30.12.2014

ТАКРОРИЙ ОВОЗ БЕРИШ – САЙЛОВНИНГ ЯНА БИР МУҲИМ БОСҚИЧИ

Мамлакатимизда 2015 йил 4 январь куни 22 сайлов округида ўтказиладиган такрорий овоз бериш жараёнига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

Маълумки, жорий йилнинг 21 декабрь куни мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди.

Сайлов қонунчилиги такомиллашгани, сайловчилар ҳуқуқий-сиёсий маданияти юксалгани, давлат ҳокимияти тизимида вакиллик органларининг мавқеи оширилгани, ҳукуматни шакллантиришнинг янада демократик тамойиллари жорий қилингани бу галги сайловлар юқори савияда ўтишида муҳим омил бўлди. Ҳар бир депутатлик ўрни учун сиёсий партиялар ва улардан кўрсатилган номзодлар ўртасида кураш қизғин кечди. Буни 22 сайлов округида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг биронтаси етарли даражада овоз тўплай олмаганидан ҳам кўриш мумкин.

Шунинг учун Марказий сайлов комиссияси томонидан мазкур сайлов округларида такрорий овоз бериш ўтказилиши белгиланди.

Такрорий овоз бериш тартиб-таомилларининг қонун даражасида белгилангани фуқароларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўз вакилларини сайлаш ҳуқуқини ҳар томонлама кафолатлаш ҳамда сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни янада кучайтиришни таъминлайди.

Мамлакатимиз қонунчилигида такрорий овоз беришнинг ҳуқуқий асослари ўз ифодасини топган. Хусусан, такрорий овоз бериш масаласи «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги, «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссия­сининг 2014 йил 11 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларини тузиш ва уларнинг ишини ташкил қилиш тартиби тўғ­рисида»ги Низомда мустаҳкамлаб қў­йилган.

Такрорий овоз бериш – бу Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайловда икки ёки ундан ортиқ номзод иштирок этиб, уларнинг ҳеч бири сайловчиларнинг ярмидан кўп овозини олмаган тақдирда ўтказиладиган овоз бериш жараёнидир.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 45-моддасига мувофиқ, сайлов округи бўйича депутатликка икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан биронтаси ҳам сайланмаса, округ сайлов комиссияси энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз беришни ўтказиш ҳақида қарор қабул қилади ва бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси ҳамда округ сайловчиларини хабардор этади.

Такрорий овоз бериш амалдаги сайлов қонунчилиги талабларига риоя этилган ҳолда икки ҳафта ичида асосий сайлов ўтказилган сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг аввал тузилган рўйхатлари бўйича ўтказилади. Унда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланади. Сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг иштирок этиш фоизи ҳисобга олинмайди. Бош­қача айтганда, такрорий овоз беришда қанча сайловчи иштирок этса ҳам сайлов қонуний ўтган ҳи­собланади ва қатнашганларнинг кўпчилик овозини олган номзод сайланган ҳи­собланади.

Такрорий овоз бериш ҳамда унинг натижаларини ҳисоблаб чиқиш тартиб-таомиллари асосий овоз беришдан фарқланмайди. Уш­бу жараёнда ҳам умумий, тенг, тўғридан-тўғри ва яширин сайлов ҳуқуқи ҳамда ошкораликка қатъий риоя қилиниши кафолатланади, кузатувчиларнинг сайлов участкаларида қатнашиш ҳуқуқи бирдек таъминланади. Сайловчиларга қўйилган талаб бир хил, яъни Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқу­қига эга бўлиб, ҳар бир фуқаро — сайловчи бир овозга эгадир.

Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигида кафолатланган такрорий овоз бериш ҳуқуқи «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро пакт, Эркин ва адолатли сайловлар тўғрисидаги декларация, ЕХҲТ инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген конференцияси ҳужжати ва бошқа шу каби халқаро ҳужжатларда белгиланган, умумэътироф этилган тамойил ва қоидаларга мос келади.

Мухтасар айтганда, такрорий овоз бериш давлат ҳокимияти органларини шакллантириш ва мамлакат ҳаётига доир долзарб масалаларни ҳал этишда фуқароларнинг хоҳиш-иродаси тўлиқ рўёбга чиқишига хизмат қилади.

 

Улуғбек ҲУСАИНОВ,

Жаҳонгир САФАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бош илмий ходимлари, юридик фанлар номзодлари.




DB query error.
Please try later.