01.01.2015

2014 ЙИЛ АМАЛИЙ ИШЛАР ЙИЛИ БЎЛДИ

Янги йилда эса сайловчилар ишончини оқлашдек шарафли вазифа зиммамизда турибди

Ўтган йил юртимиз ҳаётида катта сиёсий воқеаларга бой бўлди. Энг муҳими, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтди. Мамлакатимиздаги 4 та сиёсий партия сайловда қизғин кураш олиб борди.

Ҳар бир фуқаро эртага жамиятдаги муаммоларни ҳал қилишда ташаббус кўрсата олишга қодир, элу юрт равнақини ўйлайдиган ва бунга ҳисса қўша оладиган муносиб номзодга ишонч билдириб, уни қўллаб-қувватлаш учун сайлов жараёнларида фаол қатнашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов бўйича тузилган 135 та сайлов округидан 127 тасида битта депутатлик мандати учун 4 нафардан, 8 тасида 3 нафардан номзод кураш олиб борди. Булардан кўриниб турибдики, ҳар бир ўрин учун кураш осон бўлмади.

Биз Сайловолди дастуримизда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий самарасини янада оширишни асосий йўналиш сифатида белгилаб олдик. Сайловолди тарғиботи давомида партиямиз ғояси ҳамда дас­турий мақсадлари мамлакатимиз жамоатчилиги, сайловчиларга кенг тарғиб қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ЎзХДПдан 21 нафар депутат сайланди. Такрорий овоз беришда эса сайлов округларининг 11 тасида ЎзХДП номзодлари курашни давом эттиради. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида сезиларли устунликка эришдик. Бизни сайловда қўллаган барча ҳамюртларимизга миннатдорлик билдирамиз.

Ҳозир парламентга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига катта ваколатлар берилган. Партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ижро ҳокимияти ҳисоботларини эшитишни йўлга қўйди.  Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари тегишли ҳудудни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама этиб, керак пайтда уларни сессиялар муҳокамасига олиб чиқаяпти, ҳокимликлар, мутасадди идоралар органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитяпти. Партиямизнинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури асосида ўтган йили халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз ташаббуси билан 300 га яқин масала доимий комиссия ва сессияларда кўриб чиқилди.

Айтиш жоизки, 2015 йилнинг Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилинишини партиямиз ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Бундан кўзланган мақсад партиямиз ғоялари билан чамбарчас боғлиқ. Кекса отахону онахонларимизни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар ҳаётдан мамнунлик билан яшашига кўмаклашиш биз учун устувор вазифа ҳисобланади. Шуни ишонч билан айтишим керакки, бу борада партиямизнинг тажрибаси катта, имкониятлари юқори.

Партиямиз Сайловолди дас­­турида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг  имконияти ва ҳуқуқларини янада кенгайтиришга кўмаклашадиган муҳим вазифалар белгиланган.  Шундан келиб чиқиб, кириб келган янги йилда кам таъминланган оилалар, ногирон ва ёлғиз кексаларимиз ҳаётига дахлдор бўлган масалаларни ҳал қилиш бўйича ташаббусларимизни янада кенгайтириш, кексаларимизнинг кўнглини кўтариш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳалар билан чиқиш ниятидамиз. Зеро, пиру бадавлат кексаларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш, уларни эъзозлаш ва қадрлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Янги йил ҳаммамизга бахт, омад олиб келсин.

 

Шарбат АБДУЛЛАЕВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.




DB query error.
Please try later.