25.12.2014

ВАТАН, ХАЛҚ ТАҚДИРИГА ДАХЛДОРЛИК ТУЙҒУСИ ЯҚҚОЛ НАМОЁН БЎЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 21 декабрь куни бўлиб ўтган сайлов жараёнларини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан келган уч юздан зиёд кузатувчи бевосита кузатиб борди. ЎзА мухбирлари уларнинг айримлари билан суҳбатда бўлиб, мамлакатимизнинг сайлов тизими ва овоз бериш жараёни ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Маҳмадшариф ҲАҚДОДОВ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котибининг ўринбосари:

— Тошкентдаги қатор сайлов участкаларида бўлиб, Ўзбекистонда ўтказилган парламент сайлови жараёнларини синчковлик билан кузатдик. Ўзбекистон фуқароларининг ўз конституция­вий ҳуқуқларини амалга ошириш учун барвақт сайлов участкаларига келгани, жараёнда фаол иштирок этгани, улардаги байрамона ва кўтаринки кайфият менда, айниқса, ўзгача таассурот қолдирди. Бу халқингиз қалбида юртингизда рўй бераётган сиёсий жараёнларга, мамлакат тақдири ва унинг эртанги кунига дахлдорлик ҳисси мужассам эканидан далолат беради.

Ўзбекистоннинг сайлов тизимини ва бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш бў­йича улкан ишлар амал­га оширилган. Ушбу омил сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг ўз сайловолди ташвиқотларини халқаро демократик стандартлар асосида ўтказишини таъминлади.

Ўзбекистонда ўтказилган сайловларга хорижий оммавий ахборот воситалари ва халқаро кузатувчилар томонидан катта қизиқиш билдирилгани эътиборга молик. Бу Ўз­бекистонда ўтган мазкур сиёсий воқеанинг ғоят муҳим аҳамият касб этишидан далолат беради.

Ли Жай ХОВА, Корея Республикаси Миллий сайлов комиссияси департаменти бош директори:

— Самарқанддаги қатор сайлов участкаларида бўлдик. Сайловга тайёргарлик ишларини диққат билан кузатиб, бу жараён демократия тамойилларига тўлиқ мос келишига ишонч ҳосил қилдик. Сайловчилар учун барча шарт-шароит яратилди. Улар эрта тонг­дан келиб, ўзлари танлаган номзодга овоз беришди.

Сайлов жараёнини ­кузатиш билан бирга, ­қадимий ва мафтункор ­Са­мар­қанднинг дунёга маш­­­­ҳур обидалари ҳамда хал­­қингизнинг маданий бойликлари билан танишиш бахтига мушарраф бўл­дим. Маданияти ва тарихини сақлаган халқнинг келажаги порлоқ бўлади.

Дарио ЧИТАТИ, Олий геосиёсий тадқиқотлар ва турдош фанлар институтининг

«Евросиё» дастури раҳбари (Италия):

— Сайловчилар овоз бериш жараёнида фаол иштирок этди. Парламент сайловида кўплаб халқаро кузатувчиларнинг қатнашгани ҳам мамлакатда демократияни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганидан далолатдир. Ўзбекистон Республикасининг сайловга оид қонун ва бошқа ҳужжатлари халқаро меъёрларга тўлиқ мос келади, сайловчиларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган демократик тамойилларни ўзида кенг ифода этади.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига Бош вазир лавозимига номзодни Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия томонидан таклиф этилиши, парламентнинг ҳукуматга нисбатан ишончсизлик вотумини билдириш каби муҳим институтлар киритилгани алоҳида эътиборга молик. Бундай ислоҳотлар Ўзбекистондаги демократик механизмларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда, сиёсий партияларнинг аҳамиятини янада оширмоқда.

Бернадет МИЛЛ, Лондоннинг Уолтхэм-Форест муниципалитети депутати (Буюк Британия):

— Сайловчиларнинг қарийб 90 фоизи сайловда иштирок этгани Ўзбекистон фуқароларининг юксак фаоллигидан далолат беради.

Мамлакатингиз сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сайловнинг юқори савияда ташкил этилиши ва энг юқори демократик талаблар асосида ўтиши учун шароит яратди. Хива шаҳридаги қатор сайлов участ­каларида бўлиб, бунга бевосита гувоҳ бўлдик. Ҳар бир участкада фуқароларга эркин овоз бериш учун қулай шароит яратилди. Ногиронлар, сайловга келиши қийин бўлган кишилар учун уларнинг хонадонларида овоз бериш ташкил этилди. Бу инсонпарварликнинг юксак кўриниши бўлиши билан бирга, сайловга чуқур тайёргарлик кўрилганини кўрсатади.

