25.12.2014

МАҚСАД — ҚИШ МАВСУМИНИ КЎНГИЛДАГИДЕК ЎТКАЗИШ

Қор-қировли, изғиринли кунларда турмушимизни электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув ёки иситиш тармоқлари хизматисиз тасаввур этиб бўлмайди. Президентимизнинг «Республика иқтисодиёти тармоқларини 2014-2015 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳа раҳбарлари, ходимлари зиммасига катта масъулият юклаш билан биргаликда улар амалга ошириши лозим бўлган ишларни янада ойдинлаштириб берди.

Самарқанд вилояти «Марказгазтаъминот» унитар корхонаси директори Файзиддин Бойжигитов билан суҳбатимиз истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида бўлди.

— Вилоят газ тизимини 2014-2015 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида «Ўзтрансгаз» акциядорлик компаниясининг «2014 йил манзилли дастури»га асосан 11,6 километр газ қувурини капитал таъмирлаш, 8,3 километр газ қувурини реконструкция қилиш, 9943 газ тақсимлаш пунктларини тафтишдан ўтказиш, 1363 километр газ қувурларини босим остида зичликка синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш, 239 километр ер ости газ қувурларининг ҳолатини прибор усули билан текшириш, 166,6 километр газ қувурини бўяш, 268407 дудбурунларни текшириш режалаштирилган эди. Бу ишларнинг барчаси ниҳоясига етказилди.

— Қиш фаслида газ таъминотини яхшилаш борасида қўшимча равишда қандай ишлар амалга оширилаяпти?

— Соҳа ходимларининг асосий мақсади, албатта, қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш, аҳоли талаб-эҳтиёжлари асосида ишлашга қаратилган. Биз Самар­қанд шаҳрида мавжуд ҳолатни ўрганган ҳолда Самар­қанд туманидаги «Чордара» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 1,8 километр Д-530 мм газ қувурини кўчириб, Самарқанд шаҳри Спитамен шоҳ кўчаси ҳудудидан ўтказдик. Айни пайтда мазкур иншоот бўйича қурилиш ишлари ниҳоясига етказилди. Шаҳарнинг Сартепа ҳудудида табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида Д-159 ммли ўрта босимли 2,4 километр узунликдаги янги газ қувури тортилиб, фойдаланишга топширилди. Кимёгарлар қўрғонида эса 1,1 километрлик газ қувури реконструкция қилинди. Шунингдек, Пастдарғом тумани марказида 1,4 километр узунликдаги ер ости газ қувурини ер усти газ қувурига алмаштириш режалаштирилди. Айни пайтда бу ерда қурилиш ишлари якунланмоқда.

— Баъзан газ қувурларига шикаст етади ёки ҳавонинг ўта совиб кетиши уларнинг техник ҳолатига таъсир кўрсатади. Бундай ҳолатларда қандай чоралар кўрилади?

— Қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида шаҳар, тумангаз филиалларида Авария диспетчерлик хизматлари доимий ишлаб турибди. Инженер-техник ходимлардан иборат гуруҳнинг туну кун нав­батчилиги ташкил этилган. Бу хизматлар авария тиклаш техникалари ва ускуналари билан таъминланди. Жумладан, икки турдаги 63 та электр пайвандлаш аппарати, 18 та махсус жиҳозланган мотороллерлар харид қилинди.

— Қиш мавсумида вилоятнинг табиий газ етказиб бериш имкониятлари чекланган ҳудудларига суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— Табиий газ танқислиги вужудга келиши мумкин бўлган хонадонлар аниқланиб, уларга суюлтирилган газ етказиб берилиши йўлга қўйилди. Ана шу мақсадда ҳозиргача бундай манзиллардаги аҳоли 86619 дона маиший газ баллонлари билан таъминланди. Суюлтирилган газ етказиб берувчи «MAN» русумли 5 та махсус автомашина харид қилинди, яна бешта автомашина олишга шартнома тузилди. Бундан ташқари, 41 та «Isuzu» русумли автомашина ҳам сотиб олинди. Истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб беришдаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида суюлтирилган газни сақлаш ва баллонларга қуйиш бўйича Пай­ариқ, Ургут ва Пахтачи туманларида газ тўлдириш пунктлари қурилиши якунланди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Абдурасул САТТОРОВ

суҳбатлашди.

 



DB query error.
Please try later.