23.12.2014

Тарихи бой, маънавияти юксак халқнинг келажаги буюк бўлади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказилаётган сайловларни кузатиш учун мамлакатимизга келган халқаро кузатувчилар вилоятларда овоз бериш жараёнларини бевосита кузатмоқда.

Владимир Чуров, Россия Марказий сайлов комиссияси раиси: 

– Бугун Самарқанд вилоятидаги сайлов участкаларида овоз бериш бошланишини кузатиш имкониятига эга бўлдик. Ҳали тонг ёришмаган бўлса-да, бинолар сайловчилар билан гавжум. Одамларнинг кайфияти кўтаринки. Улар сайловда фаол иштирок этиб, ўзлари муносиб деб билган номзодларга овоз бермоқда. Қиш фасли бўлишига қарамай, ҳаво жуда илиқ, ёқимли. Бу ҳам ўзбек халқининг самимийлиги, бағрикенглиги ва меҳмондўстлигини ифода қилгандай туюлди. 

Бир неча кундан буён сайловга тайёргарлик жараёнларини кузатдик ва бугун бу тайёргарликлар самараси намоён бўлмоқда. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкин, сайловларни демократик тамойиллар асосида ўтказиш борасида Ўзбекистонда катта тажриба тўпланган. 

Ахим Коеддерманн, Нью-Йорк университети фалсафа факультети декани (АҚШ): 

– Самарқанддаги бир нечта сайлов участкасида бўлиб, эрталабдан сайлов қутиларида анчагина бюллетенлар ташланганини кўрдим. Бу аҳолининг фаоллигидан далолат. Жараённи ташкил этиш, сайловчилар ва кузатувчилар учун муносиб шароит яратишда қонун талабларига қатъий амал қилинган. Муҳими, овоз беришда ҳар бир сайловчи эркин, бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлмоқда. Участкаларда она ва бола, тиббиёт хоналарининг ташкил этилгани мамлакатингизда инсон саломатлиги энг катта бойлик сифатида қадрланишидан далолат беради. 

Мустақил тараққиёт йўлини танлаб, демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлидан бораётган Ўзбекистонда қисқа вақтда турли соҳаларда эришилган ютуқлар билан бир қаторда замонавий сайлов тизимига ҳавас қилса арзийди. 

Тамара Гузенкова, Россия стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари: 

– Самарқандга илк бор келишим. Бу мафтункор шаҳарга келиб, Ўзбекистон Республикаси парламенти сайловида кузатувчи сифатида иштирок этаётганимдан беҳад мамнун бўлдим. 

Эрта тонгдан Самарқанд чет тиллар институтида жойлашган 60-сайлов участкасида бўлиб билдимки, мамлакатингизда фуқароларнинг сайловда қатнашиши, сайлов ҳуқуқини, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш, қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилишни таъминлаш учун барча шароит ва ҳуқуқий асос яратилган. 

Сергей Лебедев, МДҲ Ижроия қўмита раиси – Ижрочи котиби: 

– Биз, МДҲ ваколати билан 8 мамлакатдан келган 76 кузатувчи 8 декабрдан буён Ўзбекистонда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, сайловларга тайёргарлик ва унинг ўтказилиши жараёнлари билан атрофлича танишдик. Мен Жиззах вилоятидаги бир неча сайлов участкасида бўлиб, сайловлар мамлакат қонунлари ва халқаро меъёрлар асосида ташкил этилгани, бу ерда сайловчилар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этаётганига гувоҳ бўлдим. Барча сайлов округларида номзодлар мавжуд тўртта сиёсий партиядан муқобиллик асосида қўйилгани, участкаларда сайловчилар учун яратилган қулайликлар, тиббиёт, оналар ва болалар хоналари ташкил этилгани менда катта таассурот қолдирди. Бугун ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасини “Жиззахпластекс” корхонаси, янги уй-жойлар, ижтимоий иншоотлар, шаҳар ва қишлоқлар қиёфасида, одамларнинг сайловда мамнунлик билан қатнашаётганларида ҳам кўрдим. Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёти Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ривожланишнинг тўғри ва оқилона йўли танланганига яна бир далилдир. 

Александр Антонов, Россия табиий фанлар академияси академиги, Европа табиатшунослик академиясининг ҳақиқий аъзоси, ЮНЕСКО профессори: 

– Эрта тонгдан сайлов участкасининг бу даражада гавжум бўлиши сайловчиларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллигидан далолат беради. Муҳими, ҳар бир сайловчида мамлакатнинг эртанги кунига дахлдорлик ҳисси сезилиб турибди. Ўзбекистонда парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови кўппартиявийлик асосида ўтаётгани мамлакат демократия йўлидан бораётганидан далолатдир. Сайловларга тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнлари билан танишиб, демократияга хос бўлган ошкоралик, очиқлик нормаларига тўлиқ риоя қилинаётганига ишонч ҳосил қилдим. Мен суҳбатда бўлган сайловчилар турли партиялардан кўрсатилган номзодларга овоз берганларини айтди. Улар дастурлари маъқул келган партияларнинг вакилларига овоз бераётгани Ўзбекистонда парламент сайловининг демократик асосларда ўтаётгани исботидир. 

