23.12.2014

МАМЛАКАТИМИЗДА САЙЛОВ ОЧИҚ-ОШКОРА, УМУМЭЪТИРОФ ЭТИЛГАН ДЕМОКРАТИК ТАМОЙИЛЛАР АСОСИДА ЎТДИ

Кеча Марказий сайлов комиссияси халқаро ва хорижий кузатувчилар, мамлакатимиз ҳамда чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказди. Унда сайловнинг якунлари ва дастлабки натижалари эълон қилинди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов атрофлича маълумот берди.

— Давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўтган сайлов мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлидаги янги бир муҳим қадам бўлди, — деди у. — Ўзбекистон ­Республикаси Президенти Ислом ­Каримов томонидан илгари сурилган, Олий Мажлис томонидан 2010 йил ноябрь ойида қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ғояларининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани бунинг асосий кафолати бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Мамлакатимизнинг узоқ муддатга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ҳисобланган мазкур ҳужжатга мувофиқ, юртимизда сайлов тизимини ривожлантириш соҳасида ҳам чуқур демократик ўзгаришлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган сўнгги тузатишларга асосан, Марказий сайлов комиссиясини демократик асосда шакллантириш тизими, унинг асосий фаолият принциплари конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланди. Ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайловларни ташкил этиш учун масъул бўлган сайлов органларининг бутун тизими мус­тақиллигининг кафолатлари кучайтирилди.

Сайлов қонунчилигига фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқини таъминлаш бўйича киритилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар сайловни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, миллий сайлов қонунчилиги ҳамда халқаро демократик стандартларга тўла мос тарзда ўтказиш имконини берди.

Шулар қаторида Концепция асосида давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ва аҳамияти сезиларли даражада оширилгани, давлатимизнинг ички ва таш­қи сиёсатини шакллантириш, амалга оширишда мамлакатимиз олий қонунчилик органининг имкониятлари кенгайтирилгани, айни пайтда ҳукуматнинг парламент олдида, жойлардаги давлат бошқаруви органларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари олдида масъулияти оширилгани алоҳида қайд этилди.

Конституцияга мувофиқ эндиликда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади. Ушбу меъёрнинг жорий этилиши сиёсий партияларнинг мамлакатимиз ҳаётидаги ўрни ва ролини янада юксалтиришда тамомила янги имкониятларни яратиб берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш жараёнининг барча бос­қичларида сиёсий партиялар фракциялари ҳамда депутатлар гуруҳининг роли кучайтирилди. Бугун бирон-бир қонун ҳужжати фракцияларнинг фикр­лари ва таклифларини ҳисобга олмасдан қабул қилинмайди.

Бош Қомусимизда парламент ва жамоатчилик назорати институтлари, уларни амалга ошириш механизмларининг мустаҳкамлангани ҳам давлат ҳокимиятини юксак демократик мезонларга таянган ҳолда модернизация қилишда муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, мамлакатимиз қонунчилигидаги бундай ўзгаришлар қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият фаолиятини янада демократлаштиришга, сиёсий партияларнинг фаоллиги, таъсир кучини оширишга, муҳими, демократик жамиятнинг энг муҳим хусусияти бўлмиш партиялараро рақобатни кучайтиришга замин яратди.

Марказий сайлов комиссияси 2014 йил 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурини қабул қилди. Мазкур дастур изчил амалга оширилгани сайлов қонун талабларига риоя этган ҳолда ўтказилишида муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, сайлов кампанияси жараёнида қонун талаблари ҳамма учун бир хил ва мажбурийлиги ҳақидаги қоидаларга амал қилинди.

Сайлов куни халқимиз Ватанимизнинг эртанги истиқболи, фаровонлиги учун муносиб ҳисса қўша оладиган, давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўзининг вакили сифатида ишонч билдирган номзодларга овоз берди.

Матбуот анжуманида қайд этилдики, бу галги сайловда сайловчиларнинг фаоллиги, фуқаролик масъулияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳот ва ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси янада ошгани яққол намоён бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловда бу йил 18 миллион 400 минг нафар сайловчи иштирок этди. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 89 фоизини ташкил қилади.

