27.12.2014

2015 ЙИЛ 4 ЯНВАРДА 22 САЙЛОВ ОКРУГИДА

такрорий овоз бериш ўтказилади

25 декабрь куни Ўзбекистон Рес­пуб­ликаси Марказий сайлов комиссияси мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Олий Мажлис Қонунчилик пала­тасига сайлов нати­жаларига бағишлаб брифинг ўтказди. Унда Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Светлана Ортиқова атрофлича маъ­лумот берди.

Таъкидландики, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов миллий сайлов қонунчилигига, очиқлик, ошкоралик ва муқобиллик каби демократик тамойилларга мос ҳолда ўтказилди. Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган 5 та халқаро ташкилот — Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик инс­титутлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти миссия­ларининг сайлов якунлари бўйича хулосалари, шунингдек, хорижлик кузатувчиларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари ҳам буни тасдиқлайди. Улар сайловчиларга конституциявий ҳу­қуқларини амалга ошириш учун қулай шароит яратилганини алоҳида эътироф этишди.

Брифингда Марказий сайлов комиссиясига қонуний меъёрлар бузилгани ҳақида, сайлов якунларига таъсир этиши мумкин бўлган маълумот ва мурожаатлар тушмагани қайд қилинди.

Марказий сайлов комиссияси қонунга мувофиқ, парламент қуйи палатасига сайлов якунларини кўриб чиққан. Сайлов округларида, шу­нинг­дек, Ўзбекис­тон экологик ҳаракатининг Конференциясида сайланган депутатлар расмий рўйхатга олинган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов бўйича тузилган 135 та сайлов округидан 127 тасида битта депутатлик мандати учун 4 нафардан, 8 тасида 3 нафардан номзод кураш олиб борди.

Мамлакатимиз бўйича 20 миллион 789 минг 572 нафар сайловчи қайд қилинган бўлиб, сайловда уларнинг 18 миллион 490 минг 245 нафари ёки умумий сайловчиларнинг 88,94 ­фоизи қатнашди.

Маълумки, овоз бериш натижаларига кўра, 113 та сайлов округида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайланди. Уларнинг 47 нафари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон ­Либерал демократик партиясидан, 28 нафари Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан, 21 нафари Ўзбекистон Халқ демократик пар­тиясидан ва 17 нафари Ўзбекис­тон «Адолат» социал демократик партия­сидан сайланган.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Конференциясида мазкур ҳаракатдан парламент қуйи палатасига 15 нафар депутат сайланди.

Сайланган депутатларнинг 33 нафари ҳуқуқ, 31 нафари иқтисодиёт, 26 нафари таълим, 21 нафари ишлаб чиқариш, 7 нафари тиббиёт, 3 нафари жамоат ташкилотлари, қолган 7 нафари эса бошқа соҳа вакиллари ҳисобланади. Депутатларнинг 43 нафари магистр, фан номзоди ва фан доктори каби илмий даражаларга эга. Сайланган 128 нафар депутатнинг 21 нафари хотин-қизлардир.

Депутатларнинг 38 нафари олдинги чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари бўлган.

Брифингда такрорий овоз бериш масаласи ҳақида ҳам атрофлича ахборот берилди.

Маълумотга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов бўйича 22 округда номзодлар сайланиш учун зарур овоз тўплай олмаган. Шунинг учун Марказий сайлов комиссияси мазкур округларда 2015 йил 4 январь куни такрорий овоз беришга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қарор қабул қилган. Унга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида биттадан, Наманган, Тошкент вилоятларида иккитадан, Фарғона вилоятида учта, Сурхондарё вилоятида бешта сайлов округида такрорий овоз бериш ўтказилади.

Такрорий овоз беришда қатнашадиган депутатликка номзодларнинг 15 нафари Ўзбекис­тон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан, 11 нафари Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан, 9 нафари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан, 9 нафари эса Ўзбекис­тон «Адолат» социал демократик партиясидан.

Такрорий овоз беришда нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланади.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.