25.12.2014

ХАЛҚИМИЗ САЙЛОВДА

фаол фуқаролик позициясини, келажакка ишончи мустаҳкам эканини кўрсатди

Дунё жамоатчилиги, халқ­аро ташкилотлар мутахас­сислари ва сиёсатчилар 21 декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депу­татлари маҳаллий Кен­гаш­ларига бўлиб ўтган сайловга катта қизиқиш билдирмоқда.

Юртимизга келиб, сайлов жараёнларини бевосита кузат­ган хал­­­­қ­аро куза­тув­чилар, шунингдек, хо­рижий расмий доира вакиллари томо­нидан мамлакатимиз ҳаётидаги ушбу муҳим сиёсий воқеа ҳақида ижобий фикрлар айтилмоқда. Ўзбекистонда парламент, умуман, вакиллик ҳоки­миятининг ўрни ва мавқеини мустаҳ­камлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берилмоқда.

Жаҳон оммавий ахборот воситалари, ахборот агентликлари, интернет нашрлар бу жараённи, мамлакатимиздаги сайлов тафсилотларини кенг ёритиб борди. Мисол учун, сайлов арафасида ва ундан кейин — уч кун ичида Хитойдаги дунёга машҳур биргина «Синьхуа» ахборот агентлиги Ўзбекистондаги сайлов ҳақида 15 га яқин хабар тарқатди.

«... сайлов кампанияси билан боғлиқ барча тадбирлар очиқ-ошкора, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилди. Сиёсий партия­лар, депутатликка номзодларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ва кенг имкониятлар яратилди», дейилади «Синьхуа» агентлигининг расмий сайтида берилган материалда. (2014 йил, 22 декабрь)

Россия ахборот агентлиги (РИА) сайлов куни тарқатган хабарда МДҲ Кузатувчилар миссияси раҳбари ­Сергей Лебедевнинг Тошкентдаги сайлов участкаларидан бирида айтган фикри келтирилади. Ушбу хабарда сайловлар юқори ташкилий савия­да, сайловчилар фаоллиги асосида ўтаётгани қайд этилади.

Умуман, жаҳон оммавий ахборот воситаларининг тегишли материалларида Ўзбекистонда фуқароларнинг сайлов ҳуқу­қидан тўлақонли фойдаланишини таъминлаш, парламент демократиясини ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш томон муҳим қадамлар ташланаётгани алоҳида эътиборда бўлди. Бу, шубҳасиз, дунё жамоатчилигининг Ўзбекистон, хал­қимиз ҳақидаги тасаввурини бойитишда муҳим аҳамият касб этди. Мамлакатимиз нафақат катта тарихи, кўнгли очиқ, меҳмондўст халқи билан, балки инсон ҳуқуқларини кафолатлаш, демократия­ни юксалтириш йўлидаги жиддий ва улкан ютуқлари билан жаҳон кўз ўнгида яна бир бор ҳурматга сазовор бўлди. Бунга асослар етарли.


Марказий сайлов комиссияси сайлов куни соат 13:00 да ўтказган дастлабки брифингда расмий рўйхатга олинган 20 миллион 800 минг нафарга яқин сайловчининг 56 фоиздан кўпроғи овоз беришда иштирок этгани маълум қилинди. Демак, ўша куни ҳамманинг асосий режаси сайловда қатнашиш, ўзи маъқул кўрган номзодга овоз бериш бўлган. Бу фуқароларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги, маданияти юксалганидан, фуқаролик масъулияти ва позицияси тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

— Сайлов куни эрталабки соат 7 ларда овоз бериш учун сайлов участ­касига чиққанимда, тўпланиб турган одамларни кўриб, ҳайрон бўлдим, — дейди Сурхондарё вилояти Қумқўр­ғон туманидаги 58-умумтаълим мактаби жисмоний тарбия ўқитувчиси Қурбонали Жўллиев. — Яқинлашиб, сўраб билсам, маҳалламиздаги одамлар овоз бериш учун навбат кутаётган экан. Ўзаро гурунгда ёши катта қишлоқдошлар олдингиларига нисбатан бу галги сайловда овоз беришга қизиқиш ортгани ҳақида гапиришди.

