18.12.2014

БАНДЛИК ДАСТУРИ ОРТИДА ҲАР ДОИМ ОДАМЛАР ТАҚДИРИ ТУРАДИ

Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда устувор аҳамиятга эга. Шунинг учун Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини қабул қилиш, унинг бажарилишини назорат қилиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятининг муҳим йўналиши бўлиб келмоқда.

Маълумки, мазкур Дастур 2009 йилдан бери ҳукумат ло­йиҳаси асосида парламент томонидан қабул қилинмоқда, 2010 йилдан бошлаб ҳар йили унинг ижроси юзасидан парламент эшитуви ўтказилиб, дастурни янада такомиллаштириш, иш ўринларининг барқарорлик кафолатини мустаҳкамлаш бў­йича чоралар белгиланяпти.

Хўш, ўтган вақт мобайнида бу тадбирлар ҳаётда қандай самара берди? Мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш жараёнларини такомиллаштириш йўлида қандай натижаларга эришилди? Шу ва бошқа саволлар билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек ­Вафоевга мурожаат қилдик.

— Аввало, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича самарали тизим яратилганини ва у тобора такомиллашиб бораётганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Ҳар қандай ҳужжат қонун билан, халқаро ҳуқуқий меъёрлар билан асосланган бўлиши керак. Дастурни ишлаб чиқиб, қабул қилишда шу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дастур «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига, аҳоли бандлиги соҳасидаги давлатимиз сиёсатининг асосий тамойиллари ва халқаро стан­дарт­ларга мувофиқ ишлаб чиқилмоқда.

Масалан, Халқаро меҳнат ташкилоти дунё мамлакатларига иш ўринлари ташкил этиш ва бандликни таъминлаш масалалари бўйича бир қанча тавсиялар берган эди. Улар, хусусан, меҳнат бозорида фаол ­сиёсат олиб бориш, меҳнатга бўлган талабни ошириш, тўғридан-тўғри янги иш ўринлари ташкил этиш ва амалда мавжуд бўлганларини сақлаб қо­лиш, ёшларни ишга жойлаштириш, уларни касбга тайёрлаш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этишни такомиллаштириш, ишламайдиган ёшлар учун ижтимоий ҳимоя ва меҳнат кафолатларини таъминлаш, меҳнат мигрантлари бандлигига кўмаклашиш борасидаги тавсиялардан иборат бўлди. 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ишлаб чиқиб, қабул қилишда бу масалаларга алоҳида эътибор берилди.

Ўтган йиллар мобайнида нафақат Дастур ижросини таъминлаш, шу билан бирга, уни йилдан-йилга такомиллаштириб бориш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Дастур бажарилишини доимий назорат қилиш, унинг амалга оширилишида юзага келаётган камчиликларни вақтида бартараф этиш, имконияти яратилди. Дас­турни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш жараёнларида парламент қуйи палатасидаги ҳар бир ­сиёсий партия фракцияси ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳининг таклиф ва фикрлари инобатга олинмоқда. Экс­пертлар, турли соҳа мутахассислари Дастур ишлаб чиқиш чоғида фаол иштирок этмоқда. Албатта, бу жараёнлар ўз самарасини бериб келмоқда.

Хусусан, 2012 йилдан Дастурнинг кўрсаткичлари миллий меҳнат бозоридаги эҳтиёж ҳамда ишчи кучига бўлган талаб ва таклиф асосида  шакллантирилмоқда. Бунда демографик омиллар, аҳоли миграцияси, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришдаги устувор йўналишлар ҳисобга олиняпти. Ваҳоланки, 2010-2011 йиллардаги Дастурларда фақат унинг аввалги йилдаги ижроси ва келгуси йилга мўлжалланган ташкилий тадбирлар кўрсатилар эди. 2012 йилдан бошлаб парламентга унинг яхлит концепцияси тақдим этилди. 2013 йилдан унда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар ҳам назарда тутилмоқда. Келгуси йил учун эса меҳнат мигрантлари бандлигини таъминлаш бўйича махсус чоралар қўшилди. Буларнинг барчаси Дастурнинг йилдан-йилга такомиллашишига хизмат қилмоқда.

