27.12.2014

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИГА ДЕПУТАТЛАР САЙЛОВИ БЎЙИЧА АЙРИМ САЙЛОВ ОКРУГЛАРИДА ТАКРОРИЙ ОВОЗ БЕРИШНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарори

2014 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман ва шаҳар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш ҳақидаги баённомаларини кўриб чиқиб, 22 та сайлов округи бўйича депутатликка номзодлардан биронтаси ҳам сайланиш учун зарур бўлган овозларни тўплай олмаганлигини аниқлади.

Округ сайлов комиссияларининг тегишли қарорларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуни 45-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонуни 5-моддасига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи 22 та округ сайлов комиссиялари томонидан такрорий овоз беришни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилингани маълумот учун қабул қилинсин. 22 та сайлов округида такрорий овоз бериш 2015 йил 4 январь — якшанба куни 1-иловага мувофиқ ўтказилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуни 45-моддаси биринчи қисмига мувофиқ такрорий овоз бериш сайлов округи бўйича энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича ўтказилади; такрорий овоз бериш асосий сайловни ўтказиш учун ташкил этилган сайлов участкаларида илгари тузилган сайловчиларнинг рўйхатлари асосида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ ўтказилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича айрим сайлов округларида такрорий овоз беришга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи тегишли округ ва ­участка сайлов комиссиялари такрорий овоз беришни Ўзбекис­тон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонунлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказишни таъминласинлар.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича такрорий овоз бериш учун бюллетенлар нашр этиш ва жойларга етказиб бериш билан боғлиқ ишлар Марказий сайлов комиссиясининг 2014 йил 15 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловига доир сайлов бюллетени ва сайлов варақаси намуналарини тасдиқлаш тўғрисида»ги 638-сон қарорида белгиланган тартибда амалга оширилсин.

6. Мазкур қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин.

 

Марказий сайлов комиссияси Раиси

М. АБДУСАЛОМОВ

Тошкент шаҳри, 2014 йил 25 декабрь.




DB query error.
Please try later.