8 минг 311 нафар сайловчи қонунга асосан муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 135 сайлов округининг 113 тасида депутатлар сайланган. Жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 47 нафар, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан 17 нафар, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан 28 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партия­сидан 21 нафар депутат сайланган.

Эслатиб ўтамиз, қонунга асосан округ миқёсида овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўп овозини олган, яъни 50 фоиздан ортиқ сайловчи хайрихоҳ бўлган номзод Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланган ҳисобланади.

Марказий сайлов комиссияси раиси берган маълумотга кўра, парламент қуйи палатасига сайлов ўтказувчи 22 округда номзодларнинг биронтаси етарли миқдорда овоз тўплай олмаган. Яъни, мазкур округлардан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат сайланмади.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 45-моддасига биноан, агар сайлов округи бўйича депутатликка икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан биронтаси ҳам сайланмаса, икки ҳафта ичида энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз бериш ўтказилади. Бу ҳолда такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг кўпроқ овозини олган номзод парламент қуйи палатасига сайланган ҳисобланади. Демак, 22 округда сайлов энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича қайтадан ўтказилади.

Матбуот анжуманида, шунингдек, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг конференцияси ҳақида ҳам ахборот берилди. Маълум қилинишича, мамлакатимизнинг ҳар бир маъмурий ҳудуди ҳамда Экоҳаракат Марказий кенгаши Ижроия қўмитасидан иштирок этган делегатлар яширин овоз бериш йўли билан Қонунчилик палатасига мазкур ҳаракатдан 15 нафар депутат сайлаган. Ўзбекистон Экологик ҳаракати олий органи Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар рўйхатини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этган.

Мирзо-Улуғбек Абдусаломов сайлов куни қонунчиликка риоя қилиниши бўйича шикоятлар ва мурожаатлар масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Маълумотга кўра, давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўтказилган сайлов бўйича қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилгани ҳақида хабар ёки маълумотлар келиб тушмаган. Аммо Марказий сайлов комиссиясининг ишонч телефонларига қатор мурожаатлар, таклифлар ҳамда айрим масалаларда эътирозлар бўлган. Уларнинг барчасини қонунда кўрсатилган муддат ва тартибда кўриб чиқиб, ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилгани маълум қилинди.

Шуларга асосланиб, матбуот анжуманида бу йилги сайлов Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, сайлов қонунчилиги ҳамда халқаро демократик тартиб-тамойилларга риоя қилинган ҳолда ўтказилгани қайд этилди.

Сайловнинг очиқ ва ошкора ўтишида халқаро, хорижий ва маҳаллий кузатувчилар фаолияти алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Сайловда Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциа­цияси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотидан, шунингдек, 50 дан ортиқ давлатдан 300 нафардан зиёд кузатувчи иштирок этди. Мамлакатимиздаги сиёсий партияларнинг 70 минг­дан зиёд кузатувчи ва ваколатли вакиллари ҳам бу жараёнда фаол қатнашди.

Юртимиз ва чет эл оммавий ахборот воситаларининг 350 нафарга яқин вакили мамлакатимиздаги сайлов жараёнини кенг ёритиш, унинг тафсилотлари ҳақида тезкор ва таҳлилий ахборот етказиш ишларини изчил давом эттирмоқда.

Марказий сайлов комиссияси ҳозирги вақтда округ сайлов комиссиялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати томонидан тақдим этилган баённомалар ҳамда бошқа ҳужжатларни кўриб чиқмоқда. «Ўзбе­кис­тон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, зарур ҳолларда алоҳида участка сайлов комиссияларининг материаллари Марказий сайлов комиссияси томонидан яна бир бор синчиклаб кўриб чиқилиши мумкин. Шундан сўнг Марказий сайлов комиссияси сайлов якунлари тўғрисида қарор қабул қилади.

Матбуот анжуманида Марказий сайлов комиссияси раиси журна­лист­ларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Сайлов якунлари тўғрисидаги ахборот ва Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг рўйхати сайловдан кейинги 10 кунлик муддатдан, яъни жорий йилнинг 31 декабрь санасидан кечиктирилмасдан Марказий сайлов комиссияси томонидан матбуотда расман эълон қилинади.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.