Дастур парламент томонидан қабул қилинаётган экан, демак унинг ижросини таъминлаш бўйича парламент назоратини амалга ошириш долзарб вазифа ҳисобланади. Бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталсангиз?

Парламент эшитувига тайёргарлик кўриш доирасида йил давомида Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталари томонидан Дастур ижроси бориши тизимли асосда ўрганиб борилмоқда. Бу жараёнда, айниқса, касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ихтисосликларига мувофиқ ишга жойлаштириш ҳолатини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Биргина Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси жойларга чиқиб, Дастур бажарилишининг бориши бўйича 10 га яқин назорат-таҳлил тадбирлари ўтказди. Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 4 марта тегишли ахбороти эшитилди. 2011 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг коллежлар битирувчиларини ихтисосликларига мувофиқ иш билан таъминлашга доир чора-тадбирлар амалга оширилишининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти тингланди.

Мазкур тадбирлар, шунинг­дек, Дастур бажарилишини назорат қилиш якунлари юзасидан Қонунчилик палатаси томонидан Ҳукумат олдига муҳим тавсия ҳамда вазифалар қўйилди. Ўз навбатида, уларни амалга ошириш учун Ҳукумат томонидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, 2011 йилда битирувчилар, коллежлар ва корхоналар ўртасида уч томонлама шартнома тузиш амалиёти жорий этилди. Фақат 2011 йилда шундай шартномалар асосида 390 минг нафардан зиёд битирувчи ишга жойлашди. 2012 йилдан бошлаб Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Дастур ижросининг бориши ҳақида ҳар чоракда ахборот ва зарур материалларни Қонунчилик палатасига тақдим этиб келмоқда.

— Парламентнинг назорат-таҳлил тадбирлари нафақат Дастурнинг ижросини ўрганиш, балки иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини ҳамда тегишли қонун ҳужжатларини чуқур таҳлил қилиш, уларни замон талабига мослаб такомиллаштириш имконини беради. Бу борада қандай хулосалар чиқарилди, қанақа амалий натижаларга эришилди?

Иш ўринлари ташкил этилиши ва аҳоли бандлигини таъминлаш анча мураккаб жараён. У билан боғлиқ масалаларни битта дастур қабул қилиш билан комплекс тарзда қамраб олиб ҳал қилиш қийин. Шунинг учун парламентнинг назорат-таҳлил тадбирларида аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ қонунлар, меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимли равишда таҳлил қилиняпти. Натижада айрим қонунлардаги меъёрларни бандлик соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларига мувофиқ ҳолда такомиллаштириш, баъзи муносабатларни меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар орқали мустаҳкамлаш зарурати сезиляпти. Таҳлилий хулосалар асосида бу борада таклифлар тайёрланмоқда.

2013 йилда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига, чунончи, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунга, Меҳнат кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга таълим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш, банд­лик бўйича мунтазам мониторинг олиб бориш масалалари юзасидан киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар бунинг амалий натижаси бўлди, дейиш мумкин. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, мазкур қонун ҳужжатларига киритилган айрим ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Халқ демократик пар­тия­си фракцияси ташаббуси билан Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган эди.

Мамлакатимизда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими, шунингдек, бандликни таъминлаш ташкилий чора-тадбирларининг норматив-ҳуқуқий базаси такомиллаштирилмоқда. Хусусан, 2012 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини иш билан таъминлашга кўмаклашиш назарда тутилди.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини бош­қаришнинг самарали тизимини янада ривожлантириш, таълим жараёнида ижтимоий шерикликни кучайтириш мақсадида Касб-ҳунар коллежининг васийлик кенгаши тўғрисида намунавий низом, шунингдек, услубий таъминотни янада яхшилаш мақсадида Ҳукуматнинг «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ахборот-услубий таъминот хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида 40 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат инвентариза­циядан ўтказилди.

— Президентимиз Конс­титуциямиз қабул қилинганининг 22 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги маърузасида замонавий ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этиш иқтисодиётни юксалтиришда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади. Бу масала мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш жараёнларини такомиллаштиришда ҳам катта аҳамиятга эга...

