиш учун зарур овозларни тўплай олмади. Шунинг учун 2015 йил 4 январь куни ушбу округларда такрорий овоз бериш ўтказилди.

Сайлов қонунчилигига асосан такрорий овоз бериш 22 та сайлов округининг ҳар бирида асосий сайлов натижаларига кўра, сайловчиларнинг энг кўп овозини олган икки нафар депутатликка номзод бўйича ўтказилди. Такрорий овоз беришда рўйхатга киритилган сайловчиларнинг 76,9 фоизи иштирок этди. Сиёсий партияларнинг 5700 нафардан ортиқ кузатувчилари ва ваколатли вакиллари қатнашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайловнинг якуний натижаларига кўра, парламент қуйи палатасига 150 нафар депутат, шу жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбе­кис­тон Либерал демократик партиясидан 52 нафар, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик пар­тиясидан 36 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 27 нафар, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан 20 нафар депутат сайланди. 15 нафар депутат Ўзбекистон экологик ҳаракатининг вакилларидир. Сайланган депутатларнинг 24 нафари ёки 16 фоизи хотин-қизлардир.

Сайланган 150 нафар депутатдан 40 нафари ёки 27 фоизи илгари Қонунчилик палатаси депутати бўлиб фаолият юритган. Бу депутатлар сайловчилар ишончига сазовор бўлганидан далолат беради, шу билан бирга, парламент қуйи палатасининг профессионал фаолиятида уларнинг тажрибаси қўл келади. Қуйи палатага жамиятимизнинг деярли барча соҳаларидан вакиллар сайланди.

Мирзо-Улуғбек Абдусаломов сайлов жараёни очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари, маҳаллий ва хорижий кузатувчиларнинг фаолияти муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Сайлов жараёнини 550 дан ортиқ миллий, 120 дан зиёд хорижий оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, 180 дан ортиқ интернет-нашрлар ёритиб борди.

Мамлакатимиздаги сайловни кузатишда 5 та халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциация­си ва Ислом ҳамкорлиги ташкилотидан ҳамда 52 давлатдан 340 дан ортиқ кузатувчи, шунингдек, сиёсий партияларнинг 70 мингдан зиёд кузатувчи ҳамда ваколатли вакиллари қатнашди.

Хулоса қилиб айтганда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтган сайлов Ўзбекистон демократик ҳу­қуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан дадил бораётганини яна бир бор намоён этди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.