30.12.2014

ҲАР БИР МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН МАНФААТИ БОР

Малика Саттарова Сергели туманида ЎзХДП томонидан ташкил этилган тадбирларнинг бирида иштирок этиб, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал қилишда партия ташкилотларининг вазифалари, депутат ваколати ҳақида атрофлича тушунчага эга бўлган эди...

Орадан кўп ўтмай у ишга жойлашиш масаласида ЎзХДП Сергели туман кенгаши Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилди. Партия фаоллари ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларидан тузилган ишчи гуруҳи унинг мутахассислиги билан танишиб, шунга мос бўш иш ўринларини ўрганишди, мутасадди ташкилотлар раҳбарларига мурожаат қи­лишди, масала ижобий ҳал этилди. У Сергели тиббиёт коллежи кутубхонасига ишга жойлашди.

Дарҳақиқат, бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Муҳими, мурожаатларни ечиш орқали кенг жамоатчилик билан алоқа ўрнатилиб, аҳоли орасига кириб борилаяпти.

Албатта, партия ташкилотлари ва депутатлар зиммасидаги асосий вазифалардан бири электорат манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ваколати доирасида ижобий ҳал қилишдан иборатдир. Бу борада аҳолидан тушган мурожаатларни ечиш, уларнинг ҳар бирига жиддий эътибор қаратиш муҳим ўрин тутади. Хўш, ЎзХДП ташкилотларида якунланиб бораётган жорий 2014 йилда мазкур йўналишда қандай ишлар олиб борилди? Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда яна нималарга эътибор қаратиш лозим?

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайдар ­Бобохонов мазкур мавзу атрофида мулоҳаза юритиб, мурожаатлар билан ишлашда партия ташкилотлари ва депутатлар фаоллигини ошириш юзасидан таклифларини билдирди.

— Янги йилни кутиб олар эканмиз, ўтаётган йилда амалга оширган ишларимизни сар­ҳисоб қилиб, янги режалар ҳақида ўйлаймиз, албатта, — дейди у. — ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши барча даражадаги ташкилотлари йил давомида электоратимиз манфаатини ҳимоя қилиш борасида қатор амалий ишларни олиб борди. Хусусан, партиямиз маҳаллий кенгашларида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналарининг электоратни ўйлантираётган масалаларни бартараф этиш борасидаги таъсирини ошириш бўйича катта тажриба тўпладик. Жорий йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида 339 нафар фуқаро қабулхоналаримизга турли масалаларда мурожаат қилди. Уларнинг 250 таси ижобий ҳал этилди, қолганларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Айтиш ­жоизки, ҳар бир мурожаат партия фаоллари ва депутатлар томонидан пухта ўрганилиб, уларнинг аксарияти тегишли идора ва ташкилотлар ёрдамида ҳал этилди.

— Мурожаатларга ечим топиш учун биринчи галда масалани депутатлар ва партия фаоллари ўртасида муҳокама қиламиз. Уларнинг фикрларини ўргангач, энг маъқул ечимга тўхталамиз. Шундан сўнг, мурожаат маълум бир депутатга юклатилади. Керак пайтда, мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови билан чиқамиз. Бу билан иш якунланмайди, албатта. Масала ҳал этилмагунга қадар депутатлардан иборат махсус ишчи гуруҳи назоратида туради. Шунингдек, электорат вакиллари муайян масалада ҳуқуқий маслаҳат ва кўмакка эҳтиёж сезади. Шу боис мурожаатларни ҳал этишда малакали ҳуқуқшунослар ҳам жалб этилмоқда Энг муҳими, шу тариқа ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг партиямиз фаолиятига қизиқиши ва ишончи ортиб бораяпти.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Жамоатчилик қабулхоналар фаолияти депутатларимиз фаоллиги ва масъулияти ошишида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Чунки мурожаатни ҳал қилиш учун депутат муайян масалани чуқур ўрганади, таҳлил этади ва таклиф тайёрлайди. Таклифлар партия ­фаоллари билан бирга кенг муҳокама этилиб, тегишли идора ва ташкилотларга хат тайёрланади. Бундан ташқари ҳар ҳафта тегишли жадвал асосида депутатлар ва партия фаоллари қабулхонага келган кишиларни қабул қилади. Уларнинг мурожаатларда кўтарилган масалалар депутатлар кўмагида тегишли идора ва ташкилотлар орқали ҳал этилаётгани Жамоатчилик қабулхоналарига ишончни янада мустаҳкамламоқда.

— Жорий йилда сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ўтказиладиган ўқувларимизда «Партия дастурий мақсадларини амалга оширишда Жамоатчилик қабулхоналари ва партия гуруҳлари ­фаоллигини кучайтириш» мавзусини ҳам кенг муҳокама этдик. Унда билдирилган амалий таклифлар асосида қабулхона ишини янада фаоллаштириш, мурожаатларни ижобий ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқдик. Хусусан, Жамоатчилик қабулхоналарининг моддий-техник базасини яхшилаш, интернет орқали қабулларни ташкил этиш ва электрон мурожаатлар қабул қилишга ўтиш, намунали партия Жамоатчилик қабулхоналари тажрибасини оммалаштириш, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатларимизнинг ўз сайлов округларидаги Жамоатчилик қабулхоналари билан алоқасини мунтазам йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Бундан ташқари Жамоатчилик қабулхоналарини меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар билан бойитиш ҳамда қабулхоналар иш кунларини аҳоли учун қулай бўлган дам олиш кунларида ташкил этиш ҳам олдимизда турган асосий вазифалардан бири. Қандай ­муаммолар бўйича мурожаатлар қайд этилаётганлиги ва уларни ҳудудлар бўйича таққослаш механизмини кучайтиришимиз керак, деб ўйлайман.

Мурожаатларни мунтазам таҳлил қилиб бориш, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ҳудудий бандлик дас­турларига ўзгартиш киритиш эҳтиёжини аниқлаш, электоратни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш, шу асосда қонунчиликни янада такомиллаштириш чораларини кўриш масаласида ҳам аниқ режалар ишлаб чиқсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Мурожаат ҳал этилиши орқали одамлар оғири енгил бўлади. Бу масаланинг биринчи томони. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, мурожаатни ижобий ечиш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинади. Инсон ҳуқуқини таъминлаш олий қадриятга айланган жамият барқарор ва мустаҳкам бўлади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.




DB query error.
Please try later.