Албатта, бу жуда долзарб масала. Айниқса, бандлик дастури ижросини мониторинг қилишда, одамлар иш топиши учун тезкор ва қулай шароит яратишда замонавий ахборот-коммуникация тизимлари муҳим ўрин тутади.

Рақамлар кўрсатмоқдаки, Дас­турнинг иқтисодий асослари йилдан-йилга такомиллашиб боряпти. Унинг ҳудудлар, соҳа ва тармоқларни ривожлантириш дастурлари билан боғлиқлиги мустаҳкамланмоқда. Яъни, яратилаётган иш ўринларининг ишончлилик даражаси, одамларнинг барқарор ишга жойлашиш кафолати мустаҳкамланяпти. Бундай шароитда иш жойлари ташкил этилгани ёки бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларнинг аҳамияти ниҳоятда ортади. Қолаверса, иш таклиф этиш бўйича фуқаролар, хусусий секторнинг имкониятлари ўсмоқда. Демак, иш қидирувчилар ва иш берувчилар ўртасида ошкора ва қулай хабардорлик муҳитини яратишга зарурат юқори. Бу Дастурнинг ижроси ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиш, керакли хулоса чиқариш имконини ҳам оширади.

Шунинг учун бу борада, айтиш мумкинки, тизимли ишлар бошланган. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, унинг ҳудудий органлари фаолиятига иш қидиришнинг замонавий, қулай ахборот дастурлари жорий этилмоқда. Вазирликнинг www.mexnat.uz, www.labor.uz расмий сайтлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали http:/my.gov.uz орқали иш қидираётган фуқароларга кўмаклашилмоқда. Вазирлик мутахассислари томонидан «Bestdoc», «Newjob», «Protez», «Marbo» каби бир нечта ички ва ташқи фойдаланиш тизимлари ишлаб чиқилган.

2013 йилдан буён ташкил этилган иш ўринларини ҳисобга олиш ва мониторингини юритиш тўғрисидаги низом ҳамда ташкил этилган иш ўринлари тўғрисидаги тезкор маълумотлар ва давлат статистика ҳисоботларини мувофиқлаштириш, шунингдек, уларнинг ишончлилигини танлаб ўрганишга доир низом ахборотларнинг очиқлигини таъминлашда долзарб аҳамиятга эга бўлмоқда.

Бу йил ушбу йўналиш бўйича Қонунчилик палатаси томонидан ўтказилган таҳлилий ишларни алоҳида таъкидлаш керак, деб ўйлайман. Ахборот-коммуникация технологияларининг бандлик соҳасига жорий этилиши илғор хорижий тажрибага таянган ҳолда, вазирликлар, идоралар, касб-ҳунар коллежларининг веб-сайтлари, дас­турий маҳсулотлар мисолида таҳлил қилинди. Ютуқлар билан бирга, ишга солинмаган имкониятлар, айрим муаммолар борлиги кўринди. Улар бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, жорий йил бандлик дастурини қабул қилиш жараёнида ҳукумат аъзоларига маълум қилинди.

Бугунги кунда қонунчилигимизда бизнесни ривожлантириш учун катта имкониятлар яратилмоқда. Микрофирма ва кичик корхоналар ҳамда фермер хўжаликлари учун солиқ юки йилдан-йилга камаймоқда. Касб-ҳунар коллежини тугатиб, ўз ишини энди бошлаган тадбиркор ёшларимизга қатор имтиёзлар бериляпти. Буларнинг барчаси янги ва бар­қарор иш ўринлари ташкил этилишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун қонунчилигимиздаги янгиликлар, яратилаётган имконият ва қулайликлар тўғрисида фуқароларга кенг тушунтириш беришимиз керак. Бу борада парламентимиз фао­лиятида ҳали тўлиқ ишга солинмаган имкониятлар, айрим муаммолар борлигини тан олишимиз, уларни бартараф этишимиз лозим. Ушбу йўналиш ҳар доим парламент фаолиятининг муҳим йўналиши бўлиб қолади, деб ўйлайман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тўлқин ТЎРАХОНОВ

суҳбатлашди.




DB query error.
Please try later.