01.01.2015

ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК КУЧАЯДИ

2015 йил 1 январдан кучга кирадиган айрим қонунлар ва уларнинг муҳим хусусиятлари ҳақида эслатиб ўтишни жоиз кўрдик.

Янги йилнинг биринчи кунидан, яъни бугундан эътиборан Олий Мажлисда кенг ва қизғин муҳокамалардан сўнг қабул қилинган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонун кучга кирди.

Ижтимоий шериклик қонунчилигимизда ўзига хос янги институт. Қонунга кўра, давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини, шу жумладан, тармоқ, минтақавий ва ҳудудий дастурларни, норматив-ҳу­қуқий ҳужжатларни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқаришдаги ҳамкорлиги ижтимоий шериклик ҳисобланади.

Демак, давлат органлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонун билан кафолатланган манфаатларига дахлдор масалаларда қарорлар қабул қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлар билан маслаҳатлашиши, уларнинг фикри ва хулосаларини ҳисобга олиши керак бўлади.

Бу Қонун халқимизнинг ҳар доим маслаҳат билан кенгашиб иш кўришдек азалий анъаналарига тўлиқ мувофиқдир. Депутатлар, мутахассислар, кенг жамоат вакиллари, кўпни кўрган кишилар Қонун ҳақида ана шундай илиқ фикрларни билдирмоқда.

Ота-боболаримиз ҳамиша ҳамкорликни, бирдамлик ва ҳамфикрлиликни қўллаб-қувватлаган, уларни доим ривожлантириб келган. «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қо­нун бу борада давлат идораларига, нодавлат нотижорат ташкилотларга, умуман, халқимизга катта имкониятлар очиб беришга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

Мазкур Қонун 5 боб, 30 моддадан иборат.

СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИ КЎПАЙДИ

«Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам бугундан куч­га кирди.

Ушбу Қонун орқали «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳамда Солиқ кодексига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Уларда ҳарбий хизматчилар, ички ишлар органлари ходимлари, судьялар ва прокуратура ходимларининг пенсия таъминоти билан боғлиқ масалалар, бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлаш шартлари бажарилмаган ҳолларда кўриладиган маъмурий чоралар, шу­нинг­дек, солиқ соҳасидаги қатор янгиликлар акс этган.

Умуман, бу йилги солиқ сиёсатида фуқароларнинг даромадлари ва фаровонлигини оширишга қаратилган муҳим ўзгаришлар бўлди. Мисол учун, микрофирмалар, кичик корхоналар ҳамда фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 2014 йилдаги 25 фоиздан 15 фоизгача, хўжалик юритувчи субъектлар фойда солиғининг базавий ставкаси эса 8 фоиздан 7,5 фоизгача пасайди. Булар корхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, шу орқали қў­шимча иш ўринлари яратиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Жорий йилдан ўртача иш ҳақидан паст ёки унга тенг миқдорда даромад олувчи жисмоний шахсларнинг даромади бўйича «0» даражали ставкани назарда тутувчи солиқ солишнинг тўрт поғонали шкаласи жорий этилади. Бунинг маъноси шундаки, эндиликда кам даромад олган фуқаролар ўтган йиллардагига қараганда камроқ солиқ тўлайди.

2015 йилда солиқ сиёсатидаги энг муҳим янгиликлардан яна бири, шубҳасиз, коллежни тамомлаб, ўз ишини бошлаган ёшларга имтиёзлар берилгани бўлди. Яъни, касб-ҳунар коллежини тугатиб, ўз ишини йўлга қўйганлар тегишли тартибда олти ойга солиқ тўлашдан озод қилинди. Бу имтиёз давлат рўйхатидан ўтиб, қонуний равишда иш юритадиган ёшлар кўпайишида, улар тезроқ оёққа туриб, ҳаётда ўз йўлларини топишида муҳим аҳамият касб этади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тўлқин ТЎРАХОНОВ тайёрлади.




DB query error.
Please try later.