Валериус СИМУЛИК, Литва Сеймидаги Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раиси:

— Ўзбекистон нафақат тинч ва осуда, балки толерантлик, ўзаро меҳр-оқибат устувор бўлган давлат. Бу сайлов жараёнида ҳам яққол кўзга ташланди. Кўпчилик халқаро кузатувчилар эътироф этаётганидек, ёшларнинг сайловга муҳим тадбир сифатида қараб, ўз конституциявий ҳуқуқимни амалга оширяпман, деб фахр билан фаоллик кўрсатгани менинг ҳам эътиборимни тортди.

Ўзбекистон ва Литва давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик, парламентлараро алоқалар ривожланаётгани халқларимиз манфаатларига хизмат қилади. Ўйлайманки, келгусида таълим ва санъат йўналишларида, бизнес соҳасида ҳамкорлигимиз янада ривожланади ва бунинг учун бизда барча имкониятлар мавжуд.

Қуандиқ ТУРГАНҚУЛОВ, Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси:

— Сайлов кунлари Бухорода бўлиб, сайловолди кампаниясини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлдик. Тайёргарлик жуда юқори даражада ташкил этилган. Бир неч­та сайлов участкаларига бориб, парламент сайловини кузатдик. Сайловчиларнинг овоз бериш жараёнида фаол иштирок этгани қувонарли. Сайловда кўплаб халқаро кузатувчиларнинг қатнашгани мамлакатингизда демократияни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганидан далолатдир.

Сайловчилар учун яратилган қулай шарт-шароит, сайлов участкаларидаги тартиб ва хушмуомалалик жуда маъқул бўлди. Барча овоз берувчилар номзодларнинг дастури, сайловга оид бошқа маълумотлардан етарлича хабардорлиги сайловга юксак даражада тайёргарлик кўрилганининг тасдиғидир.

Мамлакатингизда бўлиб ўтган сайловда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун 15 депутатлик ўрни ажратилгани экологик муаммоларни бартараф этишда илгари сурилаётган улкан ташаббус, деб ўйлайман. Улар келгусида соҳага тегишли ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга, иқтисодий механизмларни ривожлантиришга муносиб улуш қўшади.

Виджай ЖОЛЛИ, «Бхаратия Жаната» партиясининг ташқи алоқалар бўлими ­мувофиқлаштирувчиси (Ҳиндистон):

— Ўзбекистонга биринчи маротаба келишим. Халқларимиз очиқ­кўнгил ва самимийлиги билан бир-бирига жуда яқинлигига гувоҳ бўлдим. Сайлов куни Тошкент шаҳридаги 76-, 81-, 166-сайлов участкаларида бўлиб, яратилган қулайликлар билан танишдик. Биз ҳам ўрганишимиз керак бўлган бир қатор жиҳатларга гувоҳ бўлганимизни айтишни хоҳлардим.

Ўзбекистон Республикасининг сайловга оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлари билан танишиб чиқдим. Марказий сайлов комиссиясининг ваколати кенгайгани соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга хизмат қилса, ғолиб партия Бош вазир номзодини кўрсатиши демократик тамойилларга жуда мос. Мазкур қонуний ҳужжатлар ва унга киритилган ўзгартишлар сайловни янада очиқ ва ошкора ўтказишда қўл келади, деб ишонаман. Зеро, бу ўзгартишлар инсонларнинг эркин фикр юритишига ва уларнинг манфаатларини таъминлашга йўналтирилгани билан янада аҳамиятлидир.

Карлис КАМРАДЗИС, Латвия Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ­ўринбосари:

— Мен Самарқанд вилояти ва пойтахтингиздаги бир неча сайлов участкаларида сайлов жараёнини кузатиш имконига эга бўлдим. Сайлов участкалари фаолиятидаги профессионалликка, замонавийлик ва миллийлик хусусиятларининг уйғунлаштирилганига, сайловчиларнинг Ватан олдида ўз фуқаролик бурчини тўла-тўкис адо этишга бўлган фаоллигига ҳавасим келди. Бу Ўзбекистонда мустақиллик йилларида демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш, сайлов тизимини ислоҳ этиш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ўзига хос натижасидир.

Ўзбекистонда парламентга Экологик ҳаракатдан депутатлар сайлаш дунё миқёсидаги ўзига хос, ноёб тажрибалардан бири бўлиб, ўтган даврда бу ташаббус ўз натижаларини яққол намоён этаётир. Яъни, эколог депутатлар янги қабул қилинаётган қонунларда экологик ҳуқуқ механизмларини такомиллаштириш ва бу йўналишдаги қонунчиликнинг ижро самарадорлигини мустаҳкамлаш юзасидан самарали фаолият олиб бормоқда. Бу ишлар тобора глобал тус олаётган, инсон ҳаёти ва саломатлигига жиддий таҳдид туғдираётган экологик муаммоларнинг ечимини топиш, келажак авлодларга соғлом муҳит, мусаффо табиат мерос қилиб қолдиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётир.

 

ЎзА



DB query error.
Please try later.