18.12.2014

ЁШЛАР КЕЛАЖАГИНИ ЎЙЛАБ

илгари сурилган ғояларни қўллаб-қувватланг!

Фарзандингиз коллежни тамомлади. Энди унинг қўлида мутахассислигини тасдиқловчи ҳужжат бор. Хўш, у қаерга ишга боради, иш жойи аниқми?..

Бу савол фақат ота-онани эмас, балки ҳар биримизни, давлат ва жамиятни ўйлантиради, албатта. Шунинг учун ҳам битирувчиларни ўз ихтисослиги бўйича ишга жойлаштириш масаласига тобора катта эътибор қаратилмоқда. Буни ҳозир яратилаётган иш ўринларининг ярмидан кўпи айнан битирувчилар учун мўлжалланаётгани ҳам кўрсатиб турибди. Шунингдек, барча вазирлик, маҳаллий ҳокимликлар, таълим муассасалари ҳамда корхона-ташкилотлар раҳбарлари зиммасига бу борада аниқ вазифалар қўйилаяпти. Мақсадёшлар эътиборсиз қолмасин, турли идораларнинг эшигини тақиллатиб, иш қидириб сарсон юрмасин, ўзига бўлган ишонч ва масъулиятни йўқотмасин.

ЎзХДП бу йўналишда қатор таклифларни илгари суриб келмоқда. Партиянинг навбатдаги Сайловолди дастурида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, партия ҳар бир туман ва шаҳар миқёсида коллеж битирувчиларининг мутахассислиги бўйича бандлигини таъминлашга қаратилган аниқ режаларни ишлаб чиқиш ва амалда ижро этиш борасидаги масъулиятни ошириш керак, деб ҳисоблайди.

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси, 122-Ғузор сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

Ҳар йили мамлакатимизда ярим миллионга яқин йигит-қиз касб-ҳунар коллежларини тамомлайди. Уларни иш билан таъминлаш кечиктириб бўлмайдиган долзарб масаладир. Бу бевосита ЎзХДП дастурий мақсадларига ҳамоҳанг вазифа бўлгани боис, партия Сайловолди дас­турида бунга жиддий эътибор қаратилди

Коллеж битирувчилари банд­лигини таъминлаш кўп жиҳатдан корхона-ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятига боғлиқ. Шунинг учун улар бу борадаги мажбуриятларини тўлиқ бажаришини доимий назорат қилиш, уч томонлама шартнома асосида ишга қабул қилиниб, сўнгра бўшатиб юборилган ёшлар тўғрисидаги маълумотларни меҳнат органларига тақдим этиш механизмини амалиётга самарали татбиқ этиш керак, деб ҳисоблаймиз. Бу борада Меҳнат кодексига киритилган ўзгартишга амал қилиш кўникмасини изчил шакллантириш зарур.

Кўплаб ёшларимизда тадбиркорликка қизиқиш ва қобилият бор, лекин иш бошлаш учун маблағ керак. Шундай пайтда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватласак, эртага кўплаб ҳар томонлама иш жойлари очилишига имкон яратган бўламиз. Ёшлар якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун уларга имтиёзли микрокредитлар бериш ишларини такомиллаштириш, ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишдаги мавжуд тўловларни бекор қилиш орқали уларнинг бандлигини таъминлашни рағбатлантириш зарур.

Айтиш жоизки, аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашга кўмаклашиш борасида партиямизда катта тажриба бор. Масалан, ҳар йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ташаббуси билан аҳоли бандлигини таъминлаш масаласида парламент эшитуви ўтказилмоқда, фракция аъзолари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари жойларда коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш юзасидан кўрилаётган чораларни назорат-таҳлил тартибида ўрганишмоқда. Зарур пайтда масалалар сессия ва ­доимий комиссиялар муҳокамасига киритилмоқда. Бундан ке­йин ҳам мазкур йўналишдаги ишларни кучайтириш ва самарасини ошириш партиямиз учун энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолаверади.

Фарҳод УМАРОВ, Бухоро вилоят ҳокимлиги Молия бошқармаси бошлиғи, 24-Ибн Сино сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласи биринчи нав­батда ёшларга сифатли таълим ва касб-ҳунар ўргатишдан бошланиши зарур. Ҳар бир корхона ва ташкилотга чуқур билим ва ўз соҳаси бўйича малакага эга бўлган кадр керак. Бундай ходим, ўзига юклатилган вазифани кўнгилдагидек бажаради. Шунинг учун биз сифатли таълим бериш ва касб-ҳунар ўрганишнинг барча учун тенг, адолатли ва ижтимоий жиҳатдан мақбул тизимини янада такомиллаштириш тарафдоримиз. Бунинг учун, аввало, касб-ҳунар коллежларида ўқитиш сифатини ошириш, соҳага етук мутахассис педагогларни жалб қилиш керакБундан ташқари, касб-ҳунар коллежларини ихтисослигига қараб барча зарур техника, касб-ҳунар ўрганиш учун керакли асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминлаш лозим. Шунда касб-ҳунар ўрганаётган ўқувчи ўз мутахассислигини пухта эгаллайди, эртага ишга жойлашганда корхона ва ташкилотда соҳаси бўйича ҳар қандай техника ва ускунадан бемалол фойдаланади.

Бундан ташқари, биз ҳудудларнинг демографик хусусиятлари, аҳоли сонининг ортиши ва бош­қа омилларни ҳисобга олган ҳолда, таълим муассасалари фаолиятини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Ҳудудларда қайси мутахассисга талаб бўлаётгани таҳлил этилиб, билим юрти йўналишлари шунга қараб белгиланса, бу битирувчилар ўз касби бўйича ишга жойлашишини кафолатлайди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ёшларни иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари ташкил этиш партиямиз фаолиятида доим устувор масала бўлиб келган. Сайловолди дастуримизда бу борадаги ишларни янада кучайтириш, янги босқичга олиб чиқиш бўйича муҳим ғоялар илгари сурилди. Депутатликка номзодларимиз уларни амалга оширишга қатъий бел боғлаган. Шунинг учун сайловчиларни ёшларимиз келажаги йўлида ЎзХДП ғояларини қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.