Сайловчиларнинг сайлов участкаларига келиши овоз бериш вақти тугагунга қадар, яъни кечки соат 20:00 гача давом этди. Марказий сайлов комиссияси 22:00 да ўтказган брифингда рўйхатга олинган сайловчиларнинг 88 фоиздан кўпроғи овоз бериш жараёнида қатнашгани маълум қилинди. Мамлакатимиздаги сайловни ёритишда иштирок этаётган хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан дунёга Ўзбекистон фуқаролари парламент, маҳаллий вакиллик ҳокимияти органларига сайловда катта фаоллик кўрсатгани ҳақида тезкор хабарлар тарқатила бошланди. Бу ҳақдаги хабарлар дунё жамоатчилигининг эътибори ва эътирофини қозонди. Кези келганда айтиш керак, 90 фоизга яқин сайловчининг овоз беришда иштирок этиши дунё давлатларидаги сайлов амалиётида кам учрайдиган кўрсаткич ҳисобланади.

Демократия энг аввал фуқароларнинг, сайловчиларнинг кўнглида пайдо бўлади. Халқимиз катта масалалар ҳақида хулоса чиқариш, кўпнинг манфаати билан боғлиқ масала бўйича фикри, муносабати, позициясини билдиришда бунинг масъулиятини юракдан ҳис қилиб, чуқур шарқона мулоҳазакорлик билан ёндашиб келган. Сайлов куни овоз бериш жараёнларида бу яққол намоён бўлди. Бунинг сабаби, асослари кўп, албатта.

Аввало, мамлакатимизда демократияни қарор топтириш, халқ ҳокимиятининг асосларини мустаҳкамлаш ва мақомини ошириш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Хусусан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида бу масалаларга юксак эътибор қаратилди. Унда илгари сурилган ғоялар асосида Президент, қонун чиқарувчи орган ва ижро ҳокимияти ваколатлари ўртасида демократик мувофиқлик таъминланди, манфаатлар мувозанати барқарорлаштирилди. Ҳар бир шахснинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқи миллий давлатчилигимиз моделининг асосини ташкил этиши ҳисобга олиниб, сайлов қонунчилигига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Натижада сайловчининг сиёсий партиялар Дас­турлари, ғоявий мақсадлари билан, депутатликка номзодларнинг инсоний фазилатлари ва келгуси режалари билан яқиндан танишиш, маъқулини танлаш имконияти ҳам ортди.

Ўтган сайловдан ке­йинги вақт мобайнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ишлаш тартиби, масалаларни муҳокама қилиш жараёнлари ривожланди, янада демократлашди, улар қабул қиладиган қарорларнинг таъсир кучи, ҳуқуқий мақоми ошди.

Ҳозир Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонунлар лойиҳалари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар кўриб чиқилаётганда ҳар бир депутатнинг, фракцияларнинг фикри, муносабати, таклифи, албатта, ҳисобга олинмоқда. Уларнинг қабул қилиниши ёки қилинмаслиги сабаблари юзасидан ялпи мажлисда асослантирилган тушунтиришлар берилмоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари тегишли ҳудудни ривожлантириш билан боғлиқ энг муҳим масалаларни муҳокама этиб, қарорлар қабул қиляпти, мазкур қарорлар ижрога қаратиляпти, депутатлар долзарб масалаларни ўрганиб, сессиялар муҳокамасига олиб чиқяпти, уларнинг таклифлари қарорларга асос бўлмоқда.

Ана шуларнинг барчаси одамларнинг демократия ва унинг ҳаётимиздаги, келажагимиз ва тақдиримиздаги аҳамиятини теранроқ тушуниб етишига катта ижобий таъсир ўтказмоқда, демократияга нисбатан муносабат юксалишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бунинг ҳаётдаги исботи сайловда кўринди. Сайловчи овоз берадиган номзоди эртага жамиятдаги муаммоларни ҳал қи­лишда ташаббус кўрсата олишига ишониб, сайлов жараёнларида астойдил қатнашди, сайлов участкасига келиб мус­тақил фикрлаб, овоз берди.  

Хулоса қилиб айтганда, халқимиз сайловда фаол қатнашиш орқали муҳим сиёсий ҳуқуқини амалга оширди, давлат ҳокимияти юқори органларига ўз вакилларини сайлади, шу билан бирга, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганини яна бир бор намоён этди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.