18.12.2014

САЙЛОВОЛДИ ПЛАТФОРМАСИДА

мамлакат ва халқ манфаатлари чуқур ифода этилган партия сиёсий майдонда мустаҳкам ўрин эгаллайди

Бугун мамлакатимизда сиёсий партиялар ўртасида жиддий кураш, сиёсий баҳс-мунозара, тортишув, теледебатлар бўлиб ўтмоқда. Бунда асосий эътибор уларнинг Сайловолди дастурларига қаратилмоқда.

Шу ўринда ҳақли, ўринли савол туғилади. Сиёсий партияларнинг Сайловолди дастури сайловчиларни қанчалик ўзига жалб этмоқда? Бугун халқимиз қандай ғояларни қўллаб-қувватлаяпти?

Сиёсий партия вакилларининг телевидение ва матбуотдаги чиқишларидан шуни англаймизки, баъзи бир партияларнинг Сайлов­олди дастурларида бир-бирини такрорлаш, умумий фикрлар, зўрма-зўраки таклифлар ҳам учрайди. Бу ҳақида нафақат мутахассислар, сиё­сатшунослар, балки оддий одамлар ҳам ўзининг фикрлари, таҳлилий хулосаларини билдирмоқда.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал демократик партияси ўтган Сайловолди дастурида ҳам катта-катта масалаларни баён этган эди. Хўш, кейинчи? Ўтган беш йил давомида «либераллар» бу ваъдага қанчалик амал қилишди?! Ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қандай лойиҳаларни илгари сурди? Бугун сайловчилар орасида «либераллар дастурида кўр­сатилаётган ишлар аслида умумдавлат миқёсида амалга оширилмоқда, агарда мамлакат сиёсий тизимида ушбу партия бўлмаган тақдирда ҳам бу ислоҳотлар давом этар эди-ку», деган фикр-мулоҳазалар туғилмоқда.

Отабек МУТАЛОВ, Зангиота туманидаги «Master Delikatesov» масъулияти чекланган жамияти бош директори, ЎзХДП аъзоси:

— Партиямизнинг Сайлов­олди дастурида илгари сурилаётган ғоялар амалга оширишса бўладиган, ҳаётий таклифлардир. Тадбиркор сифатида ЎзЛиДеПнинг фаолиятини ­доимий равишда кузатиб бораман, Сайловолди дастури билан ҳам танишиб чиқдим. Бироқ, тадбиркор ёки фермернинг оғи­рини енгил қиладиган ўзига хос аниқ таклифлар жуда камлигига эътибор қаратдим. Асосан, ҳозир мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар атрофидаги гаплардан иборат бўлиб қолган.

ЎзЛиДеП Сайловолди платформасида олий ўқув юртларининг мустақиллигини (ташкилий, институционал ва молиявий мухториятини) таъминлаш борасида зарур чора-тадбирларни кўриш, олий ўқув юртларининг тижорат асосида пуллик таълим хизматлар кўрсатиши бўйича ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш ҳисобидан уларни давлат томонидан молиялаштиришни босқичма-босқич камайтириш масаласини илгари сурмоқда.

Бизнинг фикримизча, бу мутлақо асоссиз ғоя. Очиғини айт­ганда, келгуси беш йилда олий таълимни хусусийлаштириш билан боғлиқ масалани узил-кесил ҳал этиб бўлмайди. Ажабланарлиси, либераллар дастурида бу масалани қандай ҳал этилиши борасида асосли фикр ҳам билдирилмайди.

Маълумки, Сайловолди дас­турида илгари сурилаётган таклиф асосли бўлиши, одамлар манфаатига қаратилиши, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаши лозим. Мисол учун, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида кам таъминланган оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш, истеъдодли йигит-қизларни олий таълим муассасаларида бепул ўқитиш таклифи билдирилган. Бу таклиф қанчалик тўғри, асосли экани, депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида ўз тасдиғини топмоқда.

Бир ёқлама ва умумий қа­рашларга «Адолат» СДП Сайловолди дастурида ҳам кенг ўрин берилган. Хусусан, унда қишлоқ ҳудудларини ижтимоий ободонлаштириш, йўл инфратузилмасини, айниқса, маҳаллалар ичидаги кўчаларни таъмирлаш ва реконс­трукция қи­лиш, янги ижтимоий объектлар қуриш бўйича ишларни «давом эттириш» ҳақида сўз боради. Шунингдек, қишлоқ қиёфасини бутунлай янгилаш ва қайта қу­риш, уй-жой қуриш, ижтимоий ва коммунал объектларни бунёд этиш, қишлоқ жойларда коммуникацияни ривожлантириш, қишлоқ аҳлининг турмуш даражаси ва маданиятини оширишни илгари суради.

Бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқ ҳудудларида давлат дас­тури асосида намунавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қурилаётгани ҳаммага маълум. Бу борада «Адолат СДП яна нима қилмоқчи эканини тушуниш қийин. Ёки улар шу «таклиф»ни айтиш орқали давлат томонидан амалга оширилаётган ишларга шерик бўл­моқ­чими? Агар улар ўз Сайлов­олди дастурида умумий гаплардан қочиб, намунавий уй-жойлар қурилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, уйларнинг сифатли қурилиши ва ўз вақтида топширилишини таъминлашга қаратилган режаларини таклиф этганида мақсадга мувофиқ бўларди, деб ўйлаймиз. 

Рўзибек ТЎРАЕВ, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари:

«Адолат» СДП дастурида  ижтимоий ҳаётни янада демократлаштириш, аҳолини давлат органлари, биринчи навбатда маҳаллий ҳокимликлар фаолия­ти борасида маълумотлар билан кенг таъминлаш, бошқарувда ошкоралик, очиқлик ва ҳисобот бериб бориш, давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жалб этиш илгари сурилган.

Сайловчи бу жумлаларни ўқиб, ҳайрон бўлиши табиий, албатта. Чунки, жорий йилда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши тўғридан тўғри мана шу мақсадларга қаратилган. Бу ҳолат «Адолат СДПнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлардан ортда қолаётганини кўрсатмайдими?.. Бизнинг назаримизда, улар ўз дастурларида мазкур қонуннинг самарали ишлашини таъминлаш, унинг ҳар бир нормаси сўзсиз ижро этилишига эришиш, бу борада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратса, фойдали бўларди.

Сиёсий партиялар Сайлов­олди дастурларини кузатиб туриб, «Миллий тикланиш» демократик партияси дастурида белгиланган айрим вазифалар ҳам кишини таажжубга солади.

Мисол учун, партия Ўзбекис­тон халқининг миллий анъа­на ва урф-одатларини ўзида акс эттирган, унга хос бўлган мурувват, кечиримлилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар суд амалиётига жорий этилишини устувор вазифалардан, деб билиши алоҳида таъкидланган.

Бизнинг фикримизча, суд жараёнларида бундай ёндашув қандай оқибатларга олиб келишини чуқурроқ ўйлаб кўриш керак. Суд қонунга асосан ўз ҳукми ёки қарорини чиқаради. Суд мутлақо мустақил бўлиб, аниқ далил ва кўрсатмаларга асосланар экан, юқо­ридаги таклиф унинг ана шу тамойилларига салбий таъсир қилмайдими!? Шу боис бу масалада шошма-шошарлик, бирёқлама фикрлаш тўғри эмас, назаримизда. Ҳар йили Конс­титу­циямиз қабул қилинган кун арафасида эълон қилинадиган амнистияда инсонпарварлик ва бағрикенглик кўрсатиб келинмоқда. Бу масалада асосли таклиф айтилса, бошқа масала эди.

Фарида ЖЎРАБЕКОВА, «Мезон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Яна бир мисол. «Миллий тикланиш» ДП Сайловолди дас­турида фуқароларимизнинг серташвиш суд мажлисларига хоҳиш-истагининг йўқлигини инобатга олиб, бу борада маҳалланинг хизматидан фойдаланишни таклиф этмоқда. Қизиқ томони шундаки, бу масала аллақачон ҳал этилган. Бир сўз билан айтганда, ҳозир ҳам маҳалла ана шу вазифаларни бажаряпти, унга ҳеч қандай тўсиқ қўйилмаган. Сайлов­олди дастури сиёсий партия фаолият йўналишини белгилайдиган асосий ҳужжат экан, у кўпроқ аниқ мақсад, амалий ишларга йў­налтирилса, электорат манфаатларига кўпроқ хизмат қилган бўларди...

Ривожланган демократик давлатлар тажрибасидан маълумки, сиёсий партиялар қайси ғояни илгари суриши, қайси аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашидан қатъи назар улар амалга ошираётган ишлар, энг аввало, умумхалқ, умумдавлат манфаатларига хизмат қилиши зарур. Сиёсий пар­тия­лар томонидан таклиф этилаётган йўл эса турлича бўлиши мумкин.

Ҳар томонлама билимли, сиёсий жараёнларни яхши тушунадиган, мамлакатимизнинг тараққиёт стратегиясини тасаввур қила оладиган бугунги сайловчи баландпарвоз гапларга эмас, балки ҳаётий масалаларни кўтараётган сиёсий куч учун овоз беради.      

 

Нурали ОРИПОВ



DB query error.
Please try later.