16.12.2014

САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ СИЁСИЙ ПАРТИЯНИНГ МАҚСАД-МУДДАОСИНИ БЕЛГИЛАЙДИ

Лекин популистик, умумий гаплар, пуч ваъдалар билан ишонч қозониб бўлмайди

Мамлакатимиздаги муҳим сиёсий жараён — вакиллик ҳокимиятига бўладиган сайловларга саноқли кунлар қолмоқда. Ҳозирда фуқароларимиз зиммасида ўз қонуний ҳуқуқларидан фойдаланиб, Ватанимиз келажаги, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, қолаверса, одамларнинг эртанги кунини белгилаб беришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган сайловда муносиб қатнашишдек масъулиятли вазифа турибди.

Президентимиз Конс­титуциямиз қабул қи­лин­ганлигининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бугунги сиёсий жараёнларга тўхталиб, сиёсий партияларнинг етуклик даражаси, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётгани, ҳеч шубҳасиз, ушбу конс­титуциявий ислоҳотларнинг энг муҳим асоси, уларни амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарти ва гаровига айланмоқда, дея алоҳида таъкидлади.

Демак, бугунги сайловчи ҳар бир сиёсий партия­нинг фаолиятига қараб, ундан кўрсатилган номзодларга овоз беради. Бундай пайтда сайловчилар, энг аввало, сиё­сий партия ҳамда унинг номзодларини Сай­лов­олди дастурига эътибор қаратади. Шундан бўлса керак, қайси сиёсий партия вакиллари сайловларда энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлишида сиёсий кучлар томонидан белгилаб олинадиган Сайловолди дастури, яъни, ўз олдиларига қўйган вазифалар мажмуасининг қанчалик ҳаётий ва долзарб эканлиги, халқ, айниқса, электорат манфаатлари қай даражада чуқур ифодалангани муҳим аҳамият касб этади.

Яқинда оммавий ахборот  воситаларида мамлакатимиздаги барча сиёсий пар­тияларнинг яқин беш йилга мўлжаллаган Сай­лов­олди дастури эълон қи­линди. Албатта, уларнинг ҳар бири, энг аввало, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, Ўзбе­кис­тонни жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин олишини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, долзарб масалаларни, эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган.

Бироқ сиёсий партияларнинг Сайловолди дастурларини кўздан кечира туриб, уларда қайд этилган  айрим «вазифалар» сиёсий саводхонлик ва аниқликдан йироқ бўлган, умумий қарашлар ва фикрлардан иборат эканлигини пайқаш қийин эмас. Хусусан, ЎзЛиДеПнинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларга назар ташлайдиган бўлсак, айрим масалаларда бир ёқлама, фақатгина муайян қатлам манфаатлари олға сурилаётганининг гувоҳи бўламиз.

Мисол учун, партия жамият учун хавфи катта бўлмаган ва жиддий оқибатларга олиб келмайдиган айрим иқтисодий жиноятлар бўйича жиноий жавобгарликни либераллаштириш зарур, деб ҳисоблайди. Хусусан, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган, жумладан, муддати ўтиб кетган товарларни сақлагани ва сотгани учун жиноий жавобгарликни декриминаллаштириш, яъни жиноий ҳуқуқбузарликлар таркибидан чиқариб ташлашни таклиф қилаяпти. Шу ўринда ўйлаб кўрайлик. Юқоридаги «таклиф» истеъмолчилар, кенг аҳоли қатламлари манфаатларига қанчалик тўғри келади? Бу аҳолининг соғлиғи, ҳаётига хавф туғдирмайди, уларга моддий ва маънавий зарар келтирмайди, деб ким кафолат беради?! Ҳозирда дунё тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, иқтисодий жиноятларга нисбатан янада қатъийроқ чоралар кўрилаётганининг гувоҳи бўламиз. Чунки бу турдаги жиноятлар бир киши эмас, минглаб инсонларга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етказишини ҳисобга оладиган бўлсак, масаланинг моҳияти янада яққолроқ намоён бўлади.

