18.12.2014

САЙЛОВГА ҲАММА НАРСА ТАЙЁР

2014 йил 17 декабрь куни сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Ўзбекистонда аккредитация қилинган дипломатик миссиялар, халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, хорижий кузатувчилар, мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўришнинг боришига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов брифинг иштирокчиларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича қилинган ишлар тўғрисида ахборот берди.

Таъкидланганидек, сайловлар — бу кучли фуқаролик жамияти, демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқ­нинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришининг асосий шаклидир. Фуқаролар ўзларининг сайлаш ва сайланиш конс­титуциявий ҳуқуқини амалга ошириб, жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этади.

Парламент ва жойлардаги давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов сифат жиҳатидан янги ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ша­роит­ларда ўтаётганлиги таъкидланди. Олий Мажлис томонидан 2010 йил ноябрида қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясидан келиб чиққан, шунингдек, 2009 йилги парламент сайловини ўтказиш амалиётини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизнинг Конституциясига ва сайлов қонунчилигига сайлов жараёнини янада демократлаштириш ва либераллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Брифинг иштирокчилари 2014 йил парламент сайловида Ўзбекистоннинг барча тўртта сиёсий партиялари иштирок этаётганлиги ҳақида хабардор қилинди. Бўлажак сайловларда иккинчи маротаба Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари иштирок этмоқда. Уларга парламент қуйи палатасидаги 150 та ўриндан 15 таси ажратилган. 21 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Халқаро бизнес марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов бўйича Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг конференцияси ўтказилади.

Брифингда таъкидланганидек, сайлов кампанияси доирасидаги барча тадбирлар очиқ ва ошкора ҳамда қонунчиликка қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилмоқда. Қонунчилик палатасига сайлов бўйича ўртача 154 минг сайловчи ҳисобига 135 та сайлов округи тузилди. Жами 9035 та, шу жумладан, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 та сайлов участ­каси ташкил этилди. Бугунги кунда барча сайлов участкалари овоз беришни юқори ташкилий даражада ўтказиш учун тўлиқ тайёр ҳолга келтирилди. Сайлов участ­калари барча зарур нарсалар — алоқа воситалари, компьютер ва ташкилий техника, ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланган.

Махсус ажратилган жойларда яширин овоз бериш учун кабиналар жиҳозланган, сайлов қутилари ўрнатилган. Участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчиларнинг тўлиқ рўй­хатлари тузилди. Улар 20 миллион 895 минг 572 нафарни ташкил этади.

Айрим сайловчилар саломатлигига кўра ёки бошқа сабаблар бўйича овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, уларнинг илтимосига мувофиқ участка сайлов комиссиялари овоз беришни улар турган жойда ташкил этади. Муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг 11 декабрида бошланган ва 19 декабрида тугайди.

Жорий йилнинг 15 ноябридан бошлаб сайлов кампаниясининг муҳим босқичи — сайловолди ташвиқоти давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар, депутатликка номзодларга сайловолди дастурлари, мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий риожлантириш бўйича долзарб масалалар юзасидан уларда баён этилган позицияларни сайловчиларга етказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда кенг ва тенг имкониятлар яратилган.

Брифингда алоҳида таъкидлаб ўтилганидек, сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралиги кузатувчилар институти орқали таъминланмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ЕХҲТ Демократик инс­титутлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва МДҲ кузатувчилар миссиялари ўз фаолиятини амалга оширмоқда. Яқин кунларда уларга яна учта халқаро ташкилот — Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва ­Ислом ҳамкорлик ташкилотидан кузатувчилар миссиялари келиб қўшилади. Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси томонидан Осиё, Европа, Африка, Америка, шунингдек, МДҲ давлатларидан жами 300 нафарга яқин кузатувчи рўйхатга олинган. Бундан ташқари, округ сайлов комиссиялари томонидан сиёсий партияларнинг 70 мингдан зиёд кузатувчиси ва ваколатли вакилларига тегишли мандатлар берилди.

Ўзбекистонда сайлов жараёнини кенг ёритишда мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситаларининг 340 нафардан зиёд аккредитациядан ўтган вакили иштирок этмоқда. Уларни барча зарур ахборот материаллари билан таъминлаш учун 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази фаолият кўрсатмоқда. Шунга ўхшаш матбуот марказлари вилоят сайлов комиссиялари ҳузурида ҳам тузилган. Уларда мунтазам равишда брифинглар, матбуот анжуманлари, семинарлар ўтказилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказида 21 декабрь соат 13.00, 17.00 ва 22.00 да овоз бериш жараёни ҳақида брифинглар ўтказади, кейинги кунда эса сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинади.

 

2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказининг расмий ахбороти асосида тайёрланди.




DB query error.
Please try later.