23.12.2014

ХАЛҚАРО КУЗАТУВЧИЛАР

юртимизда демократик ислоҳотлар тобора чуқурлашиб бораётганини эътироф этишди

Мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар барча ҳудудларда уюшқоқлик ва катта кўтаринкилик билан, очиқ ва ошкоралик принципларига амал қилинган ҳолда ўтказилди. Сайловда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Осиё, Европа, Африка, Америка ва МДҲ давлатларидан кузатувчилар иштирок этди. Мухбирларимиз уларнинг айримлари билан мулоқотда бўлди.

Франциялик халқаро кузатувчи Пьер Эммануэль Дьюпон:

— Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сайлов жараёнини янада демократлаштириш, уни умум­эътироф этилган демократик принципларга мувофиқ равишда ўтказиш бўйича ҳу­қуқий кафолатларни кучайтиришга хизмат қилади, деб бемалол айтишим мумкин. Бунга сайловни кузатиб яққол амин бўлдим. Сурхондарё вилоятидаги 70-Термиз сайлов округи ва қатор сайлов участкаларида бўлиб, сайловчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдим. Айниқса, барча сайлов участкалари овоз беришни юқори даражада ўтказиш учун тайёр ҳолга келтирилгани, зарур жиҳозлар, хусусан, алоқа воситалари, компьютер ва ҳуқуқий адабиётлар билан таъминлангани менга жуда маъқул бўлди. Фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқларини амалга оширишларига хизмат қиладиган бу каби имкониятлар алоҳида эътирофга лойиқ. 

Ҳиндистонлик халқаро кузатувчи Правда Ратхор:

— Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар изчил ва босқичма-бос­қич амалга оширилмоқда. Масалан, дaвлaт ҳокимияти вaкиллик ор­гaнлaригa сaй­ловлaр фaқaт кўп­пaр­тия­вийлик aсосидa ўткaзилиши давлат ҳокимиятини демократик талаблар орқали шакллантириш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва ҳуқуқий нормаларга тўлиқ мос келади. 

Ўзбекистонда сиёсий пар­тияларнинг кучли рақобат асосида сайловолди тарғиботини юксак савияда олиб борганини фуқаролар фаоллигидан ҳам билса бўлади. Чунки сайлов участкаларида ёшу қари бирдек овоз беришга шошилаётгани халқингизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксаклигидан, сиё­сий жараёнларга бефарқ эмаслигидан дарак беради. 

Шу ўринда алоҳида таъкидламоқчиманки, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий ташкилотчи экани қонун билан мустаҳкамлаб қўйилгани менга маъқул бўлди. Бу сайлов жараёнига ҳеч кимнинг, авваламбор, марказ ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг аралашишга ҳақи йўқлигини кафолатлаш билан бирга сайловни эркин, очиқ ва ошкора ўтказишда муҳим аҳамиятга эга.

Бизга берилган ҳуқуқ ва ваколатдан фойдаланиб, сайлов жараёнини кузатиш мақсадида Сурхондарёдаги ўзимиз истаган участкаларга бордик. Ҳамма жойда сайловлар кўн­гилдагидек ўтаётганига амин бўлдим.

Айни кунларда Сурхондарё воҳасида 2 миллион 300 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган бу йилги сайловларда 1,5 миллион нафардан ортиқ фуқаро ўзи ишонган номзодларга овоз берди.

Приллер Экҳард, Германияда сайловларни ташкил этиш бўйича мутахассис, халқаро кузатувчи:

— Сайлов участкаларида бўлганимда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар плакатлари бир жойдан ўрин олгани, номзод ҳақидаги матн­ларнинг бир хил рангда бўлгани ­дастлаб мени ажаблантирди. Сайловни ўтказишга масъулларга бу ҳақда савол билан мурожаат этдим. Билдимки, мамлакатингизда сайлов жараёнларида барча сиёсий партия­ларга бир хилда шароит яратилар экан. Сайловчилар сони, биринчи бор овоз берувчилар билан ҳам  қизиқдим. Барча саволларимга батафсил жавоб олдим.

Ўзбекистонда сайловларнинг демократик тамойиллар ва сайлов қонунчилиги асосида ўтказилаётганига, сайлов жараёнида ўзбек халқига хос уюшқоқлик, тартиб-интизом, маданият ҳамда бошқа миллий фазилатлар акс этиб турганига гувоҳ бўлдим.

Хамид Ҳафиз ал-Абдулла, Қувайт университети профессори, халқаро кузатувчи:

 — Бир неча сайлов участкаларида бўлдим. Уларнинг барчасида сайловнинг очиқлик ва ошкоралик, демократик принциплар асосида ўтиши учун имкониятлар етарли ­даражада. Менга, айниқса, Оналар ва болалар хонаси, тиббиёт хонасининг ташкил этилгани маъқул тушди. Масалан, Самарқанд давлат чет тиллар институти биносида жойлашган 60-сайлов участкасида оналари овоз бераётган болаларнинг қўғирчоқ ўйнаб ўтирганини кўрдим. Ўзбек халқининг болажонлигига яна бир бор амин бўлдим.

Бир неча участкаларда сайлов мутасаддилари билан суҳбатлашдим. Барчасининг қарашлари, фикр­лари теран. Ўйлайманки, сайловчилар ўзлари учун энг керакли, Ватан, халқ манфаатини чуқур ҳис этадиган номзодлар учун овоз беришади.

Муҳаммад Салом, «Ал-Масая» газетаси бош муҳаррири (Миср), халқаро кузатувчи:

— Мен журналист сифатида Ўзбекистон ҳақида, мустақиллик йилларида Президент Ислом ­Каримов раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида кўплаб мақолалар ёзиб, ўзбек халқи эришаётган беқиёс ютуқларни Араб дунёсида тарғиб этиб келаман. Мамлакатингиздаги олдинги сайловларда ҳам иштирок этганман. Шу боис ўз тажрибамга таянган ҳолда, Ўзбекистон сайлов қонунчилигининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ўзим ишлаётган 100 минг нусхада нашр этиладиган газетада ҳам яқинда мақола чоп этдим.

Кузатишимча, Самарқанддаги барча сайлов участкаларида овоз бериш ошкоралик ва демократия тамойиллари асосида ўтмоқда. Қувончлиси, сайловчилар фаол. Қайси участкада бўлмайин овоз беришга келаётганларнинг юзларида табассум кўрдим. Демак, сайлов — Ўзбекистон халқи учун катта байрам.

Сиёсий партиялар, улардан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг халқ хоҳиш-иродасини амалда рўёбга чиқаришига шубҳа йўқ. Бунинг учун Ўзбекистонда барча имкониятлар, шарт-шароитлар муҳайё этилган. Сиёсий партиялар, хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзолари билан бўлган суҳбатлар менинг шундай хулоса келишимга асос бўлди.

 

 Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.

 



DB query error.
Please try later.