Қолаверса, муддати ўтиб кетган товарни сотишдан ноҳалол тадбиркорлар фойда кўради, кам таъминланган оилалар, пенсионерлар, жисмоний имконияти чекланган кишилар, бюджетдан даромад олаётган фуқаролар, хуллас, минг-минглаб кишилар зарар кўради. Шунинг учун бу борадаги масалаларда шошма-шошарликка, юзакичиликка берилмасдан, кўпчилик манфаатларини ўйлаб, тадбиркорларнинг масъулиятини янада ошириш чораларини кўриш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биз либерал партиянинг Сайлов­олди дастуридан биргина мисол келтирдик, холос. Лекин синчиклаб қаралганда мазкур партиянинг Сайловолди дастурида қатор мавҳум қарашлар, таги пуч фикрлар, ҳақи­қатдан йироқ таклифларни кўриш мумкин.

«Адолат» СДП партияси эса ўз Сайловолди дастурида «Суд тизимини комплекс ривожлантириш»  масалаларида ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширамиз, деб даъво қилмоқда. Янги таклиф, аниқ фикр айтилмаяпти. Бизнингча, мамлакатимизда бу борада жуда катта ислоҳотлар ўтказилмоқда. Яъни, ­дастлабки тергов ва суриштирув жараёнида фуқароларнинг процессуал ҳуқуқларига риоя этилиши устидан суд назоратини кучайтиришга доир комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Судда жиноий ишларни кўриб чиқишда қонунийлик, адолатни таъминлашнинг ушбу самарали механизмини изчил ривожлантирган ҳолда «Хабеас корпус» институтини қўллаш доираси кенгайтирилди. Қизиқ савол туғилади, «адолатчилар» суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш орқали айнан нима қилмоқчи? Нимани ўзгартирмоқчи?

Партия, шунингдек, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, ҳайвонот олами ва ўсимлик дунёси дахлсизлигини таъминлашга ҳам «бел» боғлаган. Экологик ҳаракатга тааллуқли бўлган муаммоларга аралашиб кетиши эса мазкур партиянинг сиёсий стратегияси мустаҳкам эмаслигини кўрсатмайдими?

Шу билан бирга, «адолатчилар»  ОАВ мустақиллиги ва эркинлигини янада мустаҳкамлаш, олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда уларнинг фаоллигини ошириш масаласини кўтариб чиқмоқда. Ваҳоланки, мамлакатимизда мустақиллик йилларида Оммавий ахборот воситалари, Ахборот эркинликлари принциплари ва кафолатлари, Ахборот олиш кафолатлари ва эркинликлари, Телекоммуникациялар, Журналистлик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида ўнга яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳаётга татбиқ этилган. Уларнинг барчасида оммавий ахборот воситаларининг эркин ва мустақил фаолият юритишининг ҳуқуқий асослари белгилаб берилган. Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида бу борада янги долзарб масалалар илгари сурилган. Хўш, «адолатчилар» бу борада яна айнан қандай янгилик қилишмоқчи? Сайловолди дастури эса умумий гаплардан иборат бўлиб қолмоқда. Ҳукумат томонидан белгиланган Дастур ёки амалга оширилаётган ишлар атрофида ўралашиб қолиш билан жамиятга фойда келтириб бўлмайди.

Сиёсий партия Сайловолди платформасида илгари сураётган масалалар ҳаётга яқин бўлиши ва айнан ўша соҳа ёки тармоқдаги муаммоларга, камчиликларга қаратилиши зарур. Ўшандагина сайловчилар сиё­сий партияга ишонади ва уни қўллаб-қувватлайди.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Кейинги йилларда миллий менталитетимиз, миллий ғоямизга зид бўлган иллатларни тарғиб этиш, ёшларнинг онгини турли зарарли ғоялар билан заҳарлаш, бузғунчи қарашларни тарғиб этишда глобал интернет тармоғининг «ҳиссаси» тобора ошиб бормоқда. Бироқ энг ажабланарли томони — миллий қадриятларни тиклаш, асрий анъаналарни сақлаб қолиш, миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари, деган баландпарвоз қарашларни илгари суришни даъво қиладиган «Миллий тикланиш» демократик партиясининг бу галги Сайловолди платформасида эса интернет хавф­сизлиги масаласида «лом-мим» де­йилмайди. Аксинча, аввалги Сай­лов­­олди дастурида белгилангани каби, ўғил-қизларнинг мафкуравий иммунитетини оширамиз, миллий ғоя руҳида тарбиялашга ҳисса қўшамиз, деган умумий гап-сўзлар билан чекланиб қолинган. Ваҳоланки, миллий ғоямизга, ёшлар маънавиятига таҳдид солаётган бундай хавф-хатар «Миллий тикланиш» демократик партиясини жиддий ташвишга солиши ва бу масала унинг Дастуридан кенг жой олиши лозим эди, деб ўйлаймиз.

