18.12.2014

СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ

адолат ўрнатишнинг муҳим воситасидир

Одил судловни таъминловчи судлар ва бош­қа ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан чиқарилаётган ҳукм ва қарорлар ҳар жиҳатдан холис бўлишида суд экспертизаси муҳим аҳамиятга эга. Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда суд экспертизаси хулосасига таянилади. Бу соҳа дахлсизлигини таъминловчи меъёрлар бугунги кунда халқаро талабларга тўла жавоб беради. Суд экспертизаси билан боғлиқ тамо­йиллар бундан тўрт йил олдин Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солиниб келинмоқда.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжат суд экспертизаси фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Қонунда суд-экспертиза фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, инсон ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилиши, суд экспертининг мустақиллиги, суд эксперт текширишларининг холислиги, ҳар томонламалиги ва тўлиқлиги билан  алоҳида ўрин тутади.

Суд-экспертлик фаолияти қатор йўналишлар бўйича олиб борилади. Масалан, суд иқтисодий экспертизасига турли иқтисодий жиноятлар бўйича етказилган моддий зарар ва қонун бузилишлари аниқланмоқда. Суд иқтисодий экспертизаси бўлими экспертлари томонидан ўтказилган иқтисодий тадқиқотлар асосида жиноят механизми холисона очиб берилаяпти.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулайманова номидаги Республика суд экспертиза Марказининг суд-иқтисодий экспертизаси бўлими экспертлари томонидан, суд-бухгалтерия, молия-кредит, меҳнат иқтисодиёти, суд режа-иқтисодий ва суд иқтисодий статистик турлари бўйича тадқиқотлар ўтказилиб, тегишли хулосалар бериб келинмоқда.

Мазкур экспертизаларнинг предмети ва объектлари тўғрисида қисқача тўхталиб ўтмоқ лозим.

Пул маблағларини, товар-моддий бойликларнинг мавжудлиги ёки йўқлиги ҳақидаги далилий маълумотларни, бухгалтерия ҳисобини олиб бориш, назоратини ташкил этиш қоидаларини бузиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида бухгалтерия ҳужжатларидаги маълумотларни ўрганиш суд-бухгалтерия экспертизасининг предметини ташкил қилади.

Молия-кредит опе­ра­ция­ларини акс эттирувчи ҳужжатларни текшириш орқали аниқланган пул фондларининг шаклланиши ва сарфланиши, кредитлар тақсимланишининг асосланганлиги, шунингдек, уларни шакллантириш, тақсимлаш ва ишлатиш тартиби бузилганлиги ҳақидаги фактлар молия-кредит экспертизасининг предметини ташкил қилади.

Молия-кредит операция­ларини акс эттирувчи ҳужжатлар молия экспертизасининг объекти ҳисобланади.

Меҳнат ва иш ҳақи иқтисодий кўрсаткичларини белгилаш ва қўллашнинг асослилиги ҳақидаги маълумотларни аниқлаш, уларнинг ҳисоботда тўғри акс этишини, шунингдек, меҳнат ва иш ҳақи бўйича кўрсатгичларни режалаштириш, қўллаш ва ҳисоботни тузишдаги қоидабузишларни аниқлаш мақсадида меҳнат ва иш ҳақи бўйича ҳужжатларни текшириш меҳнат иқтисодиёти экспертизасининг предметидир.  

Шартнома, ишлаб чиқариш фаолиятининг иқтисодий кўрсаткичларини  асосли  режалаштириш,  уларнинг бажарилиши ва ҳисоботда акс этиши, шунингдек, булар ҳақида ҳисобот тайёрлашда қонун бузилишга йўл қўйилган ҳолатлар ҳақида маълумотларни аниқлаш мақсадида ҳисобот ҳужжатларини текшириш суд режали-иқтисодий экспертизанинг предмети ҳисобланади.

Режали-иқтисодий экс­пертиза иқтисодий-статистика экспертизаси билан боғлиқдир.

Иқтисодий статистика қайта ишлаб чиқариш жараёнларини тарифловчи иқтисодий кўрсаткичлар услубияти ва тизимини, иқтисодий кўрсаткичларни тузиш усуллари ва таҳлил қилиш қоидаларини ишлаб чиқади.

Иқтисодий кўрсаткичлар бажарилишининг ҳисобини тузишда статистик услублар тўғри қўлланишини, шунинг­дек, статистик иқтисодий кўрсаткичларнинг ҳақиқийлиги ва солиштирилишини таъминлай олмайдиган статистик ҳисоботни олиб боришдаги камчиликларни аниқлаш иқтисодий-статистик экспертизанинг предметидир.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Республика суд экспертиза Марказининг суд иқтисодий экс­пертиза бўлимига фуқаролик, хўжалик, жиноий ва бош­қа ишлар юзасидан жами 200 га яқин иш келиб тушган бўлиб, улар юзасидан тад­қиқот ўтказилиб, экс­пе­ртларнинг тегишли хулосалари берилган.

Шуни эътироф этиш жоизки, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд фао­лиятида бугунги замонавий технологияларни жорий қилишнинг асосий механизмини ташкил қилган суд экспертизасининг ўта мураккаб жиноятларни очиш, тергов ва судда уларни инкор этиб бўл­майдиган далиллар билан таъминлашдаги нуфузи тобора ортиб бормоқда.

Суд-иқтисодий экспертизасининг муҳим жиҳатларидан яна бири  иқтисодий ахборотни ўзида қамраб олган ҳужжатдаги маълумотлар экс­перт тадқиқотининг объекти бўлганлиги билан белгиланади.

Иқтисодчи экспертнинг ўрганиш жойи сифатида ушбу ахборот турли мантиқий белгилар ва иқтисодий кўрсатгичлар тизими кўринишида намоён бўлади.

Суд экспертизасига келаётган жиноий ишларнинг аксарияти экспертиза тад­қиқотига зарурат бўлган ҳужжатларни ташкил қилади. Уларнинг орасида муаммоли ва мавҳум бўлган жиноят ишлари кўп учрайди. Бундай ҳолатда экспертиза муассасасининг экспертларидан чуқур билим, кўп йиллик ҳаётий тажриба ва малака талаб қилинади. Чунки бундай ишлар устидан  ҳар томонлама  адолатли ҳукм чиқарилишида суд иқтисодий экспертизасининг кенг доирадаги таҳлиллар асосида ёндашилган ҳолда тадқиқотлари ҳамда хулосалари муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

Шу боис бугунги кунда суд-иқтисодий  экспертизаси бўлимида ҳар томонлама малакали ходимлар хизмат қилмоқда. Бўлимга келаётган ҳужжатларга экспертлар синч­ковлик билан олиб борилган тадқиқотлар натижасида берилган хулосалар судлар томонидан одил ҳукм чиқаришда ўз самарасини бермоқда.

 

Муҳиддин САИДОВ,

Республика суд экспертиза маркази Давлат суд эксперти.

 



DB query error.
Please try later.