Эммануэль Дюпюин, Европа прогнозлаштириш ва хавфсизлик институти президенти (Франция): 

– Андижон шаҳридаги бир қатор сайлов участкалари фаолияти билан танишдим. Уларда сайловларга жиддий тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдим. Юртингизда сайловларни ўтказиш тобора такомиллашиб бормоқда, айниқса, техник тайёргарлик ўсиб бораётгани яққол кўринади. Сайловларни демократик тамойиллар асосида ўтказиш бўйича умумэътироф этилган нормаларга амал қилинмоқда. Бунга бугун бўлиб ўтаётган сайлов жараёнларида бевосита иштирок этиб, яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Андижон давлат университетида ташкил этилган 28-сайлов участкасида сайлов жараёни белгиланган меъёрлар асосида ўтмоқда. 

Андижон давлат университетида француз тилини ўқитиш, француз тилида ўқув ва илмий адабиётлар тайёрлаш, чоп этиш борасида ишлар амалга оширилаётгани мени қувонтирди. Айниқса, қурилиш ва бунёдкорлик, ободонлаштириш, ёшларни иш билан таъминлаш каби муҳим йўналишларда олиб борилаётган кенг кўламли ишларни алоҳида эътироф этишни истардим. 

Ефим Киларь, МДҲ Ижроия қўмитаси департаменти директори ўринбосари: 

– Ўзбекистонда миллий анъаналарга асосланган, халқаро меъёр ва нормаларга тўла жавоб берадиган сайлов қонунчилиги шаклланган. Сайловларда сайлов комиссиялари ўз фаолиятини мустақил олиб бораётгани, округ ва участка сайлов комиссиялари қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда шакллантирилгани, сиёсий партияларнинг сайловларда иштирок этиши, сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориши учун тенг шароитлар яратилгани сингари қатор мезонлар аниқ ва қатъий амалга оширилгани таҳсинга сазовор. 

Андижон шаҳридаги 36-, 68-сайлов участкаларидаги сайлов жараёнлари билан танишиб, сайловлар адолатли, халқаро меъёр ва талаблар асосида ўтаётганини кўрдим. 

Фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, сайловларга катта қизиқиш билан жиддий ёндашаётгани ҳавасимни келтирди. Бу Ўзбекистонда аҳоли маънавияти, сиёсий, ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш бўйича Президент Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самараларидир. 

Владимир Филипович, МДҲ кузатувчилари миссияси аъзоси (Беларусь): 

– Қашқадарё вилоятида ҳам сайловга тайёргарлик бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилганига гувоҳ бўлдим. Бунга сайлов участкаларини кузатиш давомида амин бўлдим. Бу борадаги ишлар мамлакатингиз қонунчилиги ва умумэътироф этилган халқаро нормаларга тўла мос келади. Сайлов комиссиялари аъзолари жуда тажрибали мутахассислардан ташкил топган. 

Турли давлатда сайлов турлича ўтади. Ўзбекистонда сайловларнинг кўппартиявийлик асосида ташкил этилиши демократик тамойилларга мос. 

Мамлакатингизда ёшларга оид давлат сиёсатига жиддий эътибор қаратилаётгани бошқалар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ҳамма сайлов участкаларида биринчи марта овоз берадиганларнинг аниқ сони ёзиб қўйилгани уларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. 

Санжай Кумар (Ҳиндистон): 

– Сайлов участкалари ҳамма жойда замонавий жиҳозланган. Овоз берувчилар, комиссия аъзолари, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари учун барча шароит муҳайё қилинган. 

Нукус шаҳридаги 13- ва 14-сайлов участкаларида бўлганимда, сайловчиларнинг фаоллигини кўриб ҳайратга тушдим. Эрта тонгдан одамлар бу ерга келиб, ўз муносабатини билдираётгани демократиянинг ёрқин кўринишидир. Депутатликка номзодлар турли соҳада меҳнат қилаётган кишилар бўлиб, уларнинг ўттиз фоизи хотин-қизлардан иборат экан. Бу давлатнинг хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратишидан дарак беради. 

И.Савицкий номидаги қорақалпоқ давлат музейида сақланаётган дурдона асарлар билан танишдим. Улар менда жуда катта таассурот қолдирди. Тарихи чуқур илдизга эга ва бой, маданияти юксак халқнинг келажаги албатта буюк бўлади. 

Ғ.Ҳасанов, Т.Бекназаров, Ф.Убайдуллаев, Ў.Баротов, А.Ортиқбоев, ЎзА


DB query error.
Please try later.