23.12.2014

Кузатувчилар миссиялари: Ўзбекистонда сайлов юксак ташкилий савияда ўтди

Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги кузатувчилари миссиялари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни кузатиш натижалари бўйича матбуот анжуманлари ўтказилди. 

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари миссияси 19-22 декабрь кунлари парламент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан мониторинг олиб борди. Матбуот анжуманида миссия кузатувчиларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловни кузатиш натижалари бўйича баёнотини миссия раҳбари, ШҲТ Бош котиби ўринбосари Маҳмадшариф Хақдодов ўқиб эшиттирди. 

Ҳужжатда таъкидланишича, “сайлов кампанияси доирасидаги барча тадбирлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига қатъий мувофиқ равишда очиқ ва ошкора ўтди. Сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ва кенг имкониятлар яратилди. Партиялар сайловчилар билан мустақил учрашиш имконига эга бўлди”. 

Овоз бериш ва сайлов якунларини сарҳисоб қилиш жараёнини холис баҳолаш мақсадида миссия Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган участка сайлов комиссияларининг фаолияти билан танишди. Сайлов куни миссия пойтахтимизда, шунингдек, Тошкент вилоятининг шаҳар ва аҳоли пунктларида 2014 йил 21 декабрда овоз бериш учун маҳаллий вақт билан соат 6.00 дан 20.00 гача очиқ бўлган 73 сайлов участкасида бўлди. 

“Таъкидлаш жоизки, сайлов участкаларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги талабларига биноан ташкил этилди. Овоз бериш давомида мамлакат фуқароларининг фаоллиги кузатилди”, – деди кузатувчилар. 

Миссия вакиллари сайлов участкаларининг ёпилишида ҳам иштирок этди. Мазкур жараёнларда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бузилиши ҳолатлари Миссия томонидан аниқланмади. 

Миссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Ўзбекистон томонидан қабул қилинган халқаро мажбуриятларга мувофиқ равишда ўтказилди, деб ҳисоблайди. Миссиянинг фикрича, сайлов очиқ, ошкора ва демократик руҳда ўтди. 

Ислом ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари миссияси ҳам Ўзбекистон парламенти қуйи палатасига сайлов мониторинги бўйича салмоқли ишларни амалга оширди. Матбуот анжуманида миссия раҳбари, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг сиёсий масалалар бўйича департаменти директори Али Аболҳассаний сайловни кузатиш доирасида миссия аъзолари Марказий сайлов комиссиясида учрашувлар ўтказгани, пойтахтимизда жойлашган округ ва участка сайлов комиссиялари фаолияти билан танишгани, сайловчилар билан мулоқотда бўлиб, Бухоро вилоятидаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатганини таъкидлади. 

– Сайлов юксак савияда ташкил этилди, – деди миссия раҳбари. – Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайловга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрган ва бу сайлов давомида ёрқин намоён бўлди. Сайлов миллий қонунчилик талаблари ва халқаро нормаларга мувофиқ адолатли ва демократик руҳда ўтди. Мамлакат фуқароларининг ушбу муҳим сиёсий воқеада фаол иштирок этгани бизни ҳайратлантирди. Биз бориб кўрган ҳар бир сайлов участкасида сайловчилар жуда кўп бўлди. Шуниси диққатга сазоворки, улар орасида сайловда илк бор иштирок этаётган ёшлар ҳам кўп эди. Фуқароларнинг бундай муҳим сиёсий воқеага қизиқиши ва жавобгарлик туйғуси юксалиб бораётганини ҳис этдик. 

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги кузатувчилари миссиясининг матбуот анжуманини миссия раҳбари, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев бошқарди. У Ўзбекистонда эркин ва демократик сайловни таъминлаш учун кўрилган чора-тадбирларга юксак баҳо берди ва мамлакатимизда шаклланган меъёрий-ҳуқуқий база сайловни юксак савияда ўтказиш имконини бериши, шунингдек, сайлов комиссиялари томонидан фуқароларнинг эркин хоҳиш билдириши, овоз бериши ва овозларни санаб чиқиш жараёнининг ошкоралигини таъминлаш учун барча зарур шароит яратилганини қайд этди. 

– Ўзбекистон халқини сайловда фаол иштирок этгани билан табриклайман, – деди миссия раҳбари. – Улар мамлакатда сиёсий институтларнинг ролини ошириш учун ўзининг юксак масъулиятини бу жараёнда фаол иштирок этиши билан намойиш қилди. МДҲ кузатувчилари миссияси номидан сайлов юксак савияда ташкил этилгани ва транспарентлик асосида ўтганидан қониқиш ҳосил қилганимизни билдирмоқчиман. Ушбу сайлов Ўзбекистонда демократияни янада мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилишига ишончимиз комил. 

Сардор Тожиев, ЎзА 


DB query error.
Please try later.