Шунингдек, партия ўз дастурида бугун жаҳон жамоатчилигига кундай равшан бўлган интернет тармоғининг миллий сегментини ривожлантириш масаласини ўртага қўяётган бўлса-да, бу йўналишда, яъни одамларни зарарли ахборот таъсиридан ҳимоя қилиш, уларда интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш борасида бирор-бир аниқ таклиф билдирмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин?..

«Миллий тикланиш» ҳам ўз ­дастурини яратишда «Адолат» СДПнинг йўлидан борган кўринади. Мисол учун, партия Сайловолди дастурида нафақат миллий, балки жаҳон мусиқа санъатининг кўпдан-кўп йўналишларини ҳам чуқур ўрганиш ва ютуқларини ўзлаштириш, санъаткор, айниқса, ёш хонанда ва созандаларимизнинг халқ­аро нуфузли танловлар ва фес­тивалларда иштирок этиб, сов­ринли ўринларни қўлга киритишига «эришиш»га урғу бермоқда. Аслида эса мамлакатимизда бу йўналишда давлат дастурлари қабул қилиниб, барча ҳудудларда болалар мусиқа ва санъат мактаблари барпо этилган. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида бугун истеъдодли ёш­ларимиз жаҳон саҳналарида катта ютуқларни қўлга киритмоқда. Мустақиллик йилларида юзлаб Ўзбекис­тон ёшлари нуфузли халқаро танловларнинг ғолиб ва совриндорлари бўлишди. Юртимизнинг ўзида ҳам қатор нуфузли танловлар, фестиваллар ўтказиб келинмоқда.

Хўш, амалда шунча ютуқлар қўлга киритилган экан, «Миллий тикланиш» бу борада қандай ғояни илгари сураяпти? Буни англаш, тушуниш сайловчига бир мунча қийинчилик, ноқулайлик туғдириши мумкин.

Бунинг ўрнига «Миллий тикланиш» ДП ўз Сайловолди платформасида миллиардлаб маблағлар ҳисобидан бунёд этилаётган санъат кошоналарининг самарадорлигини ошириш, чекка ҳудудлардаги маданият муассасаларини малакали кадр­лар билан тўлдириш, узоқ туманлардаги кинотеатрлар фаолиятини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратса, ҳам сайловчи эътиборини қозонган, ҳам жамият манфаатларига хизмат қилган бўлар эди.

Сайловолди дастури партиянинг яқин беш йилга мўлжалланган асосий мақсад-вазифаларини ифода этадиган муҳим ҳужжатдир. Ўз нав­батида, бугунги сайловчи ҳам сиёсий партиянинг Сайловолди платформасини ўқиб, у ҳақда маълум хулосага келади.

Бугун аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий билими, маданияти ошганлиги сиёсий партиялар зиммасига ҳар қачонгидан катта масъулият юкламоқда. Бошқача айтганда, фуқароларнинг сиёсий партияларга талаби ошмоқда. Бундай шароитда одамларни ҳар хил «утопик» ғоялар, популистик, таги пуч ваъдалар билан чалғитиб бўлмайди. Бугун одамлар уларни ўйлантираётган, ташвишга солаётган масалаларнинг реал ечимини кўрсатадиган, оғири енгил, турмуши фаровон бўлишига кўмаклашадиган, энг муҳими, эртанги кунига ишонч билан қарашга ундайдиган фикр ҳамда қарашлар — таклифларнигина тан олади, қўллаб-қувватлайди.

 

Нурали ОРИПОВ

 



DB query error.
Please try later.